Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (14)

0

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло аввалги рисолатлар ва уларнинг эгалари ҳақида бундай дейди:

Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолда ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга ва закотни (ҳақдорларга) беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир” (Баййина, 5).

Демак, бу ибодатлар барча рисолатларга, шу жумладан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига ҳам тегишли экан, шубҳасиз, сўнгги – якуний рисолат учун ўзига хослик ва аввалги рисолатлардан фарқли, алоҳида қўшимча таклифлар бордир.

Аллоҳнинг қадари ва хоҳиш-иродасида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбар юборилмаслиги битилган:

Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир” (Аҳзоб, 40).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

“Билиб қўйинглар, мендан кейин пайғамбар йўқдир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло тақдирда динни шу сўнгги рисолат билан тамомига етказишни ва у бутун башарият учун бўлишини битиб қўйган:

“…Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим….” (Моида, 3).

“(Эй Пайғамбар,) Биз сизни бутун инсониятга (Аллоҳнинг ажру савоблари билан) хушхабар берувчи, (азобидан) огоҳлантирувчи элчи қилиб юбордик” (Сабаъ, 28).

Айтинг (эй Пайғамбар): «Эй одамлар, мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман” (Аъроф, 158).

“Мен барча умматларга пайғамбар қилиб юборилдим” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Юқоридаги оят ва ҳадислардан тушунилгани каби, сўнгги рисолат эгаси бўлган бу охирги умматнинг зиммасига аввалги умматларга юкланганидек битта эмас, балки иккита вазифа юкланган.

Аввалги умматлар зиммасига Аллоҳга ширк келтирмай холис ибодат қилиш ва диний мажбуриятларни ўз ўрнида тўғри бажариш юкланган бўлса, бу сўнгги умматга ҳам айни вазифа юкланиб, унга қўшимча, бу динни бутун ер юзига тарқатиш вазифаси ва шу йўлда, то диннинг ҳаммаси Аллоҳ учун бўлгунига қадар жидди-жаҳд қилиш мажбурияти ҳам юкланган.

Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга (ибодат-итоатга) буюрадиган ва мункардан (исён-гуноҳдан) қайтарадиган бир жамоат бўлсин” (Оли Имрон, 104).

То (дунёда) бирон фитна (Аллоҳнинг йўлидан тўсиш) қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!” (Анфол, 39).

Бу эса бу умматдан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб тасдиқ этиш ва эътироф этишдан сўнг талаб қилинган иш ўтмиш умматлардан талаб қилинган ишдан анчагина катта ва оғир эканини билдиради.

Агар амалсиз қуруқ тасдиқ ва иқрорнинг (эътирофнинг) ўзи ўтмишдаги ҳеч бир умматга ўзига юкланган раббоний мажбуриятни ўташи учун кифоя қилмаган экан, – чунки Аллоҳ таоло ҳар бир умматга тасдиқ ва иқрордан бошқа бир қанча мажбуриятларни ҳам юклаган, эргашиб, итоат этишлари учун пайғамбар юборган, уни фақат етказиш ва билдириш учунгина юбормаган, – бу уммат ҳам тасдиқ ва иқрорнинг ўзи билан раббоний мажбуриятларни тўла ўтай олмаслиги аниқдир. Дарҳақиқат, бу умматга бир вақтнинг ўзида икки мажбурият: Аллоҳнинг ҳидоятида маҳкам туриш ва ҳидоятни ер юзида тарқатиш  вазифаси юкланди.

Агар талаб қилинган вазифа фақатгина тасдиқ ва иқрорнинг ўзи бўлганида, Каъбанинг ўзини ширкдан тозалаб бўлармиди? Маккани қўйинг, Арабистон яриморолини қўйинг, Аллоҳ йўлидаги мужоҳидларнинг ҳаракатлари билан Ислом нури етиб борган бепоён ислом оламини қўйиб туринг, биргина Каъбанинг ўзини ширк кирлигидан поклашни тасаввур қила олармидик?

Агар талаб қилинган вазифа фақат тасдиқ ва иқрорнинг ўзи бўлганида, Мадинада Ислом давлати қурилган бўлармиди? Бу давлат бутун Арабистон яриморолини забт этиб, кейинча яна-да ҳудуди кенгайиб кетганини ва ярим аср ичида ғарбда океангача, шарқда Ҳиндистонгача етиб борганини қўя турайлик, биргина Мадинанинг ўзи исломий давлатга айланишини тасаввур қилиш мумкинмиди?

Агар талаб қилинган вазифа тасдиқ ва иқрорнинг ўзи бўлганида, ёки бошқача айтсак, мусулмонлар ўзларидан талаб қилинган вазифани фақат тасдиқ ва иқрор деб тушунганларида Мадинада ислом давлати пойдеворлари кўтарилишини тасаввур қилиб бўлармиди? Ҳолбуки, яҳудийлар ичкаридан ҳийла-найранглар қилар, мушриклар эса ташқаридан раҳна солишга уринар эди. Ҳали биз Арабистон яриморолида қад кўтарган Ислом давлатининг пойдеворлари ҳақида, ёки бундан-да каттароғи, ушбу давлатнинг сай-ҳаракати билан ўша даврда ширкнинг маркази бўлган икки буюк давлатнинг бири (Форс давлати) бутунлай ағдарилиб, иккинчиси (Рум давлати) ҳукмронлигидан айрилиш арафасига келиб қолгани ва кундан кунга куч-қудратини йўқотиб бораётгани ҳақида гапирмаяпмиз, Мадинада қурилган Ислом давлати кейинчалик бутун дунёнинг марказига, илм ва маданият ўчоғига айлангани, буюк куч-қудратга эга бўлгани ҳақида гапирмаяпмиз.

* * *

Изоҳ қолдиринг