Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ридда ҳодисаларининг натижалари

0

 

Исломнинг бошқа дунёқарашлар ва мафкуралардан ажралгани

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ишлар бироз чигаллашди. Аъробийлар муртад бўлиб, диндан қайтиб кетишга ошиқди, улар орасида диллари Исломга ошно қилинганлар, мунофиқлар, Исломни кўнгли истамасдан мажбурликдан қабул қилганлар ёки умуман Исломни қабул қилмаганлар ҳам бор эди.

Масалан, Уяйна ибн Ҳисн Фазорий ўзини Исломни қабул қилгандек кўрсатиб юрар эди, фитна олови ёқилиши билан унга эргашиб кетди ва динини Тулайҳа Асадийнинг дунёсига алишди. Урушда асир олиниб, Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига юборилди. Кишанларини судраб, Мадина кўчаларидан ўтиб борар экан, Мадина болалари уни калтак билан туртиб: “Иймондан сўнг кофирликни танладингми, эй Аллоҳнинг душмани?!” дейишганида у: “Қасамки, мен ўзи иймон келтирмаган эдим”, деб жавоб берган эди[1].

Исломни илгари қабул қилмаганлардан яна бири Ямандаги Анс қабиласи эди, у пайғамбарлик даъво қилган ва Яманда мусулмонлар бошига кўп шўришлар солган Асваднинг қабиласидир.

Айримлар Қуръондаги баъзи оятларни нотўғри тушуниб олишгани ҳам кейинчалик кофир бўлиб кетишларига сабаб бўлди. Масалан, баъзилар мана бу оятни далил қилиб закотни инкор қилишди: “(Эй Пайғамбар,) сиз уларнинг молларидан садақа (закот) олингки, ўша билан уларни гуноҳлари кирлигидан тозалаб-поклайсиз. Уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Шубҳасиз, сизнинг дуоингиз улар учун раҳмат ва осойишталикдир. Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир” (Тавба, 103).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида айтади: “Закот беришдан бош тортган баъзи араб қабилалари закот олиш халифанинг ҳаққи эмас, у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга хос эди, деб эътиқод қилишган ва бу даъволарига: “(Эй Пайғамбар,) сиз уларнинг молларидан садақа (закот) олинг” оятини далил қилишган эди. Абу Бакр Сиддиқ ва бошқа саҳобалар уларнинг бу нотўғри тушунчалари ва бузуқ таъвилларини рад этдилар ва уларга қарши то закотни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ўташганидек ўтамагунларича урушдилар”.[2]

Қабилавий тарафкашлик ҳам яққол кўринди. Масалан, Мусайлима каззоб Бани Ҳанифа қабиласини ўзига эргашишга ва Қурайшнинг пайғамбарлик ҳаққини инкор этишга чақириб: “Айтингларчи, Қурайш нимаси билан пайғамбарликка сизлардан кўра ҳақлироқ бўлибди?! Қасамки, улар сизлардан кўра яхшироқ ҳам, сонлари кўпроқ ҳам эмас, сизларнинг диёрингиз уларнинг диёридан катта, мол-мулкингиз уларнинг мол-мулкидан кўп”, деган эди[3].

Ҳақни билганидан сўнг адашиб кетган Ражжол ибн Унфува Ҳанафий Қуръон ўқирди, динни тушунарди. Шу кимса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Мусайлима ҳақида: “Икки қўчқор сузишяпти, биз ўз қўчқоримизга тарафдорлик қиламиз”, деган эди[4].

Тулайҳа Намрий илк бор Мусайлима билан кўришиб, гаплашганидаёқ унинг ёлғончилигини билган ва унга: “Гувоҳлик бераманки, сен каззобсан, Муҳаммад эса ростгўй пайғамбар, лекин Рабеанинг каззоби бизга Музарнинг ростгўйидан кўра яхшироқ”, деган эди[5].

Ҳатто, Мусайлиманинг ўзи ҳам ўзининг каззоблигини тан оларди. Ямома урушида мусулмонларнинг қўли баланд келиб, Мусайлима тарафдорларининг мағлубияти кўзга кўриниб қолгач, тобелари уни қисти-бастига олиб: “Қани бизга ваъда қилиб келганинг ғалаба ва мўъжизалар?!” дейишганида у: “Ўз обрў-номусларингиз учун урушаверинглар, дин йўқ нарса”, деган эди[6].

Уларнинг дунёқарашлари, мафкуралари, маслаклари, орзу-умидлари айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Муртадлар Исломни таг-томири билан қуритиб юборишга ва ер юзидан бутунлай ўчириб ташлашга ҳаракат бошладилар ва шу йўлда ёвуз кучлар бирлашди. Лекин уларнинг бу уринишлари чиппакка чиқди, мусулмонлар улар қаршисида бир тану бир жонга айландилар, улар Ислом жамияти биносининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбия топган мустаҳкам пойдеворлари атрофида бирлашдилар.

Ридда ҳодисаларининг натижаларидан бири шу бўлдики, исломий дунёқараш бузилиш ва ўзгаришлардан сақланиб қолди, Ислом шиори жоҳилий таассубдан ва омухталикдан ажралди, ҳар қандай аралашмалардан тозаланди. Зотан, исломий дунёқараш мунофиқларча ҳамма билан келишиб кетаверишни қабул қилмайди. Исломнинг қудрати адад ва қуролда эмас,  балки иймон ва маънавий руҳнинг кучлилигида кўринади. Асл мақсад одамлар билан урушиш эмас, уларни Исломга даъват қилишдир. Биринчи ўринда даъватдир, одамларни Исломга киритиш барча нарсадан муқаддамдир[7].

 

[1] “Тарих ат-Табарий”, 3/260.
[2] “Тафсири Ибн Касир”, 2/386.
[3] Утум, “Ҳаракат ар-ридда”, 124-бет.
[4] Ибн Ҳажар, “ал-Исоба”, 2761.
[5] “Тарих ат-Табарий”, 4/104.
[6] Олдинги манба, 4/112.
[7] “Диросот фий аҳд ан-нубувва вал-хилофат ар-рошида”, 323-324-бетлар.

Изоҳ қолдиринг