Дард ва даво (67): Гуноҳнинг касофати (26) Гуноҳ энг керакли пайтда бандага панд беради

0

Бўлим

  1. Гуноҳ бандага энг керакли пайтда панд беради. Маълумки, ҳар бир инсон ўзига дунё ва охиратда фойда ва зарар берадиган нарсаларни билишга муҳтождир. Бу нарсаларни батафсил ва энг яхши биладиган энг кучли ва энг доно инсон ўз нафсига ва иродасига устун келиб, улар иккисини фойдали ишларга қўллаган, зарарли ишлардан тийган инсон ҳисобланади.

Бу борада одамларнинг билими, ҳиммати ва мартабалари бир биридан фарқ қилади. Уларнинг энг билимлиси ҳақиқий саодат ва бахтсизлик сабабларини яхши билгани, энг тўғри йўлдагиси эса охиратни дунёдан устун қўйгани, энг эси пасти эса, шу ишларнинг тескарисини қилганидир.

Банда ушбу илмга эришишга, шарафли, олий ва доимий улушни арзимас, паст, бир кун битадиган улушдан устун қўйишга ўта муҳтож бўлган пайтда гуноҳ унга панд беради. Гуноҳлар бу нарсаларни мукаммал билишдан, ҳар икки диёрда (дунё ва охиратда) ўзи учун фойдали ва афзал саналган ишлар билан шуғулланишдан бандани тўсади.

Агар банда бирон қийинчиликка тушиб қолиб, ундан қутулишга муҳтож бўлса, қалби, нафси ва тана аъзолари унга хиёнат қилади. У худди занглаб кетган қиличи бор кишига ўхшайди. Қилич қинида туравериб, ичида қотиб қолган. Бир пайт уни ўлдиришга отланган душмани унга рўбару келади. Қўлини қиличининг сопига қўйиб, уни қинидан чиқармоқчи бўлади. Бироқ уни чиқара олмайди. Оқибатда, душмани унга ҳужум қилиб, уни мағлуб қилади.

Қалб ҳам гуноҳлар сабабли занглайди, (гуноҳ ортидан келадиган) касалликлар натижасида мадори қурийди. Банда душманга қарши курашмоқчи бўлганда қалбида бирон нарса тополмай қолади. Маълумки, банда қалби билан курашади, ҳамла қилади, ташланади. Тана аъзолари қалбга тобедир. Агар аъзолар подшоҳи қалбда курашиш учун куч бўлмаса, ҳоли нима кечади деб ўйлайсиз?!

Нафс, яъни “мутмаинна нафс” (хотиржам нафс) ҳам худди шундай, шаҳват ва маъсиятлар касофатидан мадори қуриб, заифлашади. “Аммора нафс” (ёмонликка буюрувчи нафс) эса гуноҳлар сабабли кучаяди ва йиртқичлашиб боради. Аммора нафс кучайгани сари мутмаинна нафс заифлашади. Натижада бошқарув ва ҳукмронлик аммора нафснинг қўлига ўтади. Баъзан мутмаинна нафс қайтиб тирилмайдиган даражада ўлади. Бу ҳолатдаги инсон дунёда ҳам, қабрда ҳам ўлик саналади. Охиратда эса фойдали жони бўлмайди, балки фақат алам-оғриқларни сезишга яроқли ҳаёт билан тирик бўлади.

Айтмоқчи бўлганимиз, гуноҳкор банда бирон қийинчиликка, бало-мусибатга, кулфатга тушиб қолса, қалби, тили, танаси энг фойдали ишларда унга хиёнат қилади. Масалан, қалби Аллоҳга таваккул қилишга, Унинг йўлига қайтишга, (дуо ва ибодат асносида) бор диққатини жамлашга, Унинг ҳузурида ўзини хокисор тутишга, хор олишга интилмайди. Тили Аллоҳни зикр қилишга келмайди, борди-ю, зикр қилса ҳам, қалби бошқа, тили бошқа бўлиб туради. Қалб тилдан узилиб, зикр таъсир қилмай қўяди. Қалб билан тил биргаликда зикр қилинаётган Зот ҳақида ўйламайди. Зикр, ё дуо қилса ҳам беэътибор, юзаки, ғофил қалб зикр қилади. Агар тана аъзоларидан уни ҳимоя қиладиган бирон тоат-ибодатни бажаришга ёрдам сўраса, унга бўйсунмайди, қулоқ солмайди.

