Эй иймон келтирганлар (14): Тақво қилиш ва мусулмон ҳолда вафот этишга буйруқ

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан ҳаққи-рост қўрқинг ва фақат мусулмон бўлган ҳолингизда дунёдан ўтинг!” (Оли Имрон, 102).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо ортидан икки улуғ буйруқ келган. Аллоҳнинг фазли марҳамати бўлмаса, банда бу буйруқни кўтара олмасди. Банда Аллоҳга бўлган иймонида содиқ, ният ва амалида холис бўлса, чин дилдан Аллоҳга ёлворса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уни асло ноумид қилмайди, илтижосини қайтармайди, балки уни тўғри йўлга йўллаб қўяди. Бу икки буйруқ Аллоҳга чин тақво қилиш ва Исломда вафот этишдек буюк ишни бажаришга ёрдам беради. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан ҳаққи-рост қўрқинг ва фақат мусулмон бўлган ҳолингизда дунёдан ўтинг!”.

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло ўндан ортиқ оятда мўмин бандаларини тақвога буюрган. Бироқ бу нидодаги “ҳаққи-рост” деган сўзи уламолар ақлини лол қилди, ҳайрон қолдирди. Чунки банда ҳар қанча амал қилмасин, Аллоҳдан қўрққанидан ҳатто эриб ё буғланиб кетсин, барибир Аллоҳ таолодан ҳаққи-рост тақво қилишнинг уддасидан чиқолмайди. “Бўл” деса бўладиган, қиёмат куни ер Унинг чангалида, осмонлар Унинг қўлида йиғилган ҳолда бўладиган, тирилтирадиган ва ўлдирадиган, иззат берадиган ва хор қиладиган, барча нарсага қодир Аллоҳдан қандай қилиб ҳаққи-рост тақво қила олсин?!

Салафи солиҳ  уламолар айтганлар: Аллоҳдан ҳаққи-рост тақво қилиш дегани Аллоҳни доим ёдда тутиш, Уни унутмаслик, тоатида бўлиш, гуноҳ қилмаслик, шукр қилиш, ношукр бўлмасликдир.

Қуйидаги оят Аллоҳдан ҳаққи-рост тақво қилиш ғам-ташвишини бандадан бироз енгиллатади: “Кучингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар” (Тағобун, 16).

Бу оят “Аллоҳдан ҳаққи-рост қўрқинг” деб келган умумий буйруқни хослаб келгандир. Бу енгиллик учун Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Билингки, банда Аллоҳдан ҳаққи-рост тақво қилиш ғамида юрса, Аллоҳни кўп зикр қилса, унутмаса, шукр қилса, ношукр бўлмаса, тоат-ибодатда бардавом бўлса, гуноҳ қилмаса, умрининг ва вақтининг кўпи шу ҳолда ўтса, демак у буюрилган ишни, яъни Аллоҳдан ҳаққи-рост қўрқишни қўлидан келганича, тоқати етганича рўёбга чиқарган бўлади.

Аллоҳ таолодан тақво қилиш имконият доирасида Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан тийилиш билан амалга ошади. Бунинг учун буйруқларни ва уларни қандай амалга оширишни, қайтариқларни ва улардан қандай сақланишни билиш керак бўлади. Бунинг учун илм зарур. Илм Аллоҳ таолони исмлари ва сифатлари билан, қалбда Унинг муҳаббатини ва Ундан қўрқишни пайдо қиладиган даражада чуқур таниш, Унинг буйруқларини ва қайтариқларини билиш, Аллоҳ яхши кўрадиган нарсани яхши кўриш ва ёмон кўрадиган нарсани ёмон кўриш учун У яхши кўрадиган ва ёмон кўрадиган нарсаларни ўқиб-ўрганиш демакдир. Илм билан банда тақвони ҳосил қилади. Тақво билан Аллоҳнинг дўстлигини ва муҳаббатини қозонади. Аллоҳ кимни дўст тутса, у икки дунё саодатига эришибди. Ҳар бир мўминнинг энг олий мақсади ва орзуси ҳам шудир.

Юқорида келтирганларимиз Аллоҳдан ҳаққи-рост қўрқишнинг баёни эди.

Қуйида Аллоҳ таолонинг: “Ва фақат мусулмон бўлган ҳолингизда дунёдан ўтинг!”, сўзини баён қиламиз.

Аллоҳ таоло бизни Ўзидан ҳаққи-рост қўрқишга амр қилгач, ортидан бизни Исломдан бошқа динда, яъни яҳудийлик, насронийлик ва бошқа ботил динларга мансуб ҳолда ўлиб кетишдан қайтарди.

Савол туғилади: Кишининг Исломда вафот этиш ёки бошқа динда ўлиш ихтиёри ўз қўлидами?

Жавоб шуки, банда қалбини ва юзини Аллоҳга тўлиқ таслим этиши зарур. Қалби фақат Аллоҳнинг тоати ва розилигини истасин. Юзини ҳам рағбат ва қўрқув билан фақат Аллоҳ азза ва жалла томон бурсин ва бир умр шу ҳолда давом этсин. Шу ҳолда яшаган инсон ўлим келганда ҳам шу ҳолда, яъни Исломда вафот этади. Аллоҳ ва Расулининг итоатида бардавом бўлиш ва шу билан бирга Исломда вафот топиш мақсадида яшаш сўзсиз бандани мусулмон ҳолда дунёдан ўтишига олиб боради. Қандай ҳам бундай бўлмасин, ахир у Аллоҳ уни куфрдан қутқариб, мусулмонликка мушарраф этганидан кейин яна куфрга қайтишни худди оловга улоқтирилишни ёмон кўрганидек ёмон кўради. Кишини бу даражага чин иймонгина олиб чиқади. Чин иймон соҳиби қатл этилиш, осилиш, оловга ташланишга, жасади тилка-пора қилинишига рози бўлади, аммо иймон келтириб, Аллоҳга тоат-ибодатда бўлиб, Унинг розилигига эришгач, яна куфрга қайтишга асло рози бўлмайди.

Эй иймон келтирганлар, буни доим ёдда тутинг, Аллоҳдан тақво қилиш йўлида давом этинг, шунда мусулмон бўлган ҳолингизда дунёдан ўтишни кафолатлаган бўласиз, иншааллоҳ.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг