Дард ва даво (66): Гуноҳнинг касофати (25) Гуноҳ инсонга душманларини журъатли этади

0

Бўлим

  1. Гуноҳ сабабли илгари бандага яқинлашишга, унга озор беришга журъат қилмаган турли махлуқотлар журъат қила бошлайдилар. Масалан, шайтонлар азият бериш, адаштириш, васваса қилиш, қўрқитиш, ғам-ғуссага ботириш ва ёдда тутса фойда, унутса зиён келтирадиган манфаатларни унуттириш ила гуноҳкор бандага журъат қила бошлашади. Шу тариқа шайтонлар унга журъат этиб, уни гуноҳ ишларга ундай бошлашади.

Инс шайтонлари ҳам унга қўлларидан келгунча хоҳ олдида, хоҳ ортидан азият беришга журъат қиладилар. Аҳли оиласи, хизматкорлари, фарзандлари, қўшнилари, ҳатто онгсиз ҳайвон ҳам унга журъатли бўлиб қолади. Баъзи салаф солиҳларимиз бундай деган экан: “Бир гуноҳ қилсам, унинг касофатини хотиним ва уловимнинг хулқида кўраман”. Агар ҳокимлар адолатли бўлишса, гуноҳга қўл урган бандага гуноҳининг шариатда белгиланган жазосини беришга журъат қилишади. Шунингдек, ўз жони унга журъат эта бошлайди, йиртқич ҳайвондек ундан ҳайиқмай қўяди, уни бошқариши ўта қийин бўлиб қолади. Бир яхши амални қилишни хоҳласа, жони бунга бўйсунмайди, қулоқ осмайди, истайдими, йўқми уни ҳалок қиладиган ишларга етаклайди.

Сабаби, тоат-ибодат Раб таборака ва таолонинг қўрғонидир. Ким унга кирса омонда бўлади. Борди-ю, ушбу қўрғондан чиқса, йўлтўсар ва каллакесарлар унга таб тортмай ҳамла қилишади. Уни ҳеч нарса ҳимоя қилолмайди. Гуноҳининг катта-кичиклигига қараб мазкур офатлар ва махлуқотларнинг унга журъати ҳам ошиб, ё камайиб бораверади.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг зикри, тоат-ибодати, садақа, жоҳил одамга тўғри йўл кўрсатиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш бандадан балоларни даф қиладиган ҳимоядир. У – инсон танасидаги касалликни қайтарадиган куч (иммунитет)га ўхшайди. Агар бу куч (иммунитет) йўқолса, касаллик вируси танани қамраб олади ва натижада ҳалок қилади.

Демак, бандани ҳимоя қиладиган бирон нарса бўлиши керак. Зеро, яхшилик ва ёмонлик сабаблари доимий курашда бўлади. Олдин айтиб ўтганимиздек, қайси бири устун бўлса, шу билан ҳукм қилинади. Яхшилик томони кучайган сари, ҳимоя воситаси ҳам кучаяверади. Аллоҳ таоло мўминларни ҳимоя қилади. Иймон сўз ва амалдан иборат. Ҳимоя кучи иймоннинг кучига боғлиқдир. Аллоҳ таоло иймонимиз кучайишига Ўзи мадад берсин!

Изоҳ қолдиринг