Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (4)

0

58 – Жаноза намозини фарз ва жума намозларидан олдин қўйиш

Жаноза намози вақт зиқ бўлмаган пайтда фарз ва жума намозларидан олдин қўйилишига уламолар иттифоқ қилишган[1]. Нававий айтади: «Жаноза ва жума намози бир вақтга тўғри келса-ю, бироқ вақт зиқ бўлмаса (яъни, намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлмаса), жаноза биринчи адо этилиши кераклигида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Уламолар буни таъкидлашган ҳамда биз зикр қилган далилларга таяниб, шу фикр тўғри эканига иттифоқ қилишган. Агар жума вақти зиқ бўлиб қолса, «Ал-ум» китобида айтилган тўғри мазҳабга кўра жума намози жанозадан аввал адо этилади. Жумҳур уламолар ҳам шу фикрни қатъий айтганлар. Имом ал-Ҳарамайн ва бошқалар Шайх Абу Муҳаммад ал-Жувайнийдан: “Мазкур ҳолатда ҳам жаноза муқаддам қилинади, чунки жума намозининг қазоси бор”, деган фикрни нақл қилишган. Бироқ бу фикр хатодир. Чунки гарчи жума намозининг қазосини ўқиш мумкин бўлса ҳам, уни атайлаб вақтидан кечиктириш жоиз эмас»[2].

59 – Жаноза намозини кусуф намозидан олдин қўйиш

Жаноза намози билан кусуф намози (қуёш тутилганда ўқиладиган намоз) бир вақтга тўғри келиб қолса, биринчи жаноза намози адо этилишига уламолар иттифоқ қилишган[3].

60 – Жаноза намозини нафл намозлардан олдин қўйиш

Агар жаноза намози билан суннат ёки бошқа нафл намозлар бир вақтга тўғри келиб қолса, жаноза намози аввал адо этилиши кераклигига уламолар иттифоқ қилишган. Агар бир киши нафл ўқишга киришган пайт жаноза олиб келинса-ю, у одам жанозага улгурмай қолишдан қўрқса, ўқиётган намозини бузиши жоиз эканига уламолар иттифоқ қилганлар. Буни уламолар қуйидагича изоҳлашган: агар киши бир вақтнинг ўзида иккита фойдали амални бажаришга имкон тополмаса, иккаласидан фазли улуғроғини танлаши керак бўлади. Чунки жаноза намозидан фарқли равишда, нафлнинг қазосини ўқиш мумкин»[4].

61 – Жаноза намозини таровеҳ намозидан олдин қўйиш

Жаноза намози билан таровеҳ намози бир вақтга тўғри келиб қолса, биринчи жаноза намози адо этилишига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки жаноза таъкидлироқ бўлган амалдир[5].

62 – Жаноза намозини истисқо намозидан олдин қўйиш

Жаноза намози билан истисқо (ёмғир сўраш) намози бир пайтга тўғри келиб қолса, жаноза намози олдин адо этилишига уламолар иттифоқ қилишган ва буни қуйидагича изоҳлашган: «Чунки маййит узоқ туриб қолиши натижасида жасадда ўзгариш юзага келиш хавфи бор. Шунингдек, жаноза намози таъкидлироқ ҳамдир»[6].

63 – Жаноза намозини ҳайит намозидан олдин қўйиш

Жаноза намози билан ҳайит намози бир пайтга тўғри келиб қолса, жаноза намози олдинга қўйилишига уламолар иттифоқ қилишган. Шофеийлар буни қуйидагича изоҳлашган: «Маййит узоқ туриб қолиши натижасида жасадда ўзгариш юзага келиш хавфи бор. Шунинг учун жаноза олдинга қўйилади». Яна улар имом маййитни дафн этиш ишларида қатнашмаслигини ҳам айтиб ўтганлар[7].

[1] Доктор Абдураҳмон ад-Дориқий. «Тазоҳум салотайни фи вақтин воҳид» (фиқҳий, илмий рисола), 202-бет. Қоҳирадаги «Дор ал-улум» факултетига қарашли тадқиқотлар маркази нашр этган, 14-адад.

Қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/56-57;

Шиҳобиддин ал-Қарофий ал-Моликий. «Аз-захира», 2/471-472. Муҳаққиқ: Муҳаммад Ҳажжи ва бошқалар. «Дор ал-ғарб» нашриёти, биринчи нашр, 1994;

Ибн Нужайм ал-Ҳанафий. «Ал-ашбоҳ ван-назоир», 429-бет. Муҳаққиқ: Муҳаммад Мутийъ. «Дор ал-фикр» нашриёти, биринчи нашр, 1403-ҳ.й.;

«Шарҳ мунтаҳо ал-иродат», 2/54-55.

[2] «Ал-мажмуъ», 5/56-57.

[3] «Тазоҳум салотайни фи вақтин воҳид», 202-бет.

Қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/57; «Аз-захира», 2/471-472; «Ал-ашбоҳ ван-назоир», 429-бет; «Шарҳ мунтаҳо ал-иродат», 2/54.

[4] «Тазоҳум салотайни фи вақтин воҳид», 202-бет.

Қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/57;

«Ал-баҳр ар-роиқ шарҳ канз ад-дақоиқ», 2/125-126;

Мардовий. «Ал-инсоф фи маърифат ар-рожиҳ мин ал-хилоф», 5/407. Абул-Фараж Абдураҳмон ибн Қудоманинг «Аш-шарҳ ал-кабир» (6/212) асари билан бирга чоп этилган.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Мағрибий (Ҳаттоб ал-Моликий лақаби билан машҳур). «Мавоҳиб ал-жалил ли-шарҳи мухтасари Халил», 2/385. Ҳадислар тахрижи Закариё Умайротга тегишли. «Дор олам ал-кутуб» нашриёти.

[5] «Тазоҳум салотайни фи вақтин воҳид», 202-бет.

Қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/58; «Мавоҳиб ал-жалил», 2/385;

Мустафо ар-Руҳайбоний. «Матолиб ули ан-нуҳо», 1/811. «Ал-мактаб ал-исломий» нашриёти, биринчи нашр, 1381-ҳ.й.;

«Ҳошият Ибн Обидин», 3/53.

[6] «Тазоҳум салотайни фи вақтин воҳид», 203-бет.

Қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/57; «Ал-инсоф», 5/407: «Мавоҳиб ал-жалил», 2/385; «Ҳошият Ибн Обидин», 3/53.

[7] «Тазоҳум салотайни фи вақтин воҳид», 203-бет.

Қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/57;

Халил ибн Исҳоқ ал-Моликий. «Мухтасари Халил», 44-бет. Мусаҳҳиҳ: Тоҳир аз-Зовий. «Дор ал-мадор ал-исломий» нашриёти, иккинчи нашр, 2004-йил;

«Ал-ашбоҳ ван-назоир», 429-бет;

«Шарҳ мунтаҳо ал-иродот», 2/54.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг