Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (5)

0

64 – Намозхонлар кўпайиши учун жанозани кечиктирмаслик жанозада тезлашиш жумласидандир

Имом Шофеий айтади: «Агар кишида ўлим аломатлари кўрилса, маййитни ювиш ва дафн этишга шошилиш керак бўлади. Чунки шошилиш маййит ҳаққини адо этишга киради. Ким бўлишидан қатъи назар бирор кишини кутиб, маййитни дафн этиш кечиктирилмайди»[1].

Имом Аҳмад: «Дафнга шошилиш маййитга икром кўрсатишдир», деган[2].

Нававий: «Намозхонлар кўпайишини кутиб жаноза кечиктирилмайди», деди[3].

Шайх Албоний айтади: «Қолаверса, бу кўпайишнинг чегараси йўқ. Маййитни дафн этиш қанча кечиктирилса, намозхонлар адади ҳам шунчалик ортиб бораверади. Шунинг учун риёкорликни хуш кўрувчи айрим бадавлат кишилар жанозага имкон қадар кўп одам йиғилиши учун, гарчи маййитнинг зиёнига бўлса ҳам, дафнни бир-икки кунга ортга сураётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу ишга рухсат берилиши шариатнинг жанозага тезлашишга бўлган буйруғи поймол этилишига олиб боради»[4].

Манбижий маййит учун уввос солиб йиғлашдан қайтарилган ҳадисларни келтирганидан сўнг бундай дейди: «Мазкур ҳадислар маййитга дод солиб йиғлаш жоиз эмаслигига, бу иш жоҳилият амалларидан эканига далолат қилади. Бироқ биз келтирган ҳадислардан айримлари «наъй» сўзидан бировнинг ўлганини эълон қилиш кўзда тутилганига далолат қилса, яна баъзилари маййитнинг сифатларини айтиб йиғлаш назарда тутилганига ишора қилади. Афтидан, иккаласи ҳам мазкур тақиқ остига киради, валлоҳу аълам.

Ҳозирда одамларнинг маййит ўлганини халққа билдириш учун овоза қилишлари, одамларни жанозага чақиришлари ҳадисда келганидек қайтарилган бидъатлар сирасига киради. Чунки бу нарса жанозага одамлар тўпланишини керагидан ортиқ кутишга ва дафн кечикишига, натижада жанозага шошилиш суннати тарк қилинишига олиб боради…»[5].

Ибн Аттор деди: «Одамлар, хоссатан амалдорлар жамланишини кутиб, жаноза намозини кечиктириш тўғри эмас. Жанозани авлиё ва солиҳ кишилар ўқиб бериши учун, гарчи ҳузурига борилаётган шахс раҳбар ёки султон бўлса ҳам, маййитни уларнинг олдига олиб борилмайди. Чунки бу иш маййитларни хорлаш ҳисобланади»[6].

Ғамровий: «Ўша ерда ҳозир бўлганлар билан жаноза ўқилаверади, ким улгурмаса қабрга бориб ўқийди» деди[7].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Агар маййит ўлганига аниқ ишонч ҳосил бўлса, уни дафн учун ҳозирлашга шошилиш суннатдандир. Чунки шундай қилинса, жасадда ўзгариш рўй бериши ва одамларнинг жирканишидан маййитни сақланган бўлади. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен Талҳа ибн Барода ўлим (асоратлари)ни кўрмаяпман. (Агар у вафот этса,) менга хабар беринглар ва (дафн этишга) шошилинглар. Зеро, мусулмон (маййит)нинг жасади оиласи ҳузурида ушлаб турилиши тўғри эмас».

(Давоми бор)

[1] «Ал-умм», 2/152.

[2] «Ал-муғний», 3/366.

[3] Имом Нававий. «Минҳож ат-толибин ва умдат ал-муфтийин», 1/357. Муҳаққиқ: Аҳмад ал-Ҳаддод. «Дор ал-башоир» нашриёти, иккинчи нашр, 1426-ҳ.й.

[4] Шайх Албоний. «Аҳком ал-жаноиз ва бидоуҳо», 178-бет, 92-боб.

[5] Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Манбижий ал-Ҳанбалий. «Таслият аҳл ал-масоиб», 59-бет. «Мактабат дор ал-баён» нашри, 1399-ҳ.й..

Ибн Ҳажар деди: «Ўлим хабарини эълон қилишнинг ҳаммаси ҳам таъқиқланган эмас, фақат жоҳилият аҳли қилиб келган кўринишлардан қайтарилган. Улар ҳовли ва бозорлар эшиги тагига одам юбориб, маййитнинг ўлганини овоза қилдиришар эди» («Фатҳ ал-Борий», 3/116).

Ибн ал-Қаттон: «Кишининг дўсти ё қадрдонини унинг жанозасига чақириш жоизлигида бирор ихтилоф борлигини билмайман», деди («Ал-иқноъ фи масоил ал-ижмоъ», 1/189, 1051-масала).

Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ «Булуғ ал-маром» шарҳида (5/467) маййит ўлгани тўғрисида газеталарда эълон бериш динда ман этилган ўлим хабарини овоза қилиш жумласига киришини айтиб ўтган.

Шайх Маҳмуд Ширбиний атади: «Бугун газета ва журналлар орқали ўлимни эълон қилиш ўша жоҳилият одати бўлган овозага ўхшайди. Зеро, иккаласида ҳам насл-насаб ва мансаб билан фахрланиш ҳамда овоза қилишдан кўзланган асл мақсад бўлмиш намоз ва дафнни ортга суриш бор» («Ан-наъй ал-мамнуъ ва ан-наъй ал-машруъ», 42-бет. «Ат-тавҳид» журнали, 5-адад, 1999-йил).

Термизий «Сунан»да (2/303-304) айтади: «Аҳли илмлардан баъзилари овоза қилишни макруҳ деб билганлар. «Овоза қилиш» деганда, одамлар орасида фалончи ўлди дея жар солиб, жанозага чақиришни назарда тутганлар. Яна баъзи аҳли илмлар: «Маййитнинг яқинлари ва биродарларига хабар беришнинг зарари йўқ», деган. Иброҳимдан: «Киши яқинларига хабар беришининг зиёни йўқ», дегани ривоят қилинади». Кейин қуйидаги ҳадисни санади билан келтиради: «Ҳузайфа ибн ал-Ямон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки ўлсам мен ҳақимда жар солманглар, чунки у ман этилган овоза бўлиб қолишидан қўрқаман. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлимни овоза қилишдан қайтарганларини эшитганман”, деди. Бу ҳасан ҳадис».

[6] Алоуддин Али ибн Иброҳим ал-Аттор аш-Шофеий. «Мажлис фи аҳком ал-мавто», 401-бет. Муҳаққиқ: Муҳаммад ал-Мутайрон. Қувайтдаги «Аш-шареъа ва ад-диросот ал-исломийя» журнали, 26-том, 84-адад. 2011-йил.

[7] Муҳаммад ал-Ғамровий аш-Шофеий. «Ас-сирож ал-ваҳҳож ала матн ал-минҳож», 112-бет. Муҳаққиқ: Абдулғани Мисту. «Ал-мактаба ал-асрийя» нашри, биринчи нашр, 1428-ҳ.й..

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг