Таҳорат: Истиҳоза (2)

0

Истиҳоза кўрган аёл намоз ўқиш учун нима қилади?

Истиҳоза кўрган аёл ҳайз деб ҳисоблаган муддати (олдин баён этилган тафсилотга кўра) тугаса ҳайздан ғусл қилади ва жинсий аъзосига латта боғлаб олади. Шундан сўнг у ҳайздан покланган ҳукмида бўлади. Бинобарин, намоз ўқиш, рўза тутиш, тавоф қилиш ва ҳоказо ҳайз сабабли унга ҳаром бўлган ишлар ҳалол бўлади. Фақат намоз ўқишга келганда бундай аёл қуйидаги уч ишдан бирини қилиш ихтиёрига эгадир:

  1. Ҳар намоз вақти кирганда таҳорат олади. Намоз вақти кирмасдан олдин олган таҳорати ҳисобга ўтмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар намоз (вақти) учун таҳорат ол». Бошқа бир ривоятда эса: «Ҳар намоз (вақти) олдидан таҳорат ол», дейилади. Таҳорат олишдан олдин жинсий аъзосини ювади ва унга латта боғлаб олади.

  2. Пешин намозини аср намози вақти киришига яқин қолган вақтга қадар кечиктиради. Сўнг ғусл қилиб пешин билан аср намозини ўқийди. Шунингдек, шом намозини хуфтон намози вақти киришига яқин қолгунча кечиктиради. Сўнг ғусл қилиб, шом ва хуфтон намозларини ўқийди. Бомдод намози вақти кирса ғусл қилиб намоз ўқийди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамна бинти Жаҳшга бундай дейдилар: «Агар пешинни охирги вақтигача кечиктиришга, асрни эса аввалги вақтида ўқишга, ғусл қилиб бу икки намозни жамлаб ўқишга, шомни охирги вақтида, хуфтонни эса аввалги вақтида ўқишга, ғусл қилиб уларни жамлаб ўқишга, шунингдек, бомдод вақти кирганда алоҳида ғусл қилиб ўқишга қодир бўлсанг, шундай қилгин». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтадилар: «Шундай қилиш иккита ишдан менга манзурроқ бўлганидир». «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да келишича, Ҳамна ҳар намоз вақти учун алоҳида ғусл қилар эди[1].

  3. Ҳар намоз вақти учун ғусл қилади. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Умму Ҳабиба Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида истиҳоза қони кўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳар намоз вақти учун (алоҳида) ғусл қилишга буюрадилар»[2].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Истиҳоза кўрган аёл намоз вақти киргандан кейин таҳорат олса, шундай кейин оқиб турган қон, қанчалик кўп бўлмасин, унинг таҳоратига таъсир қилмайди. Чунки у узрли саналади. Мазкур ҳолатда аёл киши оқиб турган қонни жиловлаш учун жинсий аъзосига латта боғлаб олиши зарур.

  2. Уламолар истиҳоза кўрган аёлга жинсий яқинлик қилиш жоизлигида ихтилоф қилишган. Жумҳур уламолар билдирган тўғрироқ фикрга кўра, бундай аёлга яқинлик қилиш жоиздир. Чунки шариат унга яқинлик қилишдан қайтармаган.

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу борада аёлга жинсий яқинлик қилишни ман қиладиган далил келмаган. «Сунан Абу Довуд»да Икримадан: «Умму Ҳабиба истиҳоза қони кўрар ва (шу муддат асносида) эри унга жинсий яқинлик қилар эди»[3], деган асар ривоят қилинади»[4].

  1. Аёл кишининг жинсий аъзосидан қон келса ва қон келишини тақозо қиладиган бирон сабаб бўлса, масалан, бачадонида жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, бундай қоннинг ҳукми қуйидаги икки ҳолатдан бири бўлиши мумкин:

а) Келган қон ҳайз қони бўлиши имконсиз бўлса, масалан, бачадон жарроҳлик амалиёти натижасида олиб ташланган бўлса, у ҳолда бу қонга истиҳоза қони деб қаралмайди. Бинобарин, аёл киши истаган вақтда намоз ўқийвериши мумкин. Чунки мазкур ҳолатда келган қон касаллик қони ҳисобланади. Шайх Ибн Усайминнинг фикрича, бундай аёл ҳар намоз вақти учун таҳорат олиши лозим[5].

