Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (3)

0

57 – Фарз намозлар вақти киришини кутмаслик жанозада тезлашиш жумласидандир

Фарз намозлар вақтини кутиш сабабли жанозани кечиктирмаслик ҳам ҳадисларда буюрилган тезлашиш жумласидан саналади. Бу ҳукм фарз намоз вақти киришига оз қолмаган, фарз намоз вақти киргунча маййитни ҳозирлаш ва жаноза ўқишга улгуриш мумкин бўлган, жаноза учун етарли одамлар тўпланган ҳолатга тааллуқлидир. Бундай ҳолатда фарз намозни кутмасдан жаноза ўқишга шошилиш афзал ва суннатга мувофиқдир. Талай ҳадислар ҳам шунга далолат қилади. Саховий жанозада шошилишга оид ҳадисларни келтирганидан сўнг бундай дейди: «Макка аҳли бунга эътибор бермайдилар. Кўпинча улар маййитни пешиндан кейин ёки саҳарда тасбеҳ вақтида олиб келишади. Баъзан маййит бу икки вақтдан анча аввал вафот этган бўлади. Уни Каъба эшиги олдига келтириб, то аср ёки бомдод намози вақти киргунча ўша ерда қолдиришади, сўнг жанозасини ўқишади»[1].

Бу борада келган ҳадислардан баъзилари қуйидагилардир:

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжидни бир қора хотин ёки йигит супуриб, тозалаб юрар эди. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни суриштирган эдилар, одамлар: «У ўлди», деб айтишди. У зот: “Менга хабар берсанглар бўлмасмиди?!” дедилар. Саҳобалар уни арзимас санаб, (Расулуллоҳга айтмай қўя қолишган) эди. “Менга унинг қабрини кўрсатинглар”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Қабрни кўрсатишганидан сўнг унга жаноза ўқидилар. Кейин: “Албатта бу қабрлар эгаларини зулмат билан қоплаб олган. Уларга жаноза ўқишим сабабли Аллоҳ азза ва жалла қабрларини нурлантиради”, дедилар»[2].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир кишига Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам у дафн этилганидан бир кеча ўтиб жаноза ўқидилар. У зот асҳоблари билан турганларида: “Бу ким(нинг қабри)?” деб у ҳақда сўраган эдилар, саҳобалар: “Фалончи, кеча тунда дафн этилди”, деб жавоб беришди. Сўнг барчалари унга жаноза ўқидилар»[3].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Нажоший вафот этган куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўлим хабарини бердилар, намозгоҳга чиқдилар, одамларни сафга тургиздилар ва тўрт марта такбир айтдилар (яъни, жаноза ўқидилар)»[4].

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Табук ғазотига чиққан эдик. Бир куни тунда ўрнимдан туриб қарасам, узоқда, лашкаргоҳ четида гулхан шуъласи кўринди. Қизиқиб, унга яқин бордим. Қарасам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умар билан турган эканлар. Абдуллоҳ Зул-бижодайн ал-Музаний вафот этган экан, улар унга қабр ковлабдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр ичида туриб, икковларига: “Биродарингизни менга узатинглар“, дедилар. Улар уни узатдилар. Қабрига қўятуриб: “Эй Аллоҳ, мен ундан розиман, Сен ҳам ундан рози бўлгин“, деб дуо қилдилар». Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Кошки ўша қабр эгаси мен бўлсам эдим», деди[5].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Абу Бакр разияллоҳу анҳу тонг отмай дафн этилгани айтилади[6].

Баззор Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг фазилатлари борасида қуйидагиларни зикр қилади: «У киши бомдод намозидан сўнг то қуёш чиқиб, завол вақти ўтгунча масжидда ўтирар, кейин намоз ўқир эди… Агар бирор бошқа ерда ҳадис эшитмоқчи бўлса, ўша заҳоти ҳамроҳлари билан шошилиб йўл олар эди… Агар йўлда мункар-ёмонликка дуч келса уни кетказар ёки бирор жаноза тўғрисида эшитиб қолса намозга улгуриш учун шошар, улгурмай қолса қаттиқ афсусланар эди. Гоҳида ҳадис эшитиб бўлганидан сўнг маййит қабрига бориб жаноза ўқир, сўнг масжидига қайтиб келар эди. Кейин шу кўйи то пешингача гоҳ одамларга фатво берар, гоҳ уларнинг эҳтиёжларини қондирар, сўнг жамоат билан пешин намозини ўқир, кейин куннинг қолган қисмини ҳам шундай ўтказар эди»[7].

Иордания давлати собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад аш-Шариф айтади: «Бундан 25 йил аввал Қуддусда эканимда ҳурматли олимлардан эшитганман: катта олим, муфассир Абус-Суъуд Байтул Мақдисда муфтий бўлган замон намозга 20 дақиқа қолганда масжидга жаноза олиб келинаётганини кўрса дарров жаноза ўқиб, тезда дафн этишга буюрар, сўнг ўзининг жарангдор овози билан: “Дафнни тезлаштириш, қабрга тупроқ тортиш маййитнинг ҳурматини жойига қўйиш саналади”, дея нидо қилар экан. Мен бу ҳақда Шайх Ҳусом Жоруллоҳ, Шайх Исмоил ал-Ҳофиз, Шайх Амин ал-Уврий раҳимаҳумуллоҳ каби уламолардан эшитганман»[8].

[1] Муҳаммад ибн Абдураҳмон ас-Саховий. «Ал-мақосид ал-ҳасана фи баёни касир минал-аҳодис ал-муштаҳира алал-алсина», 76-бет, 150-масала. Мусаҳҳиҳ: Абдуллоҳ ас-Сиддиқ. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1399-ҳ.й.

[2] Бухорий (458) ва Муслим (71, 956) ривояти.

[3] Бухорий ривояти, 1340.

[4] Бухорий ривояти, 1245.

[5] Ибн Ҳишом «Сийрат»да (4/171) Ибн Исҳоқдан нақл қилган. (Муҳаққиқ: Мустафо ас-Сақо ва бошқалар. «Дор иҳё ат-турос» нашриёти, нашр йили кўрсатилмаган.)

Ибн Ҳажар деди: «Ҳадисни Бағавий тўлиқ суратда ушбу кўринишда ривоят қилган. Ровийлари ишончли кишилар, бироқ санадида узилиш бор. Ҳадис «Сийра Набавийя»да ҳам шундай келтирилган. Ибн Манда ҳадисни қуйидаги санадлар билан келтирди: Саид ибн ас-Султ Аъмашдан, Аъмаш Абу Воилдан, Абу Воил Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилади…; Шунингдек, Кусайр ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Авф отасидан, отаси бобосидан ҳам шу каби ҳадисни ривоят қилган». («Ал-исоба фи тамйиз ас-саҳоба», 4/139. Муҳаққиқ: Одил Абдулмавжуд ва Али Муаввиз. «Ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1415-ҳ.й.)

[6] Бухорий ривояти, 1387.

[7] Ҳофиз Абу Ҳафс Умар ал-Баззор. «Ал-аълом ал-алийя фи маноқиб Шайхулислом Ибн Таймия», 38-39-бетлар. Муҳаққиқ: Салоҳ ал-Мунажжид. «Дор ал-китоб ал-жадид» нашриёти, биринчи нашр, 1396-ҳ.й.

[8] Иорданиянинг «Ҳадй ал-Ислом» журнали, 16-том, 7, 8-сон, 815-бет («Фатволар» рукни).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг