Эй иймон келтирганлар (17): Кофирларга итоат қилиш ҳаромлиги ва бу иш ортидан келадиган зарарлар ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар! Агар кофир кимсаларга итоат қилсангиз, улар сизни ҳақ йўлдан адаштириб юборишади ва сизлар динингиздан қайтиб, очиқ зиёнга гирифтор бўласиз. Аллоҳ сизнинг ёрдамчингиздир. У энг яхши ёрдамчидир” (Оли Имрон, 149-150).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо иймон аҳлига қаратилган бўлиб, уларни иймондан сўнг куфрга, ҳидоятдан сўнг залолатга, балки ҳаётдан сўнг ўлимга тушиб қолишдан огоҳлантирди. Чунки кофир куфри сабабли ўликдир. Иймондан сўнг куфрга, ҳидоятдан сўнг залолатга кетиб қолишдан Аллоҳ сақласин.

Уҳуд жангида мусулмонлар мағлубиятга учрашларига сабаб айримлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини бажармаганлиги бўлди. Аслида улар Расулуллоҳнинг амрларига осийлик қилишлари асло мумкин эмас эди. Улар Пайғамбарга иймон келтирмаганликларидан ёки у зотга итоат қилгилари келмаганидан осийлик қилишмади, балки душман тор-мор бўлиб қочаётганини, биродарлари ғаниматларни қўлга киритаётганини кўришгач, шайтон уларга шу ишни чиройли кўрсатди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Нима бўлганда ҳам сизлар шу ердан ҳеч қаерга жилманглар”, деб буюрган Румот тоғидан тушиб, биродарлари каби ўлжалар йиғишга киришиб кетдилар. Натижада, душман шу тоғни айланиб ўтиб, мусулмонлар лашкари устига ўқ ёмғирини ёғдирди. Бундай ҳолни кутмаган лашкар мағлуб бўлди ва: “Ҳой Аллоҳнинг бандалари, менинг олдимга келинглар”, деб чақириб турган, қонга беланган ҳолдаги Пайғамбарини ҳам қолдириб, чекинишга тушди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган: “Ҳеч кимга қарамасдан жанг майдонидан чиқиб кетаётган пайтингизни эслангиз! Пайғамбар ортингиздан чорлаб: “Эй Аллоҳнинг бандалари, буёққа келинглар!” деб хитоб қилар эди. Аллоҳ сизларга ғам-алам ва тангликни жазо сифатида нозил қилди” (Оли Имрон, 153).

Ғам-алам – нусрат, ғалаба ва ғаниматнинг қўлдан кетиши, танглик – саҳобаларнинг ўлдирилиши ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари жароҳатланиб, курак тишларининг синишидир.

Ана шундай аламли ва ўта хатарли вазиятда айрим мунофиқлар: “Ўз динингизга қайтинг, ака-укангиз сафига қўшилинг. Агар Муҳаммад ҳақ пайғамбар бўлганида, амакиси ва кўпгина асҳоби ўлмаган, ўзи эса жароҳат олмаган, тиши синмаган бўларди”, деса, айримлари: “Абу Суфён ва унинг одамларига таслим бўлинг, улардан омонлик сўранг, чунки улар ғолиб бўлдилар”, дедилар ва шу каби сўзлар билан иймондан сўнг куфрга қайтишга ундадилар.

Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Эй иймон келтирганлар! Агар сиз кофир кимсаларга итоат қилсангиз, улар сизни ҳақ йўлдан адаштириб юборишади ва сизлар динингиздан қайтиб, очиқ зиёнга гирифтор бўласиз. Аллоҳ сизнинг ёрдамчингиздир. У энг яхши ёрдамчидир”.

Бу оят қуйидагиларга далолат қилади:

Биринчи: Ота-боболар динига қайтишга, мушриклар қўмондонига таслим бўлиб, ундан омонлик сўрашга чақираётганлар тилда мусулмон, дили кофир кимсалар бўлиб, улар Ибн Убай бошчилигидаги мунофиқлар эди.

Иккинчи: Кофирга итоат этиш, унинг фикрини олиш ва йўл-йўриғига юриш шубҳасиз, куфрга олиб боради. Ким иймондан сўнг кофир бўлса, аниқ зиёнкор бўлибди. Бу фақат бир замонга ва бир маконга чегараланган эмас, балки кофирга итоат қилиш қаерда ва қачон бўлишидан қатъи назар куфрга олиб боради. Чунки кофир залолат, куфр, ахлоқсизлик, ёмонлик ва фисқу-фасодга чақиради ва шуни маслаҳат беради.

Учинчи: Дунё ва охиратда зиён кўришдан қутқарувчи итоат Аллоҳ ва Расулига ҳамда мусулмонлар халифасига бўлган итоатдир, кофир ва мунофиқларга итоат этиш эмас. Душман устидан ғолиб бўлишни истаган киши ҳар ишга қодир, ҳар нарсани билувчи, ҳикматли ва қудратли Парвардигоридан сўрасин. Ўзининг ва Раббининг душманидан, кофир, адашган, хор кимсадан сўрамасин. Шундай кимсадан нусрат талаб қилинадими?

Келинг, яна оятга қайтайлик: “Эй иймон келтирганлар! Агар сиз кофир кимсаларга итоат қилсангиз, улар сизни ҳақ йўлдан адаштириб юборишади ва сизлар динингиздан қайтиб, очиқ зиёнга гирифтор бўласиз. Аллоҳ сизнинг ёрдамчингиздир”, сизга ёрдамчи бўлган Раббингизга итоат этинг, Ундан нусрат сўранг. Зеро нусрат ва ёрдам берувчиларнинг яхшиси Аллоҳдир. Бугунги кунда Аллоҳнинг мўмин бандалари буни яхши тушунишлари, Аллоҳга том маънода иймон келтириб, чин банда бўлишлари лозим. Аллоҳ мўминларнинг ягона ҳақиқий дўсти ва ёрдамчисидир.

Ҳозирда мусулмонлар Аллоҳ ва Расулининг йўлига хилоф қилишгани боис уларга етган хавф-хатар ва мағлубликдан чиқиш йўли фақат Аллоҳ ва Расулига қайтиш ҳамда нусратни Аллоҳдан сўрашдир. Шунда Аллоҳ уларга нусрат беради, хор ва шарманда қилмайди. Қандай бундай бўлмасин, ахир У уларнинг дўсти ва ёрдамчисидир. Уларнинг Аллоҳдан ўзга дўст ва ёрдамчилари йўқдир.

Ҳар бир мўмин эркак-аёл буни яхши англаб олсин, Аллоҳга, Расулига ва мусулмон раҳбарга итоат этсин. Куфр, нифоқ ва ширк аҳлига – жаҳолат ботқоғига ботган бундай кимсалар араб бўладими, ажамми, фарқсиз, – итоат этмасин. Уларга қарши урушаётган душманлари устидан нусрат беришини Аллоҳдан сўрасин. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайдиган Зот: “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан сиз Унинг динига ёрдам берсангиз, Аллоҳ сизга душманингиз устидан ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур. Кофир бўлган кимсалар учун эса ҳалокат бўлур. Аллоҳ уларнинг қилган амалларини зое қилур. Бунга сабаб улар Аллоҳ нозил қилган нарсаларни ёмон кўрганларидир. Бас, уларнинг амалларини Аллоҳ беҳуда кетказди” (Муҳаммад, 7-9).

Сидқидилдан Аллоҳга юзланайлик, Унинг ваъдасига ишонайлик, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайдиган Зотдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг