Эй иймон келтирганлар (15): Кофирларни сирдош дўст тутиш ҳаромлиги ва бунинг ёмон таъсири

0

Эй иймон келтирганлар, мўминларни қўйиб кофирларни сирдош дўст тутманглар! Улар сизларни ёмон аҳволга солиш йўлида бор кучларини аяшмайди ва сизларга етган ҳар қандай зарар ва ёмонликдан хурсанд бўлишади. Сизларни ёмон кўришлари оғизларидан чиқаётган сўзларида ошкор бўлди, дилларида яширинган адоват ундан-да кучлироқ ва каттароқдир. Агар ақл юргизсангиз, Биз сизга далил ва ҳужжатларни баён қилдик” (Оли Имрон, 118).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда мўмин бандаларига қилган нидолари остидаги ҳикматни унутмагансиз деб умид қиламан. Зеро бу нидоларда мўминларни ҳар қандай тубанлик ва бахтсизликдан огоҳ этиш бор.

Бу нидода Аллоҳ таоло мўминларга яҳуд, насоро ва мушрик кимсаларни ўзларига дўст қилиб олишни, уларга ичларини очишни, давлат сирларини, хоссатан ҳарбий ва молиявий сирларни ошкор этишни ман қилди. Чунки бундай қилишда мусулмон давлати учун катта хавф-хатар бор. Ҳатто, бу Ислом давлатининг инқирозига ҳам олиб келиши мумкин. Аллоҳ таоло мусулмонларни ва уларнинг давлатини ҳар қандай ёмонликлардан Ўзи сақласин.

Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига диққат қилинг: “Эй иймон келтирганлар, мўминларни қўйиб кофирларни сирдош дўст тутманглар”. Сирдош дўст деб ишларни ичидан биладиган ва махфий сирлардан огоҳ бўлган кишига айтилади. Мўминлардан бошқа деганда кофирлар назарда тутилган, кофир кимсани, аҳли китоб бўладими ё мушрикми, фарқсиз, сирдош дўст қилиб олиш мумкин эмас.

Аллоҳнинг ушбу сўзини бир тааммул қилинг: “У кофирлар сизларни ёмон аҳволга солиш йўлида бор кучларини аяшмайди”. Яъни илм ва маърифат тарқатиш, насиҳат ва йўл-йўриқ кўрсатиш шиори остида ҳар қандай воситалар билан ҳаётингизни бузишга тинмай ҳаракат қиладилар.

Сизларга етган ҳар қандай зарар ва ёмонликдан хурсанд бўлишади”. Улар сизни машаққат ва қийинчиликка солиб қўядиган ҳар қандай ишни яхши кўрадилар. Дунё саодати ва роҳатидан маҳрум қилмоқчи бўладилар. Мусулмонларнинг хор бўлишини, фақир ва қашшоқ бўлиб, уларга қарам  бўлишини хоҳлайдилар.

Сизларни ёмон кўришлари оғизларидан чиқаётган сўзларида ошкор бўлди, дилларида яширинган адоват ундан-да кучлироқ ва каттароқдир”, сўзига эътибор беринг. Ўша кофирлар сизларни фақат мусулмон бўлганингиз учун қаттиқ ёмон кўришлари очиқ-ошкор бўлди. Аллоҳ таоло: “оғизларидан чиқаётган” деди, “тилларидан” демади. Чунки улар сизга гапирсалар, гўё сизга насиҳатгўй ва муаллимдек оғизларини тўлдириб гапирадилар. Ўзларини сизга яхшилик истаётгандек кўрсатадилар. Аммо ҳушёр одам уларнинг адоватини сўзларидан ҳам пайқай олади. Қалбларидаги сизга бўлган буғзу адоватлари эса сўзларида билинганидан бир неча чандон зиёддир.

Агар ақл юргизсангиз, Биз сизга далил ва ҳужжатларни баён қилдик”. Бу сўзларни тааммул қилсак, Раҳмон таоло мўмин бандаларига нақадар кўп неъматлар ёғдирганига гувоҳ бўламиз. Мўминларни қўйиб, кофирларни сирдош дўст тутишдан қайтариш билан биздан ёмонлик ва озорни буриши ва бизни Исломда, ҳидоятда, иззату икромда сақлаши меҳрибон Раббимизнинг бизга ёғдирган неъматидандир. “Сизга баён қилдик” дейиш билан душманларимизнинг бизга қарши яширин ҳийла-найранги, ҳасади ва буғзу адоватини баён қилиб, бизларга бундан халос бўлиш йўлини кўрсатди. Биз ақлимизни юргизсак, Аллоҳнинг бу неъматини англаб етсак, Унга чексиз ҳамду санолар айтган бўлар эдик. Эй мусулмон давлатининг масъул шахслари, буни яхши билиб олинг, бундан юз ўгирманг ва инкор этманг. Зеро бу Ислом давлатини, унинг куч-қудратини ва оламда бардавомлигини сақлаш учун мукаммал ва мустаҳкам ҳимоядир.

Ислом умматига раббоний кўрсатма ва насиҳатни олиб келган мазкур ояти карима маъносига уйғун бўлган бир ҳадиси шарифни келтирмоқчиман. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ”ида келтирган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Аллоҳ бирон пайғамбар юборган бўлса ва ерда бирон подшоҳ қилган бўлса, албатта унинг икки маслаҳатчиси бўлган. Бири уни яхшиликка буюриб, шунга ундаган бўлса, иккинчиси ёмонликка буюрган ва унга ундаган. Аллоҳ сақлаган кишигина маъсумдир” (Бухорий, 683).

Шунга кўра, мусулмонлар устида бош бўлиб турган ҳар бир раҳбар буни яхши билиши ва ёмон маслаҳатчилардан огоҳ бўлиши, уларнинг таклиф ва йўл-йўриқларини қабул қилмаслиги ва аксинча, яхши маслаҳатгўй кишилар таклифларини қабул қилиши, уларнинг холис насиҳатлари учун миннатдорлик билдириши ва уларни ўзига яқин тутиши матлубдир.

Умар разияллоҳу анҳуга саҳобалардан бири: “Ҳийра насоролари ичида ёзишга моҳир бир киши бор экан. Шуни ўзингизга котиб қилиб олмайсизми?” деб айтганида Умар разияллоҳу анҳу: “Мўминларни қўйиб, кофир кимсани ўзимга яқин киши қилиб олмайман”, деб жавоб берган эди.

Бундан ташқари, Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу насроний бир ҳисобчини ҳузурига олиб келганида Умар разияллоҳу анҳу: “Аллоҳ узоқ қилган кимсаларни яқинлаштирма, Аллоҳ ҳор этган кишиларни ҳурматлама ва Аллоҳ хиёнатчи деган қавмни омонатдор дема”, деб койиб берган эди.

Энди менга айтинг, шу гаплардан кейин иймон аҳлидан бошқа кимсаларни сирдош дўст қилиб олиш мумкинми? Ислом давлатининг ва умматнинг ички ишларига дахлдор қилиш жоиз бўладими? Йўқ, албатта.

Лекин бундан мусулмонлардан бошқа кишиларни ишлатиш, улар хизматидан фойдаланиш мумкин эмас, деган гап чиқмайди. Эҳтиёж бўлса, уларни ишлатиш, хизматидан фойдаланиш жоиз. Фақат уларни ички ишларимизга аралаштирмаймиз, аҳли илм ва аҳли иймон қолиб, уларни иззат-икром ва ҳурмат қилмаймиз, юқори ўринларга қўймаймиз.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг