Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (6)

0

64 – Намозхонлар кўпайиши учун жанозани кечиктирмаслик жанозада тезлашиш жумласидандир

(Давоми)

Табароний «ҳасан» санад билан Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангиз вафот этса, уни ушлаб турманглар, қабрига (кўмиш учун) шошилинглар», деганлар[1].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Маййитни дафн этишга шошилинглар. Агар у солиҳ бўлса, уни яхшиликка элтасизлар. Агар ундай бўлмаса, елкаларингдан ёмонликни тушурасилар»[2]. Ҳадисни Аҳмад, Бухорий, Муслим ва «сунан» эгалари ривоят қилган.

Ҳадисда маййитни тезроқ яхшиликка элтиш ёки ундан қутулиш учун дафнга ҳозирлашга шошилиш тарғиб этиляпти»[3].

Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Усаймин айтади: «Вафот этган киши ё солиҳ инсон бўлади ёки солиҳ бўлмайди. Агар маййит солиҳ бўлса, уни дафн этмай ушлаб туриш Аллоҳ қабрда унга ҳозирлаб қўйган неъматлардан тўсиш саналади. Чунки маййит бу дунёдан кўра яхшироқ ва афзалроқ бўлган бошқа бир оламга кўчиб ўтади. Зеро, солиҳ банда вафот этаётганда унинг руҳига: «Аллоҳнинг раҳмати ва розилиги билан хурсанд бўл», дея хушхабар берилади. У ўзига берилган бу хушхабарга тезроқ етишишга муштоқ бўлади, жасадини дафн этишга шошилишларини хоҳлайди. Шу ҳолатда уни ушлаб туриш эса маййитга нисбатан қайсидир маънода жиноят ҳисобланади, Аллоҳ унга ҳозирлаб қўйган неъматлардан тўсиш бўлади. Аллоҳ сақласин-у, агар вафот этган банда солиҳ бўлмаса, уни орамизда ушлаб туриш тўғри бўлмайди, ундан тезроқ қутулишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Шунинг учун ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маййитни дафн этишга шошилинглар», дедилар. Яъни бу, уни кўмиш учун ҳозирлаш, жанозасини ўқиш ва дафн этишга шошилинглар, бу ишларни кечиктирманглар, деганидир. Бу ҳадисдан олинадиган фойда шуки, жанозани адо этишга шошилиш, уни ортга сурмаслик суннатдир. Бугун одамлар узоқ-яқиндан маййитнинг яқинлари келишини кутадиган, ҳатто Америка ва Европадаги қариндошлар жанозага улгуриши учун 1-2 кун ўликни дафн этмай ушлаб турадиган бўлиб кетишди. Уларнинг бу қилмишлари маййитга нисбатан жиноят ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқларига осий бўлиш ҳисобланади. Агар қариндошлар маййит дафн этилганидан сўнг етиб келишса, жанозани қабрга бориб ўқишса бўлаверади, шариатимизда бу тарафдан кенгчилик мавжуд, алҳамдулиллоҳ. Агар маййит улар келгунча ушлаб турилса, нима қилиб бера олишади? Барибир, дуо ва намоздан бошқа фойда келтира олишмайди. Қабрига бориб жаноза ўқишса ҳам бу айтилган мақсад ҳосил бўлаверади. Шундай экан, маййитни бундай ушлаб туришга ҳеч қандай асос йўқ»[4].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Маййитнинг қариндошларидан бирортасини кутиш сабабли жасадни дафн этишдан сақлаб туриш жоиз эмас»[5]. Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин.

Ибн Аттор айтади: «Подшоҳлар, султонлар, амалдорлар, бадавлат кишилар каби дунё раҳбарлари ёки баъзи золимлар келиши, намозга улгуриши учун жанозани кечиктиришдан эҳтиёт бўлиш лозим»[6].

Мана шу кечиктириш сабабли ҳолат намозхонлар ва таъзияга келган одамлар кўплиги билан фахрланиш, кўз-кўз қилишгача бориб етди. Абу Шома айтади: «Бугун одамлар жанозаларда кўплаб бидъатларга йўл қўйишяпти, суннатда собит бўлган амалларга хилоф қилишяпти. Дафн этишга шошилиш, таъзияга келганлар билан мақтаниш каби ишлар шулар жумласидандир»[7].

[1] Табароний. «Ал-муъжам ал-кабир», 12/444, 13613-ҳадис.

[2] Ҳадис тахрижи 12-масалада ўтди.

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/429, 1705-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[4] «Шарҳ риёз ас-солиҳин», 4/547-548. «Мадор ал-ватан» нашриёти, 1426-ҳ.й.. Шунингдек, «Шарҳ булуғ ал-маром» (5/544)га қаралсин.

[5] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/372, 11088-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[6] Али ибн Иброҳим ибн ал-Аттор. «Мажлис фи аҳком ал-мавто», 382-бет;

«Ал-удда фи шарҳ ал-умда фи аҳодис ал-аҳком», 2/779. Муҳаққиқ: Низом Яъқубий. «Дор ал-башоир» нашриёти, биринчи нашр, 1427-ҳ.й..

[7] Абу Шома аш-Шофеий. «Ал-боис ало инкор ал-бидаъ вал-ҳаводис», 270-бет. Муҳаққиқ: Машҳур Салмон. «Дор ар-роя» нашриёти, биринчи нашр, 1410-ҳ.й..

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг