Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ридда ҳодисаларининг натижалари (2)

0

Жамият учун мустаҳкам таянч маркази бўлиши зарурлиги

Ридда (муртадлик) ҳодисалари бу давлатнинг пойдеворини шакллантирувчи қимматбаҳо маъданларни юзага чиқарди, эътиқодида метиндек мустаҳкам инсонларни кашф этди. Улар якка ҳолдаги шахслар эмасди, балки барчаси бир бўлиб ушбу давлат ва жамият пойдеворини ташкил этишарди. Шу боис у заиф, таги бўш ва ночор пойдевор бўлмади, метиндек мустаҳкам бўлди. Улар ўзларининг ким эканликларини ҳам, душманларининг қандай кучга эга эканини ҳам идрок этар, атрофдаги хавф-хатар кўламини ҳам яхши англар, тўла огоҳлик ва хушёрлик билан бу қийинчиликларга юзланишга ҳозирлик кўрар эдилар. Мазкур сифатларга қўшимча, улар Қудратли ва Ғолиб зот билан доимий боғланишда эдилар. Шунинг учун ҳам барча душманларини мағлуб эта олдилар, йўлларидан барча ғовларни суриб ташладилар, Исломни ва Ислом давлатини асраб қолдилар, муртад кучларнинг шон-шавкатини синдириш учун одамлар бошини бириктиришга муваффақ бўлдилар. Аввало Аллоҳнинг фазли марҳамати, кейин жамиятнинг ушбу метин пойдеворлари куч-ҳаракатлари билан уммат бирлиги ва бирдамлиги сақланиб қолди[1].

Арабистонни исломий фатҳлар учун таянч маркази этилиши

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг жамият ичида тарқоқлик юзага келди, талайгина қабилалар халифага бўйсунишдан бош тортди. Сиддиқ разияллоҳу анҳу ва саҳобалар биргаликда жуда катта ва машаққатли ишни амалга оширдилар, қабилаларни Ислом давлатига бўйсундиришга муваффақ бўлдилар. Сиддиқ разияллоҳу анҳу улкан таълимий, тарбиявий, ҳарбий, идоравий режаларни амалга оширишга бош-қош бўлди ва бу режалар кутилган натижаларни берди. Араб қабилалари тўлалигича Ислом давлати таркибига қўшилди ва Арабистон яримороли яхлит ҳолда кейинги исломий фатҳлар учун базага (таянч марказга) айланди.

Исломий фатҳ ҳаракатлари учун қўмондонлар етишиб чиққани

Ридда ҳодисалари сафларни ажратиб берди, куч-қувватларни синовдан ўтказди, умматнинг бебаҳо маъданлари устини қоплаб турган қатламни очиб юборди, натижада қимматбаҳо ва тоза маъданлар паст ва қийматсиз маъданлардан ажралди. Кейинроқ бу қимматбаҳо ва пўлатдек метин маъданларга фатҳ ҳаракатларида раҳбарлик тизгинлари топширилди. Тарихий манбалар гувоҳлик беришича, фатҳ ҳаракатларида етакчилик вазифасига қўйилган шахсларнинг кўпи на муҳожир, на ансор ва на саҳобалардан эди, улар ридда ҳодисаларида тобланган, муртадларга қарши урушларда фидокорлик намуналарини кўрсатган шахслар эди.

Ридданинг воқеий фиқҳи

Муртадликни баъзи шахсларга етадиган иллат сифатида умумий тарзда баён этиб талайгина оят ва ҳадислар келган. Бу оят ва ҳадислар назарий доирада бўлиб, ҳали муртадлик воқеликда оммавий шаклда кўрилмаган эди. Ридда ҳодисалари юз бериб, мусулмонлар муртадлар билан юзма-юз тўқнашган даврда улар мазкур умумий далиллардан ҳукмлар истинбот қилдилар (чиқардилар), бу истинботлар мазкур оят-ҳадисларни тушунишга йўлловчи маёққа айланди. Бу нарса саҳобаларнинг муртад қавмлар ҳақидаги баҳс-мунозараларида кўринади. Улар мавзуга доир далилларга мурожаат этишар, шу далиллар асосида баҳсга киришар ва тезлик билан бир ечимга келишар эди. Ҳодисаларга амалий юзланишлари ортидан фиқҳий китобларда риддага оид ҳукмларнинг аниқ-тиниқ тафсилотларини ўз ичига олган боблар ёзилди. Саҳобаларнинг амали кейинчалик хоҳ ижтиҳодни истинбот этишда, хоҳ ҳукмни татбиқ этишда бўлсин, эътиборга олинадиган фиқҳий манбага айланди.[2]

Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг йиқиласан

Ислом динини йўқ қилишга ҳар қандай уриниш, хоҳ шахслар томонидан, хоҳ жамоатлар томонидан, хоҳ давлатлар томонидан амалга оширилган бўлсин, оқибати хунук мағлубият бўлган муваффақиятсиз уриниш бўлди. Чунки қаршилик Аллоҳнинг китобига бўлган қаршилик эдики, Аллоҳ ўз китобини ва унинг атрофида жипслашган, унга амал қилган жамоани Ўзи асрашга ваъда берган. Аллоҳнинг динини йўқ қилмоқчи бўлганларнинг оқибати дунёю охиратда ҳалокатдир. Шоир айтганидек:

Йиқаман деб тоғни шохлаган қўчқор
Шохини синдирар, тоғнимас зинҳор.

Арабистон яримороли тўла бошқарув остига олиниши

Абу Бакр Сиддиқ даврида муртадларга қарши урушларда узил-кесил ғалабага эришилгач, яриморол тўлалигича Ислом давлати тасарруфи остига кирди. Давлат қуйидаги вилоятлардан ташкил топди:

Макка. Амири Аттоб ибн Усайд.
Тоиф. Амири Усмон ибн Абул-Ос.
Санъо. Амири Муҳожир ибн Абу Умайя.
Ҳазрамавт. Волийси Зиёд ибн Лабид.
Хавлон. Волийси Яъло ибн Умайя.
Забид ва Рақаъ. Волийси Абу Мусо Ашъарий.
Яманнинг Жанад вилояти. Амири Муоз ибн Жабал.
Нажрон. Волийси Жарир ибн Абдуллоҳ.
Жараш. Волийси Абдуллоҳ ибн Савр.
Баҳрайн. Волийси Ало ибн Ҳазрамий.
Аммон. Волийси Ҳузайфа Ғалфоний.
Ямома. Волийси Салит ибн Қайс.

[1] “Диросот фий аҳд ан-нубувва вал-хилофат ар-рошида”, 325-бет.
[2] Собиқ манба, 329-бет.

 

кейинги              олдинги

Изоҳ қолдиринг