Бемор дўстимга мактуб (11)

0

Ўлимни орзу қилманг.

Бемор дўстим, сиз икки иш ўртасидасиз. Ё яхши ишлар қиладиган муҳсинсиз, у ҳолда дунёдаги ҳаётингиз сиз учун яхшилик бўлади. Ёки ёмон ишлар қилиб юрувчи фосиқсиз, агар шундай бўлсангиз, унда ҳам ўлимни орзу қилманг. Ҳаёти дунёда қолишингиз сизга яхшилик бўлиши, гуноҳларга тавба қилиб, бой берилган яхши амалларга муваффақ бўлиб қолишингиз мумкин.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Сизлардан бирон киши ўзига етган қийинчилик боис ҳаргиз ўлимни орзу қилмасин. Ўлимни орзу қилишдан бошқа чораси қолмаса: “Парвардигор, ҳаёт мен учун яхши бўлса мени яшатгин, ўлим мен учун яхши бўлса жонимни олгин”, деб айтсин” (Бухорий, 11/150, Муслим, 17/7 ривояти).

“Саҳиҳайн”да келган ҳадисда Қайс ибн Абу Ҳозим деди: “Хаббоб ибн Аратни кўргани бордим, у қорнининг етти еридан куйдириб даволатган экан. Ҳузурига кирганимда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзимизга ўлим сўраб дуо қилишдан қайтармаган бўлганларида, Аллоҳдан жонимни олишини сўраб дуо қилган бўлар эдим”, деб айтганини эшитдим” (Бухорий, 11/150, Муслим, 17/8 ривояти).

Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида келтирган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Биронтангиз ўлимни асло орзу қилмасин. Зеро инсон солиҳ бўлса, умри узайиши билан ажру савоблари ортиши, осий бўлса, тавба қилиб Аллоҳнинг розилигига эришиши мумкин” (Бухорий ривояти, 5673).

Имом Муслим ривоятида эса: “Биронтангиз ўлимни орзу қилмасин, ўлими келмасидан олдин ўлим сўраб дуо қилмасин. Чунки вафот этиши билан номаи аъмоли ёпилади. Мўмин кишининг умри узоқ бўлиши унга фақат яхшиликни зиёда қилади”, деб айтганлар (Муслим ривояти, 2682).

Мўмин киши динида фитнага дучор бўлиб қолишидан қўрқса, шундагина ўлимни орзу қилса бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Эй Раббим, агар бир қавмни имтиҳон қилишни ирода этсанг, мени фитналантирмай жонимни ол” (Муснади Аҳмад, 5/243).

Энди касаллик асносида эҳтиёжингиз тушиши мумкин бўлган айрим фиқҳий масалаларни эслатиб ўтаман, Аллоҳ муваффақ қилсин.

Хаста биродарим, ҳар қандай ҳолатда ҳам намозни ўқимай қўйманг. Туриб ўқишга қодир бўлмасангиз ўтириб ўқинг, ўтириб ўқишга ҳам қодир бўлмасангиз ётиб бўлса ҳам ўқинг.

Имом Бухорий келтирган ҳадисда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолганларида намозни ўтириб ўқидилар”, дейилган (1113).

Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳу деди: Менда бавосир бор эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан намозни қандай ўқишимни сўрадим. У зот: “Тик туриб ўқи, туриб ўқишга қодир бўлмасанг ўтириб ўқи, ўтириб ҳам ўқий олмасанг ёнбошлаб ўқи”, дедилар (Бухорий ривояти, 1117).

Агар катетер (қовуқни бўшатиш, катта ва кичик нажосатни чиқариш учун ишлатиладиган найча) қўлласангиз, найча баданингизга бириктирилган бўлса ҳам зарари йўқ, намозга таъсир қилмайди. Чунки бу заруратдир, сиз қодир бўлган, имкон топган, шароитингиз тақозо қилган ҳолатдир.

Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ бандаларидан тоқатларидан ташқари нарсани талаб қилмайди” (Бақара, 286).

Агар сув билан таҳорат қилишга қодир бўлмасангиз, таяммум қилиб ўқинг.

Таяммумни қуйидагича қиласиз: Қўлингиз билан ерга (тупроққа) бир марта урасиз, сўнг юзингиз ва кафтларингизга суртасиз. Имом Бухорий саҳиҳида келган ҳадисда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан ерга урдилар, сўнг юзлари ва кафтларига суртдилар” (Бухорий ривояти, 343).

Сув ҳам, тупроқ ҳам топа олмасангиз, қўлингиз билан деворга уриб таяммум қилсангиз ҳам бўлади.

Агар сув ҳам, тупроқ ҳам, девор ҳам, таяммум қиладиган бошқа бирон нарса ҳам топа олмасангиз, қандай ҳолатда бўлсангиз ҳам намоз ўқийверинг. Бундай ҳолатдаги одамни уламолар: “Таҳоратга сув, таяммумга тупроқ тополмаган киши”, деб атаганлар. Юқорида ўтган кўринишдаги таяммум кичик таҳоратсиз кишига етарли бўлганидек, жунуб кишига ҳам кифоя қилади.

Меҳрибон Раббимиз беморларга рўза тутмасликка рухсат бериб: “Бемор ва мусофир кишиларга рўза тутмасликка рухсат берилади, бироқ, кейин ўшанча кунлар миқдорича қазосини тутиб берадилар. Аллоҳ ўз қонун-қоидаларида сизларга енгиллик ва қулайликни истайди, У сизларга қийинчилик ва машаққат бўлишини истамайди”, деди (Бақара сураси, 185).

Шу билан бирга, яқинларингизга васият қилиб қўйишни ҳам унутманг. Менинг бу сўзимдан хафа бўлиб юрманг, тағин. Бу дунё фоний, бир кун келиб ҳаммамиз ҳам ўтамиз.

Аллоҳ таоло деди: “Ер юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик, фазлу марҳамат ва саховат эгаси бўлган Раббингизнинг юзигина боқий қолур” (Раҳмон сураси, 28).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Васият қиладиган нарсаси бор бўлган мусулмон киши васияти ёзилмаган ҳолда икки кеча тунаши дуруст эмас”. (Бухорий, 5/35, Муслим, 11/74 ривояти).

Аллоҳни кўп зикр қилинг, хусусан “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини доим айтиб юринг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб: “Ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ) деб айтса ва охирги сўзи шу калима бўлса, жаннатга киради”, деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти, 5/391).

Хаста биродарим, бемор дўстим, сизни Аллоҳга топширдим. Аллоҳ таоло сизни Ўз ҳифзи ҳимоясида  асрасин. Шифои комил ато этсин, офият берсин. Касалликдан сизни хато-камчиликлардан покланган, гуноҳлар мағфират қилинган ва мартабангиз юксалган ҳолда чиқарсин. Ҳаловатини қалбингизда топадиган иймон берсин… Аллоҳумма амин, Аллоҳумма амин, Аллоҳумма амин.

Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Биродарингиз Мустафо ибн Адавий

26 шаъбон, 1440 ҳ. / 1 май, 2019

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг