Дард ва даво (68): Гуноҳнинг касофати (27) Гуноҳ қалбни кўр қилади

0

Бўлим

  1. Гуноҳ қалбни кўр қилади. Уни бутунлай кўр қилмаса-да, албатта басиратини хиралаштиради. Ўтган мақолаларимизнинг бирида гуноҳлар қалбни заифлаштиришини баён этган эдик. Агар қалб кўрмай қолса ва заифлашса, қалб онгги қанчалар заифлашганига қараб, ҳидоятни танишдан, уни ўзи ва бошқаларнинг ҳаётига татбиқ этишга бўлган кучидан маҳрум бўлади.

Инсоннинг камолотга етиши икки асосга таянади: ҳақ билан ботил ўртасини ажрата билиш ва ҳақни ботилдан устун қўйиш. Дунё ва охиратда бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабалари ушбу икки ишга қараб ўлчанади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қуйидаги сўзида мазкур икки иш билан пайғамбарларини мақтаган:  “(Эй Муҳаммад), сиз Бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг!” (Сод, 45). “Куч-қувват эгалари”, яъни ҳақни татбиқ этишга куч-қувватли, “Фаҳм-фаросат эгалари”, яъни динни яхши тушунган деганидир. Ушбу оятда Аллоҳ таоло уларни ҳақни мукаммал билиш ва уни тўлиқ татбиқ этиш сифати билан васфлади.

Бу борада одамлар тўрт қисмга бўлинади.

Биринчиси: (оятда айтилган васфга эга зотлар бўлиб,) улар мавжудотларнинг энг шарафлиси, Аллоҳ ҳузуридаги энг ҳурмат-эҳтиромлиси саналади.

Иккинчиси: биринчи қисмнинг акси. На динни тушунадиган ва на ҳақни татбиқ этадиган кимсалар. Одамларнинг кўпчилиги шу қисмга мансубдирлар. Уларни кўриб кўзингга тикан санчилгандек бўлади, тана ҳароратинг кўтарилади, қалбинг касал бўлади. Ундайлар шаҳарларни хароб этишади, нарх-навони кўтаришади, улар билан суҳбатлашиб фақат ор ва шармандаликдан бошқа нарса топмайди инсон.

Учинчиси: ҳақни очиқчасига кўра биладиган ва танийдиган кишилар. Лекин улар ҳақни татбиқ этишга, унга даъват қилишга заифлик қиладилар. Бу заиф мўминнинг ҳолатидир. Албатта кучли мўмин заиф мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир.

Тўртинчиси: кучи, ҳиммати ва қатъияти бўлган, бироқ динни яхши тушунмайдиган (яъни диний билими саёз) кимсалар. Ундайлар ким Раҳмоннинг дўсти-ю, ким шайтоннинг дўсти эканини деярли ажрата олмайди. Кўринган ҳар бир қора нарсани хурмо, ҳар бир оқ нарсани ёғ деб ўйлайди. Яра сабабли шишган ерни ёғ битган, фойдали дорини заҳар деб ҳисоблайди.

 Булар орасида биринчи турдан бошқаси динда пешво бўлишга ярамайди ҳам, унга муносиб ҳам эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар” (Сажда, 24). Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг маълум қилишича, улар сабр ва (Аллоҳга ва охиратга бўлган) қатъий ишончлари сабабли динда пешволик даражасига эришганлар.

Айни дамда мазкур биринчи турга мансуб одамларни Аллоҳ таоло зиён кўрувчилар ичидан истисно қилди. Қуйидаги ояти каримада Аллоҳ таоло дунё ҳаётида зиён кўрувчи ёки ютуққа эришувчилар учун саъй-ҳаракат замони бўлмиш асрга қасам ичар экан, ушбу турга мансуб бўлмаган барча одамлар зиён кўрувчилар эканини уқтиради: “Асрга қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топувчидирлар)” (Аср, 1-3). Аллоҳ таоло бандалари зиён кўрувчилардан бўлиб қолмасликлари учун улардан ҳақни билишлари ва унинг йўлида сабр қилишларини талаб қилибгина қолмай,  балки ҳақни бир-бирларига тавсия қилишлари, унга йўл кўрсатишлари ва рағбатлантиришлари лозимлигини айтиб ўтди.