б) Агар келган қон ҳайз қони бўлиши мумкин бўлса, у ҳолда унинг ҳукми истиҳоза ҳукми билан бир хил бўлади.

  1. Ҳайз қони билан истиҳоза қони ўртасидаги фарқ

Ҳайз қони истиҳоза қонидан тўртта белги билан ажралиб туради:

1) Қоннинг рангги. Ҳайз қони қора, истиҳоза қони эса қизил бўлади.

2) Қоннинг суюқ ёки қуюқлиги. Ҳайз қони қуюқроқ бўлса, истиҳоза қони унга нисбатан суюқроқ бўлади.

3) Қоннинг ҳиди. Ҳайз қони бадбўй бўлса, истиҳоза қонининг ҳиди сассиқ бўлмайди.

4) Қоннинг қуюлувчанлиги. Ҳайз қони қуюлмайди, истиҳоза қони эса қуюлади.

5. Агар аёл кишининг ҳайз келишига оид одати бўлса ва ҳайз қонини бошқа қонлардан ажрата билса, тўғрироқ фикрга кўра, бундай аёл одатига кўра иш тутади, қоннинг сифатига қараб эмас. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишини одатига қараб иш тутишга буюрган пайтларида ундан ҳайз қонини бошқа қонлардан ажрата олиш ёки олмаслиги ҳақида сўрамадилар. Қолаверса, аёл кишининг ҳайзга оид одатига қараб иш юритиши қонни текширишидан кўра қулай ва осонроқдир. Чунки қон бўлиниб-бўлиниб келиши, бир кун қора рангда, эртаси кун қизил рангда[6] келиши мумкин. Агар аёл одатини унутиб қўйса, у ҳолда қоннинг сифатига қараб иш тутади.

6. Агар аёл ҳайз қони келадиган вақтни билса-ю, лекин неча кун келишини унутиб қўйса, масалан, ҳайз қони ойнинг бошида келишини билса-ю, лекин қон олти кун келармиди, етти кунмиди ёки ундан кам ёки кўплигини унутиб қўйса, у ҳолда тахминлари ичидан энг кўпига (учинчи ҳолат) амал қилади ва қоннинг сифатига қараб иш тутмайди.

7. Аксинча, агар неча кун ҳайз кўришини билса-ю, қайси вақтда ҳайз кўришини унутиб қўйса, масалан, олти кун ҳайз кўришини билса-ю, бироқ ойнинг бошида ҳайз кўрармиди ёки охирида эканини унутиб қўйса, у ҳолда ойнинг бошидан ҳисоблайди. Агар аёл ҳайзи ойнинг ярмида келишини билса-ю, лекин айнан қайси кунларда келишини аниқлай олмаса, у ҳолда ойнинг тенг ярмидан бошлаб ҳайз деб ҳисоблайди. Чунки мазкур ҳолатда ҳайз вақтини аниқ билиб олиш учун ойнинг тенг ярмидан бошлаб ҳисоблаш эсда қолиши учун қулайдир, валлоҳу аълам.

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (291) ривояти. Қаранг: Албоний. «Ал-ирво», 1/314.
[2] Бухорий (327), Муслим (334) ривояти.
[3] Ҳасан. Абу Довуд (309, 310), Байҳақий (1/329) ривояти. Умму Ҳабиба – Ҳамна бинти Жаҳшнинг куняси.
[4] Шавконий. «Найл ал-автор», 1/356.
[5] Қаранг: Ибн Усаймин. «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо» (Аёллардан келадиган табиий қонлар).
[6] Ибн Усаймин. «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 1/436, 437.

Изоҳ қолдиринг