Тавҳид ақидаси: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом йўллаш ҳақида

0

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммат зиммасидаги ҳақларидан бири у зотга салавоту салом айтишдир. Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтадилар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар!» (Аҳзоб, 56).

Аллоҳ таолонинг салавоти фаришталар ҳузурида у зотни мақташи, фаришталарнинг салавоти дуо, инсонларнинг салавоти истиғфор айтишдир (Бухорий Абул Олиядан зикр қилган).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу оятда бандаси ва пайғамбарининг Ўз ҳузуридаги – олий даргоҳдаги мартабасидан хабар берди. Яъни Аллоҳ у зотни муқарраб фаришталар ҳузурида мақтайди, фаришталар у зотга салавот йўллайдилар, сўнг Аллоҳ таоло юқори ва қуйи олам аҳлининг мақтовлари жамланиши учун қуйи олам аҳлини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом йўллашга буюрди.

«Салом айтинглар!» – яъни у зотга исломда жорий этилган салом билан салом беринглар, дейилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтилганда салавот ва саломни бирга айтилади, биттасига чекланиб қолинмайди. Яъни фақат «саллаллоҳу алайҳи» деб ёки фақат «алайҳиссалом» деб айтилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳар иккаласини баробар айтишга буюрди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш баъзи ўринларда матлуб ва зарурий бўлиб, вожиб ёки суннати муаккада ҳисобланади.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Жалоул афҳом» китобида салавот айтишнинг 41та ўрнини келтиради ва биринчи ўринни ушбу сўзлар билан бошлайди: «Салавот айтишнинг энг муҳим ва энг таъкидли ўрни намозда ташаҳҳуддан кейинги салавот бўлиб, мусулмонлар унинг шаръий эканига ижмоъ қилганлар, унинг вожиблигида ихтилоф қилганлар». Сўнг қунут дуосининг охирида, жума, икки ҳайит ва истисқо намозлари хутбаларида, муаззиннинг азонига жавоб айтгандан кейин, дуо пайтида, масжидга кириш ва чиқишда, у зотнинг номлари зикр этилганда каби бир қанча ўринларини айтиб ўтади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом айтиш ўринларини айтиб ўтгач, бу салавотлардан ҳосил бўладиган самаралардан қирқтасини санаб ўтади.[1]

Жумладан:

  • Бу билан Аллоҳнинг буйруғини бажариш амалга ошади;

  • Битта салавот айтганга Аллоҳ таоло ўнта салавот айтади;

  • Дуо қилишдан олдин салавот айтса, ижобатига умид бўлади;

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш билан бирга у зотга Аллоҳдан васила (шафоатчилик) ато этишини сўраш у зотнинг шафоатларига эришишга сабаб бўлади;

  • Салавот йўллаш гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади;

  • Салавоту салом айтувчига Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавоб қайтаришларига сабаб бўлади.

Шундай улуғ пайғамбарга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

[1] Жалоул афҳом (203-с).

Изоҳ қолдиринг