Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (7)

0

65 – Тобут ортидан эргашиш иймондандир

Имом Нававий айтади: «Маййит дафн этилгунга қадар тобут ортидан эргашиш эркаклар учун мустаҳаб саналади. Бу борада келган саҳиҳ ҳадисларга таяниб, барча уламолар шунга иттифоқ қилишган»[1]. Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни етти нарсага буюрдилар, етти нарсадан қайтардилар. Жумладан, бизни тобут ортидан эргашишга буюрдилар…»[2].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари бештадир», дедилар ва шу жумладан «тобут ортидан эргашиш»ни ҳам зикр қилдилар»[3].

Риё, сумъа (яъни бирон амални одамлар эшитиши учун қилиш) ёки шунчаки зиммадаги ҳақни адо этиш учун эмас, балки фақат Аллоҳнинг савоби умидида жаноза ортидан эргашишнинг фазилати нақадар буюк экани Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган[4].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким иймон билан, савоб умидида мусулмоннинг жанозасига намоз ўқилиб, дафн қилингунга қадар қатнашса икки қийрот савоб билан қайтади. Ҳар бир қийротнинг миқдори Уҳуд тоғичадир. Жаноза намозини ўқиб, дафндан аввал қайтса унинг савоби бир қийротга тенгдир»[5].

Омир ибн Саъд отаси Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «У Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг олдида ўтирган эди. Бир вақт уйнинг эгаси Хаббоб келиб: “Эй Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Ҳурайра нима деяётганини эшитдингизми? У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким маййитнинг уйидан унинг тобути билан чиқса, унга жаноза намозини ўқиса, кейин дафн қилингунича ортидан борса, икки қийрот ажр олади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғидекдир. Ким унга жаноза намозини ўқиб, ортига қайтса, Уҳуд миқдорича ажрга эга бўлади», деганларини эшитган экан”, деди. Шунда Ибн Умар Хаббобни Абу Ҳурайранинг гапи ҳақида сўраб билиш, кейин қайтиб келиб нима деганини айтиши учун Ойша разияллоҳу анҳонинг олдига жўнатди. (Кейин) Ибн Умар масжид (ерига тўшалган) тошчалардан бир сиқим олиб, қўлида айлантириб ўтирганди, элчи қайтиб келиб, “Ойша: «Абу Ҳурайра тўғри айтибди», деб айтди”, деди. Шунда Ибн Умар қўлидаги тошчаларни ерга уриб, “Дарҳақиқат, кўп қийротлардан маҳрум бўлибмиз”, деди»[6].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ичингизда ким бугун рўзадор бўлиб тонг оттирди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ”, деди. “Ким бугун бир мискинни тўйдирди?” –дедилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ” – деди. “Ким бугун жанозага қатнашди?”  – дедилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ” – деди. “Ким бугун бирон касални зиёрат қилди?”  – дедилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ” – деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир куннинг ўзида ушбу ишларнинг барчасини қилган бўлса, у албатта жаннат аҳлидан бўлади” – дедилар»[7].

Яна шу кишидан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким маййитга жаноза ўқиса, унга бир қийрот (ажр) бўлади. Ким тобут ортидан эргашиб, то (маййит) қабрга қўйилгунича ундан ажралмаса, икки қийрот (ажр) бўлади». Ровий айтади: «Шунда мен: “Эй Абу Ҳурайра, «қийрот» нима дегани?”, деб сўрадим. “Уҳуд тоғидек”, деб жавоб берди»[8].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким жанозага (маййит ҳали) аҳли-оиласи ҳузурида бўлган пайт келса, сўнг тобут ортидан эргашиб, жанозасини ўқиса, унга бир қийрот (ажр) берилади. Ким тобут билан (қабристонгача) борса, унга Уҳуд тоғидек икки қийрот (ажр) берилади”»[9].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шу маънони ифодалаб келган ҳадисларнинг барчаси жанозалар ададига қараб қийротлар ҳам ортишига далолат қилади».

