Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (19)

0

Учинчи баҳс

Солиҳ амал

Ибодат ва солиҳ амал фойдали илмнинг амалий татбиқидир. Ҳар бир  илмдан амални мақсад қилинади. Амалсиз илмнинг ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ.

Имом Ғазолий ўқиган илмига амал қилмайдиган кишини бир касалга ўхшатадики, унинг дардига кучли табибларгина тушунадиган турли гиёҳлардан таёрланган доридан бошқаси кор қилмайди. Бу касал кўп қидириб, ниҳоят табибни ҳам топади. Табиб унга давони тушунтиради. У унинг айтганларини бир варақ қоғозга чиройли қилиб ёзиб олади. Сўнг варақни уйига олиб келиб, унда ёзилган дорининг таркибини такрор-такрор ўқийди. Бошқа касалларга ҳам уни тавсия қилади. Аммо дорини истеъмол қилмайди. Шу иши билан касаллигидан тузалади деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта[1].

Амалсиз илм фойда берганда эди, Аллоҳ таоло аҳли китобларнинг уламоларини ёмонламас эди. Зеро Аллоҳ улар ҳақида бундай деди:

Таврот(га амал қилиш вазифаси) юкланган, сўнгра уни кўтара олмаган (яъни унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли устига китоблар юкланган эшакка ўхшайди” (Жума, 5).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуръон унга амал қилиниши учун нозил қилинган. Одамлар эса уни тиловат қилишни амал қилиб олдилар. Яъни тиловат қилишга чекланиб, Қуръон кўрсатмаларига амал қилишни тарк этдилар”[2].

Саодат ва зафарнинг аломати шуки, кишининг илми нақадар зиёда бўлса, унинг тавозеси ва раҳмдиллиги шу қадар зиёда бўлади. Амали қанча зиёда бўлса, қўрқуви ва парҳезкорлиги шунча ошади. Умри қисқаргани сари ҳирси ҳам қисқариб боради. Мол-дунёси кўпайса, саховати ортади. Қанча обрў-ҳурмати ошса, шунча одамларга яқин бўлиб, уларнинг ҳожатларини ўтайди[3].

Солиҳ амалнинг қабул бўлиш шартлари

Инсоннинг гапираётган гапи ёки қилаётган иши зоҳирда ҳар қанча яхши ва катта бўлмасин, қалби бошқача бўлса, унинг эътибори йўқ.  Мунофиқлар ҳам зоҳирда солиҳ амалларни қилишар эди. Лекин қалбларида ўрнашган иллат сабабли борар жойлари дўзахнинг  қаъри бўлди.

Барча амалимизда ниятни Аллоҳ учун холис қилишимиз зарур.

Амал гарчи зоҳирда солиҳ бўлиб кўринса ҳам, уни фақатгина ғамни кетказиш учун ёки ҳаёт ташвишларидан тасалли топиш учун қилинадиган бўлса, у шариат истаган амал бўлмайди.

Бошқача айтганда, мисол учун бир киши меҳмонни иззат-икром қилсаю, бу ишни шариат буюрган вожиб эканлиги учун эмас, балки хўжакўрсинга ёки хонадон аҳлидан қосирлик кўринмаслиги учун қиладиган бўлса, у ҳам ажрдан маҳрумдир.

Бинобарин, солиҳ амални давомий равишда қилиб юришимиз зарур. Бир муддат амалларимизни Аллоҳ учун холис қилиб, сўнг яна ихлосимиз сусайиши дуруст бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қайси амал Аллоҳга суюклироқ?” деб сўралганда у зот: “Оз бўлса ҳам давомий қилингани”, деб жавоб берганлар.

Имом Нававий бу ҳадис шарҳида айтади: “Ҳадисда амалларни давомий қилишга чорлаш ва оз бўлса ҳам давомли қилинган амал тезда тўхтаб қоладиган кўп амалдан яхшилигига далил бор. Давомий қилинган оз амал тўхтаб қоладиган кўп амалдан афзал бўлишининг ҳикмати шуки, давомийлик билан гарчи оз бўлса ҳам тоат, зикр, ўзни назорат қилиш, Аллоҳ таолога ниятни холис қилиб юзланиш давом этади. Шу билан оз бўлса ҳам давомий қилинадиган амал кўп ва дарҳол тўхтаб қоладиган амалдан самаралироқ бўлади”.

Солиҳа аёл ўзи бошлаган бир яхши амални тўхтатиб қўймайди. Масалан, Қуръони каримни ёд олишни ёки бирон фиқҳий китобни ўқишни ёки тунги намоз, чошгоҳ намози каби нафл ибодатни ёки динга даъват ишини бошлаган бўлса, уни тўхтатмайди ва бошқа ишлар билан ундан чалғимайди. Солиҳ амаллардан қочиш мақсадида баҳоналар ахтармайди, балки ишида жиддийлик билан давом этади.

[1] Имом Ғазолий. “Иҳёу улум ад-дин”, 3/601.

[2] Ибн Жавзий. “Талбис иблис”, 130.

[3] “Ал-фавоид”, 155.

Изоҳ қолдиринг