Буларнинг барчаси гуноҳ ва маъсиятлар касофатидир. Мазкур ҳолатни ҳимоя қиладиган лашкари бор кишига ўхшатиш мумкин. У лашкарини беэътибор, қаровсиз қолдиради, заифлаштиради, улардан хабар олмай қўяди. Сўнг унга душман ҳужум қилган пайтда улардан йўқ кучларини ишга солиб, жон-жаҳдлари билан уни ҳимоя қилишларини истайди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Гуноҳларнинг бундан кўра хатарлироқ, даҳшатлироқ ва аянчлироқ касофати ҳам бор. У ҳам бўлса, банданинг жони бўғзига келганда, Аллоҳ таоло томон риҳлат қилар чоғида қалби ва тили унга панд беради. Кўпинча шаҳодат калимасини айтолмаслиги ҳам мумкин. Жон бераётган одамларнинг шу ҳолатга тушганини кўпчилик кўрган. Ҳатто баъзи инсонларга: “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб айт дейилганда: “Оҳ, оҳ, уни айтолмайман”, деб жавоб қайтарган экан.

Ўлим талвасасида ётган бир инсонга: “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб айт дейишганда: “Шоҳ ва мот, сени ютдим”, дея жон берган экан.

Бошқа бирига: “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб айт дейишганда: “Минжоб ҳаммомига элтувчи йўл қайси?”, дея кўз юмган экан. (Мазкур ҳаммом Минжоб исмли аёлга қарашли бўлгани айтилади)

Яна бирига: “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб айт дейишганда: “Танана-тантанана”, дея ашула айтиб жони узилган экан.

Бошқасига шу сўз айтилганда: “Айтаётган сўзинг менга энди фойда бермайди. Чунки мен бирон гуноҳни қолдирмай қилиб чиқдим”, деб уни айтолмай ўтиб кетган экан.

Яна бошқасига шундай дейилганда: “Бефойда! Аллоҳ учун бир марта намоз ўқимадим”, деб жон таслим этган экан.

Бири эса: “Сен айтаётган сўзга кофир бўлганман”, деб оламдан ўтган экан.

Бошқаси эса: “Ушбу сўзни (лаа илааҳа иллаллоҳни) айтаман десам тилим айланмай қоляпти”, деган экан.

Бир тиланчининг жон берар чоғига гувоҳ бўлган кишининг менга айтиб беришича, тиланчи: “Аллоҳ учун садақа қилинг, Аллоҳ учун садақа”, дея кўз юмган экан.

Бир тижоратчи менга ўзининг яқинларидан бири ҳақида бундай деб айтиб берди: «Унинг жони ҳалқумига келган пайтда атрофдагилар унга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айта бошлашди. У эса: “Бу товар ўта арзон, бу яхши харидор, бу эса фалондай”, деб жони узилди».

Субҳоналлоҳ! Одамлар сон-саноқсиз шундай ибратли воқеаларга гувоҳ бўлишган. Жон бераётган инсон бошидан ўтказадиган, лекин атрофидагилар сезмайдиган кечинмалар бундан минг чандон даҳшатли ва қўрқинчлидир.

Инсон ақли ва куч-қуввати жойида, онг-идроки тўкис бўлатуриб шайтон унинг устидан ҳукмрон бўлса, уни истаган гуноҳ-маъсиятига юргиза олса, қалбини Аллоҳдан тўсиб, тилини Унинг зикридан, аъзоларини эса Унинг тоатидан буриб қўя олса, энди инсоннинг кучи кетган, қалби ва руҳи жон бериш талвасаси билан овора бўлиб турган, шайтон эса фурсатдан фойдаланиб қолиш учун унга қарши барча кучи ва ҳимматини жамлаган, қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр турган пайтда – зеро, бу шайтоннинг охирги умиди – банданинг ҳоли қандай бўлади деб ўйлайсиз? Яъни шайтон энг кучга тўлган, банда энг заиф ҳолатда турган бир пайтда? Бу ҳолатдан (Аллоҳ асрамаса) бирон кимса саломат чиқади деб ўйлайсизми?

Аллоҳ таоло айтади: Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур(Иброҳим, 27).

Аллоҳ қалбини Ўзининг зикридан ғафлатда қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган, қилган амаллари зое кетган банда гўзал хотимага қаердан муваффақ бўлсин? Аллоҳдан узоқ, Уни унутган, ҳавойи нафсига қул ва шаҳватларига асир бўлган қалб, Аллоҳнинг зикридан холи тил, Аллоҳнинг тоатини тарк этиб, маъсиятларга шўнғиган аъзолар билан гўзал хотимага эришиш имконсиздир.

Дарҳақиқат, умри қандай хотима топиши ҳақидаги қўрқув ва хавотир тақводор зотларнинг қаддини букади. Гуноҳкор ва золим кимсалар эса худди умрлари ёмонлик билан якунланмаслиги ҳақида аҳд-паймон олгандек юришади.

Балки сизлар учун Бизнинг зиммамизда: «Шак-шубҳасиз ўзларингиз ҳукм-қарор қилган бор нарса сизларники бўлур», деган то қиёмат кунигача етувчи қасамлар (яъни, Биз томондан берилган аҳд-паймонлар) бордир?! (Эй Муҳаммад), улардан сўранг-чи, қайсилари бунга (яъни, ўзларининг пуч даъволарининг ҳақ эканига) кафил бўла олар эканлар?!” (Қалам, 39-40).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг