Тавҳид ақидаси: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ва эргашиш вожиблиги ҳақида

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш у зотнинг буюрганларини қилиш ва қайтарганларидан тийилишни тақозо этади ва бу «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деган шаҳодатнинг талабидир. Аллоҳ таоло кўп оятларда бизни у зотга итоат қилишга буюрган.

Баъзи оятларда у зотга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш билан ёнма-ён келтирилади. Масалан, Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга итоат қилингиз!» (Нисо, 59).

Бу каби оятлар кўп. Гоҳо алоҳида суратда ҳам буюради:

«Ким пайғамбарга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо, 80).

«Пайғамбарга бўйсунинглар, шояд раҳматга эришсангизлар» (Нур, 56).

Гоҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлган кимсаларга таҳдид оятлари келади. Аллоҳ таоло айтади:

«Пайғамбарнинг амрига хилоф қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур, 63).

Яъни қалбларига куфр, мунофиқлик, бидъат каби фитналар етиши ёки дунёда аламли азоб бўлмиш қатл этилиш, жазоланиш, қамалиш ёки шу каби тезкор уқубатлар етиши мумкин. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ва эргашишни банданинг Аллоҳ муҳаббатига эришишига, гуноҳлари мағфират этилишига сабаб қилди. Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг (эй Пайғамбар): «Агар Аллоҳни яхши кўрсанглар, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон, 31).

Шунингдек, Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ҳидоят, у зотга осий бўлишни залолат деб атади:

«Агар унга бўйсунсангиз, ҳидоят топасизлар» (Нур, 54).

«(Эй Пайғамбар,) улар сизнинг талабингизга жавоб бера олмасалар, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашадилар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмайди» (Қасас, 50).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло у зотда умматлари учун гўзал намуна борлигини хабар берди:

«(Эй мўминлар,) сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб, 21).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ояти карима Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари, амаллари ва барча ҳолатларини намуна қилиб олишда катта асосдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таборака ва таоло «Аҳзоб» кунида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сабру тоқатларини, чидам ва матонатларини, жиҳодларини, Рабби азза ва жалладан кенглик-ёруғлик кутишларини ўрнак ва намуна қилиб олишга буюрди. Қиёмат кунигача у зотга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин».

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ва эргашишни Қуръоннинг қирққа яқин ўрнида таъкидлаган. Инсонларнинг Расулуллоҳга итоат қилиш ва эргашишга эҳтиёжлари емоқ-ичмоққа бўлган эҳтиёжларидан ҳам каттароқдир. Чунки емоқ-ичмоқсиз дунёда ўлим вужудга келади. Расулуллоҳга итоатсизлик ва эргашмаслик билан эса мангу азоб ва бахтсизлик вужудга келади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ибодатларни адо этишда ўзларига эргашишга ва уларни худди у зот адо этаётгандек адо этишга буюрдилар:

«Менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар».[1]

«Мендан ҳаж ибодатларингизни ўрганинглар».[2]

«Ким бизнинг амримиз бўлмаган ишни қилса, у рад қилингандир».[3]

«Ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас».[4]

Ва бошқа ҳадислар борки, уларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буйруқ ҳамда у зотга қарши чиқишдан қайтариқлар келган.

 

[1] Бухорий ривояти.
[2] Муслим ривояти.
[3] Муттафақун алайҳ.
[4] Муттафақун алайҳ.

Изоҳ қолдиринг