Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 142–145 оятлар

0

 

سَيَقُولُ السُّفَهَاءُ مِنْ النَّاسِ مَا وَلاَّهُمْ عَنْ قِبْلَتِهِمْ الَّتِي كَانُوا عَلَيْهَا قُلْ لِلَّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ يَهْدِي مَنْ يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ (142)

  1. Яҳудийлар ва улар каби жоҳил ва эси паст кимсалар эътироз билдириб, масхараомуз: «Бу мусулмонларни Исломнинг илк давридан унга қараб намоз ўқиб келган қиблаларидан – Байтул Мақдисдан нима буриб юборди?!» дейишади. Эй Пайғамбар, уларга айтингки, машриқ ҳам, мағриб ҳам, улар ўртасидаги барча нарса ҳам Аллоҳнинг мулкидир. Ҳеч бир жиҳат ва томон Унинг мулкидан ташқарида эмас. У ўзи истаган бандаларини тўғри йўлга ҳидоятлайди.

Бу оятда ишнинг асоси Аллоҳнинг буйруқларини бажаришда экани, У бизни қайси тарафга бурса, шу тарафга бурилган эканимиз таъкидланмоқда.

وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطاً لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيداً وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنتَ عَلَيْهَا إِلاَّ لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ وَإِنْ كَانَتْ لَكَبِيرَةً إِلاَّ عَلَى الَّذِينَ هَدَى اللَّهُ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُضِيعَ إِيمَانَكُمْ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَءُوفٌ رَحِيمٌ (143)

  1. Эй мусулмонлар, биз сизларни дин борасида тўғри йўлга йўллаб қўйганимиз каби, охиратда бошқа умматлар устидан – пайғамбарлари уларга Рабларининг рисолатини етказганлари хусусида – гувоҳ бўлишингиз ва шунингдек, Пайғамбар охиратда сизларнинг устингиздан – Раббининг рисолатини етказгани хусусида – гувоҳ бўлиши учун, сизларни энг яхши ва адолатли уммат қилдик. Эй Пайғамбар, сиз аввалда унга қибла ўлароқ юзланган ва кейин Биз сизни ундан буриб, Маккадаги Каъба томонга юзлантирган Байтул Мақдисни сизга қибла қилиб беришимиз сабаби Биз Ўзимиз азалда билган нарса амалда кўриниши ва банданинг савоб ё жазога эришиши шунга боғлиқ бўлиши учун эди. Шу билан Биз сизга эргашиб, итоат қиладиган, сиз қаёққа юзлансангиз, сиз билан бирга ўша томонга юзланадиган кишиларни иймони заиф ва шубҳаю нифоқ сабабли динидан муртад бўлиб кетадиган кимсалардан ажратамиз. Албатта, бу ҳолат, яъни мусулмон кишининг намозида Байтул Мақдисга юзланишдан Каъбага юзланишга кўчиши жуда оғир ҳолат бўлиб, у фақат Аллоҳ ҳидоят қилган ва иймону тақво бериб қўйган кишиларга қийин бўлмайди. Аллоҳ таоло Ўзига бўлган иймонларингизни ва Унинг элчисига эргашишларингизни ҳаргиз зое қилмайди ва собиқ қиблага қараб ўқиган намозларингизни бекор қилмайди. Шубҳасиз, У одамларга меҳрибон ва раҳмлидир.

قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ وَإِنَّ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّهِمْ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا يَعْمَلُونَ (144)

  1. Эй Пайғамбар, қибла хусусида ваҳий нозил бўлишини кутиб, тез-тез юзингиз самога юзланаётганини кўрмоқдамиз. Биз сизни албатта, Байтул Мақдисдан ўзингиз суядиган ва рози бўладиган қиблага – Маккадаги Масжидул Ҳаром томонга бурамиз. Энди сиз юзингизни ўша томонга буринг! Эй мусулмонлар, қаерда бўлсангиз ҳам, намоз ўқимоқчи бўлганингизда Масжидул Ҳаром томонга юзланинг! Аллоҳ таолодан китоб илми берилган яҳудий ва насронийлар сизнинг Каъба томонга буриб қўйилишингизни ўз китобларида очиқ айтилган ҳақиқат эканини аниқ билишади. Аллоҳ таоло ўша эътироз билдираётган ва шак-шубҳа уруғларини сочаётган кимсаларнинг қилмишларидан ғофил эмас ва У албатта уларга қилмишларига яраша жазо беради.

وَلَئِنْ أَتَيْتَ الَّذِينَ أُوتُوا الكِتَابَ بِكُلِّ آيَةٍ مَا تَبِعُوا قِبْلَتَكَ وَمَا أَنْتَ بِتَابِعٍ قِبْلَتَهُمْ وَمَا بَعْضُهُمْ بِتَابِعٍ قِبْلَةَ بَعْضٍ وَلَئِنْ اتَّبَعْتَ أَهْوَاءَهُمْ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَكَ مِنْ الْعِلْمِ إِنَّكَ إِذاً لَمِنْ الظَّالِمِينَ (145)

  1. Эй Пайғамбар, Таврот ва Инжил берилган кимсаларга намозда Каъбага юзланишингиз Аллоҳ томонидан келган ҳақ ҳукм бўлганига ҳар қанча далил-ҳужжат келтирманг, улар қайсарлик ва кибр билан сизнинг қиблангизга асло юзланишмайди. Сиз ҳам қайтиб уларнинг қибласига юзланувчи эмассиз, баъзилари баъзиларининг қибласига ҳам юзланувчи эмасдир. Энди сизга ўзингизнинг ҳақда эканингиз, уларнинг эса ботилда эканлари хусусида билим келганидан кейин қибла ва бошқа нарсалар борасида уларнинг хоҳишларига эргашсангиз, у ҳолда сиз шубҳасиз, ўзига зулм қилувчилардан бўлиб қоласиз.

Бу эса бутун умматга бўлган хитобдир, Ислом шариатига мухолиф бўлганларнинг хоҳиш-истакларига эргашувчи кишиларга таҳдид ва ваид (азоб хабари)дир.

Изоҳ қолдиринг