Биринчи турдан бошқа барча одамлар зиён кўрувчилар ҳисобланса, (гуноҳкор одамлар ҳақида нима дейиш мумкин?!) Маълумки, гуноҳ ва маъсиятлар қалб кўзини кўр қилиб, ҳақни рисоладагидек англамайдиган, қалб кучи ва қатъиятини заифлаштириб, ҳаққа сабр қилолмайдиган этиб қўяди. Гуноҳлар қалбга бирин-кетин ҳужум қилаверади. Охир-оқибат, қалбнинг онг-идроки ҳам, йўналиши ҳам тескари бўлиб қолади. Натижада ботилни ҳақ, ҳақни ботил, яхшини ёмон, ёмонни яхши деб санай бошлайди. Кетаётган тўғри йўлидан бурилиб кетади, Аллоҳ ва охират диёри томон сафаридан қайтиб, ботил йўлдаги нафслар макони томон юра бошлайди. У ҳаёти дунёга рози бўлган, унга кифояланган, Аллоҳдан ва оятларидан ғофил бўлган, У зотга йўлиқишга тайёрланишни унутган нафслар маконидир.

Гуноҳнинг шундан бошқа жазоси бўлмаганда ҳам шунинг ўзи гуноҳни тарк қилишга ва ундан узоқ юришга етарли омил бўларди. Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин!

Гуноҳлардан фарқли ўлароқ, тоат-ибодатлар қалбни нурафшон этади, унга жило беради, сайқаллайди, қувватлантиради, мустаҳкам қилади. Бора-бора жилосида ва софлигида ярқираган ойнага ўхшаб қолади ва нур ила лиммо-лим бўлади. Бундай қалбга яқинлашган шайтон унинг жилосидан худди фаришталарнинг сўзини тинглаш учун осмонга кўтарилганда оловли метеорит ҳужумига учраган жин-шайтонлар кўйига тушади. Шайтон бундай қалбдан шерни кўрган бўридан ҳам қаттиқроқ қўрқади. Бундай қалб эгаси шайтонни ерга ағдариб ташлайди. Ағдарилиб ётган шайтон атрофида бошқа шайтонлар йиғилишиб бир-бирларига: “Бунга нима бўлди?”, деб айтишади. Шунда: “Инсон урибди, инсон чалибди”, дейилади.

Нурга тўла ҳур қалб эгасининг нигоҳи нақадар кучли-я! Нурли бир қараш билан шайтонни куйдириб юборай дейди.

Шундай мунаввар қалб қаёқда-ю, тўрт томонини зулмат қоплаган, турли-туман ҳою-ҳавасга берилган, шайтоннинг ватани ва кулбасига айланган қалб қаёқда?! Иккиси тенг бўлармиди?! Шайтон унинг (зулмат қоплаган қалб эгасининг) чеҳрасини кўрганда: “Дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топмайдиган инсонга жоним фидо”, деб қарши олади.

«Мен дунёда ҳам, маҳшарда ҳам сенга ҳамроҳман. Сен ҳам барча ерда менинг ҳамроҳимсан. Агар бахтсизлик диёрига (дўзахга) тушсанг, иккимиз биргаликда бахтсизлик ва хорликда ҳаёт кечирамиз».