Таҳовий айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ хабарга кўра, мазкур қийротга ҳақли бўлиш учун маййит яқинларининг ҳузурида бўлган пайтдан бошлаб тобут билан бирга юриш ва унга жаноза ўқиш талаб этилади. Тобут билан бирга юриш зикр қилинмаган бошқа ривоятлар эса, ровийлар эътиборсизлиги сабабли ноқис бўлиб қолган. Зеро, ким бир маълумотни ёдда сақлаб қолган бўлса, ёдламаганларга нисбатан ҳужжат ҳисобланади»[10].

Шайх Ибн Боз айтади: «Бу ҳадислар бизга тобут ортидан эргашиш нақадар улуғ амал эканини кўрсатади. Кўпчилик бунга парво қилмай, сусткашликка йўл қўяди. Бу эса мусибат, Аллоҳ ҳузуридаги савобга бўлган рағбатнинг заифлигидандир. Аксар жанозаларга жуда кам одам қатнашади. Маййитнинг дўстларидан ёки яқинларидан бўлсагина бу ишга ғайрат қилади. Суннат ҳар қандай кишининг, таниган-танимаганнинг жанозасида ҳозир бўлишга чақиради. Бу ишда азадорга ҳамдард бўлиш бор, ана шу айтилган ажру савобларга эришиш бор, ўликларни дафн этиш чоғида таъсирланиш, ибрат олиш бор. Шояд қалб шу сабабли ҳаракатга келса, сергак тортса…»[11].

Шайх Саъдий айтади: «Шунингдек, бу ибодатнинг савоби амал қилувчининг нияти ва ихлосига кўра бўлади. Гоҳида амал қилувчининг савоби шу мусибат бошига тушган азадорнинг савобидан кўпроқ бўлиши мумкин. Бунинг боиси ўша азадорнинг ихлоси камлиги ёки бу мусибат унга енгил бўлиши ёки сабри камлиги, ё шунга ўхшаш сабабларга бориб тақалади. Маййит ёш бола бўлса ҳам, катта ёшли бўлса ҳам, эркак ё аёл бўлса ҳам ажру савоб умумий (бир хил) бўлаверади. Амал ортидан келадиган манфаат, фойда ва амал қилувчи шахснинг ниятига қараб савоб ҳам ортиб бораверади. Баъзи уламолар айтади: “Агар инсоннинг жанозага қатнашишдан кўзлаган мақсади Раббининг буйруғига бўйсуниш ва У Зотга итоат қилиш, биродарининг ҳаққини адо этиш, маййит айни дамда жуда муҳтож бўлиб турган нарса – унинг жанозасини ўқиш бўлса, шунингдек, маййитнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этиш, ушбу мусибат онида уларга ёрдамлашиш бўлса, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда зикр қилган яхши ишни амалга оширган бўлади: «(Эй мўминлар,) яхши ишларни қилишда ҳамда (Аллоҳдан) тақво қилишда ўзаро ҳамкорлик қилинглар! Гуноҳ, маъсият, (Аллоҳнинг) чегараларига тажовуз қилишда ҳамкорлик қилманглар!» (Моида, 2)”»[12].

[1] «Ал-мажмуъ», 5/168.

[2] Бухорий (1239) ва Муслим (3, 2066) ривояти.

[3] Бухорий ривояти, 1240.

[4] «Ал-эҳсон фи тақриб саҳиҳ Ибн Ҳиббон», 868-бет. Тартибловчи: Ибн Балбон. Муҳаққиқ: Халил Шийҳа. «Дор ал-маърифа» нашриёти, биринчи нашр, 1425-ҳ.й..

[5] Бухорий ривояти, 47.

[6] Муслим ривояти, 2/653, 945-ҳадис.

[7] Муслим ривояти, 4/1857, 1028-ҳадис.

[8] Муслим ривояти, 2/653, 945-ҳадис.

[9] Имом Аҳмад ривояти, 18/411, 11920-ҳадис.

[10] Абу Жаъфар Аҳмад ат-Таҳовий. «Шарҳ мушкил ал-осор», 3/305. Муҳаққиқ: Шуайб Арнаут. «Муассаса ар-рисола» нашри, биринчи нашр, 1415-ҳ.й..

[11] «Ал-фавоид ал-илмийя мин ад-дурус ал-Бозийя», 5/440-441.

[12] Шайх Абдураҳмон ас-Саъдий раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳ умдат ал-аҳком», 1/532-533.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг