Аёл кишининг жинсий аъзосидан муттасил равишда оқиб турадиган қонга истиҳоза қони дейилади. Истиҳоза қони тўхтовсиз келиб туриши ёки қисқа муддатга тўхтаб яна давом этиши мумкин.
Истиҳоза кўрган аёлнинг ҳолатлари
Биринчи ҳолат: истиҳоза қони кўришдан олдин аёл кишининг маълум кунлар ҳайз кўриш одати бўлиши[1].
Иккинчи ҳолат: истиҳоза қони кўришдан олдин аёл кишининг маълум кунлар ҳайз кўриш одати бўлмаса-да, ҳайз қонини истиҳоза қони каби бошқа қонлардан ажрата олиши.
Учинчи ҳолат: аёл кишининг маълум кунлар ҳайз кўриш одати бўлмаслиги, шунингдек, қон турли сифатларда келгани учун ҳайз қонини истиҳоза қонидан ажрата билмаслиги.
Биринчи ҳолатда аёл киши одатда ҳайз кўрадиган кунларчалик муддатни ҳайз деб ҳисоблаб, қолган кунларда келадиган қонни истиҳоза қони деб ҳисоблайди[2].
Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ушбу ҳадис шунга далил бўлади: «Фотима бинти Абу Ҳубайш деди: «Ё Расулуллоҳ, мендан истиҳоза қони келади, ҳеч тўхтамайди. Шунга намозни тарк этайинми?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ,у (ёрилган) бир томир(дан оққан қон)дир. Бироқ сен одатда ҳайз кўрадиган кунларинг миқдорича намозни тарк қил. Сўнг ғусл қилиб, намоз ўқийвер»[3].
Аёл кишининг одатда ҳайз кўрадиган маълум кунлари бўлмаса, яъни илк қон келиши бошланганидан буён истиҳоза давом этиб келаётган бўлса ва ҳайз қонини истиҳоза қонидан ажратишга қодир бўлса, қоннинг сифатига қараб, ҳайз бўлса ҳайз, истиҳоза бўлса истиҳоза деб ҳисоблайди. Агар қоннинг хусусиятига қараб ажратиш малакаси бўлмаса, учинчи ҳолатга ўтади. Маълумки, ҳайз қони тим қора, ўзига хос ҳидга эга, осонликча қуюлмайдиган қондир. Демак, мазкур сифатларга эга бўлмаган бошқа қонлар истиҳоза қони ҳисобланади. Фотима бинти Абу Ҳубайш разияллоҳу анҳо ҳадисига оид бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бундай дейдилар: «Агар (сен кўрган қон) ҳайз қони бўлса, (аёлларга) маълум бўлган қора рангда бўлади. (Агар шундай бўлса), намоздан тийил. Агар қоннинг рангги қизил бўлса, таҳорат олиб, намоз ўқийвер. У (ёрилган) томир(дан оққан қон), холос»[4].
Маълум одати ҳам бўлмаган, ҳайз қонини бошқа қонлардан ажратишга қодир ҳам бўлмаган аёл киши кўпчилик аёлларнинг одатига кўра иш тутади. Бинобарин, ҳар ой келган қоннинг олти ёки етти кунини ҳайз қони ҳисоблайди. Мазкур кунлар аёл киши қон кўриб бошлаган ойнинг аввалидан бошлаб ҳисобланади ва ойнинг қолган кунлари истиҳоза саналади[5].
Бунга далил Ҳамна бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисдир. Ҳамна деди: «Ё Расулуллоҳ, мендан жуда кўп истиҳоза қони келади. Нима қилишни маслаҳат берасиз?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сенга (қонни тўхтатиш иложини) таъриф этаман: (уни) пахта (билан тўс). Зеро, у қонни кетказади». Ҳамна деди: «(Оқаётган қонни пахта бартараф эта олмайди). У бундан ҳам кўпроқ». «Ундай бўлса, бирон махсус кийим кийиб ол…». Ва ниҳоят ҳадис сўнггида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Бу (яъни тўхтовсиз келаётган қон) шайтоннинг (бандага зарар бериш ва уни динида чалғитиш учун) бир тепкисидир, холос. Шундай экан, Аллоҳнинг (бизларга шариат қилиб берган) илмида олти ёки етти кун ўзингни ҳайз кўрган деб ҳисобла(б намоз, рўза ва шу каби ибодатлардан тийил). Сўнг (олти ёки етти кун ўтгач) ғусл қил. Токи (оқ ранг намликни кўриб) покланганингни, (баданинг) тозаланганини билсанг, у ҳолда (агар олти кун ҳайз ҳисоблаган бўлсанг) йигирма тўрт ёки (агар етти кун ҳайз ҳисоблаган бўлсанг) йигирма уч кеча-кундуз намоз ўқи…»[6].
[1] Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёл киши то ойини, ҳайз кўриш ва ҳайздан кейинги поклик вақтини билмагунча маълум одати бор саналмайди. Аёл кишининг «ойи» деганда бир бор ҳайз кўриб, сўнг то навбатдаги ҳайзга қадар пок юрадиган муддат назарда тутилади». [2] Масалан, аёл киши ойнинг бошида олти кун ҳайз кўрса-ю, сўнг истиҳоза бошланиб, ҳеч тўхтамаса, у ҳолда ойнинг бошидаги олти кунни ҳайз, ойнинг қолган пайтида келган қонни эса истиҳоза қони ҳисоблайди. Қолган барча ойларда ҳам мана шундай ҳисоблаб давом этаверади. [3] Бухорий (228), Муслим (333), Термизий (125), Абу Довуд (298), Насоий (1/181), Ибн Можа (624) ривояти. [4] Ҳасан. Абу Довуд (286), Насоий (1/123), Ҳоким (1/174), Байҳақий (1/325) ривояти. Ҳоким ҳадисни Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (765) ҳасан деган. [5] Бунинг учун энг яқин қариндош аёллари неча кун ҳайз кўришини ўрганади ва ҳар ой шунча кунларни ҳайз, қолган кунларни эса истиҳоза ҳисоблайди. Чунки бу тур аёллар ҳайз қонини бошқа қонлардан ажратолмайдилар. [6] Ҳасан. Абу Довуд (287), Термизий (128), Ибн Можа (627) ривояти. Термизий ҳасан саҳиҳ деган. Албоний «Ал-ирво»да (205) ҳасан деган.