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Раҳмон эслатмасидан (яъни Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса юз ўгирса Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз. Шундай қилиб, у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур. Шак-шубҳасиз, (шайтонлар, кофирларни тўғри) йўлдан тўсурлар, (аммо кофирлар) ўзларини ҳидоят топувчилар, деб ҳисоблайдилар. То қачон Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўзини тўғри йўлдан оздирган шайтонга қараб): «Қани эди мен билан сенинг ўртанг шарқу ғарб ўртасидаги масофа (каби йироқ) бўлса. (Сен) нақадар ёмон ҳамроҳсан», дер. (Эй кофирлар ва уларни тўғри йўлдан оздирган пешволари, ҳаёти дунёда куфр йўлини танлаш билан ўзларингизга) зулм қилганларингиз сабабли бу кун сизларга азобда шерик эканликларингиз ҳаргиз фойда бермас (яъни азоб қаттиқлигидан ҳар бирингиз ўзингиз билан овора бўлиб, шерикларингизга ҳамдардлик билдириб, азобларини енгиллата олмассизлар)!” (Зухруф, 36-39).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мазкур оятда хабар бермоқдаки, ким Унинг эслатмасидан, яъни Пайғамбарига нозил қилган китобидан юз ўгирса, кўр бўлиб олса, уни тушунишдан ва тафаккур қилишдан, Аллоҳ таолонинг ундан кўзда тутган мақсадини билишдан фаҳм-фаросати бош тортса, шу қилмиши учун Аллоҳ таоло унга жазо тарзида бир шайтонни ҳамроҳ қилиб қўяди. Бу шайтон сафарда ҳам, муқимликда ҳам ундан асло ажралмайдиган ҳамроҳи, бирга яшайдиган дўсти бўлади. Ундан кўра ёмонроқ бирга яшайдиган дўст бўлмаса керак.

Сўнг Аллоҳ таоло яна шуни маълум қиладики, шайтон ўз ҳамроҳи ва дўстини Аллоҳга ва жаннатга элтувчи йўлдан тўсади. Адашган ва тўғри йўлдан тўсилган банда ўзини ҳидоятдаман, тўғри йўлдаман деб ўйлайди. Қиёмат куни икки ҳамроҳ учрашганда банда шайтонига бундай дейди: “Кошки, сен билан менинг ўртамиз машриқ билан мағриб ўртасидаги масофачалик узоқ бўлса. Дунёда менга нақадар ёмон ҳамроҳ бўлдинг! Остонамга келган ҳидоятдан адаштирдинг, ҳақдан тўсдинг, йўлдан урдинг, охири ҳалок қилдинг. Бугун нақадар менга ёмон ҳамроҳсан!”.

Маълумки, муайян бир мусибат бир неча одамнинг бошига тушса, мусибатдор шерикларини кўрганда мусибати енгиллашади ва оз бўлсада тасалли топади. Аллоҳ таоло оятнинг давомида бундай туйғу дўзахда, бирга азобланаётганлар ўртасида бўлмаслигини, ҳеч ким ҳамроҳи азобланаётганини кўриб оз бўлсада енгил тортмаслигини, хурсанд бўлмаслигини хабар беради. Гарчи дунёдаги мусибатлар кўпчиликнинг бошига тушса, мусибатдорларнинг овунишига сабаб бўлса ҳам. Хансо вафот этган акаси Сахр тўғрисида бундай дейди:

«Агар атрофимда мендан бошқалар ҳам ака-укаларига йиғлаётганлар кўп бўлмаганида ўзимни ўлдирган бўлардим. Балки улар мен укамга йиғлагандек йиғламаётган бўлиши мумкин. Лекин уларни кўриб сал бўлса-да овунаман».

Аллоҳ таоло дўзах аҳлини бундай роҳатдан (тасалли ва юпанишдан) маҳрум этди.

“(Эй кофирлар ва уларни тўғри йўлдан оздирган пешволари, ҳаёти дунёда куфр йўлини танлаш билан ўзларингизга) зулм қилганларингиз сабабли бу кун сизларга азобда шерик эканликларингиз ҳаргиз фойда бермас (яъни азобни қаттиқлигидан ҳар бирингиз ўзингиз билан овора бўлиб, шерикларингизга ҳамдардлик билдириб, азобларини енгиллата олмассизлар)!” (Зухруф, 36-39).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг