Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 146–152 оятлар

0

الَّذِينَ آتَيْنَاهُمْ الْكِتَابَ يَعْرِفُونَهُ كَمَا يَعْرِفُونَ أَبْنَاءَهُمْ وَإِنَّ فَرِيقاً مِنْهُمْ لَيَكْتُمُونَ الْحَقَّ وَهُمْ يَعْلَمُونَ (146)

  1. Биз Таврот ва Инжил берган яҳудий руҳонийлари ва насроний уламолари Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзларининг китобларида зикр этилган сифатлари билан, худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар. Шубҳасиз, улардан бир гуруҳи у зотнинг рост пайғамбарлигини ва сифатларининг собитлигини билиб туриб, ҳақни яширади.

الْحَقُّ مِنْ رَبِّكَ فَلا تَكُونَنَّ مِنْ الْمُمْتَرِينَ (147)

  1. Эй Пайғамбар, сизга нозил қилинган бу ҳукм Раббингиз томонидан келган ҳақдир, сиз асло бу борада шубҳа қилувчилардан бўлманг.

Бу сўзлар гарчи Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва салламга хитобан айтилган бўлсада, аслида бутун умматга тегишлидир.

وَلِكُلٍّ وِجْهَةٌ هُوَ مُوَلِّيهَا فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ أَيْنَ مَا تَكُونُوا يَأْتِ بِكُمْ اللَّهُ جَمِيعاً إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ (148)

  1. Ҳар бир умматнинг ўз қибласи бор, улардан ҳар бири намозида ўша тарафга юзланади. Эй мўминлар, Аллоҳ таоло Ислом динида сизларга жорий қилган солиҳ амалларни ким ўзарга қилишга шошилингиз! Қаерда бўлсангиз ҳам, барчангизни Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳисоб учун жамлайди. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зотдир.

وَمِنْ حَيْثُ خَرَجْتَ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَإِنَّهُ لَلْحَقُّ مِنْ رَبِّكَ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ (149)

  1. Эй Пайғамбар, қаердан сафар қилиб чиққан бўлсангиз ҳам, намоз ўқимоқчи бўлганингизда юзингизни Масжиди Ҳаром томонга буринг! Шубҳасиз, у томонга юзланишингиз Раббингиздан келган ҳақ ҳукмдир. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан ғофил эмас, У сизларни амалларингизга муносиб тарзда тақдирлайди.

وَمِنْ حَيْثُ خَرَجْتَ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ لِئَلاَّ يَكُونَ لِلنَّاسِ عَلَيْكُمْ حُجَّةٌ إِلاَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْهُمْ فَلا تَخْشَوْهُمْ وَاخْشَوْنِي وَلأُتِمَّ نِعْمَتِي عَلَيْكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ (150)

  1. Эй Пайғамбар, қайси жойдан чиқсангиз ҳам (намозда) Масжиди Ҳаром томонга юзланинг! Эй мусулмонлар, ер юзининг қаерида бўлсангиз ҳам юзингизни Масжиди Ҳаром сари бурингиз! Унга юзланишингиздан сўнг сизларга мухолиф кимсалар учун мужодала ва тортишувда сизларнинг зарарингизга ҳужжат бўлмаслиги учун (шундай қилинглар). Илло, улар ичида саркаш ва золим кимсалар борки, улар жанжал-тортишувларида давом этишади. Сизлар улардан қўрқманглар, буйруқларимни қилиш ва қайтариқларимдан тийилиш билан фақат Мендан қўрқинглар! Сизларга бўлган неъматимни сизлар учун энг мукаммал шариатни ихтиёр этиш билан комил қилишим учун (шундай қилинглар). Шояд, тўғри йўлга ҳидоятлансангиз.

كَمَا أَرْسَلْنَا فِيكُمْ رَسُولاً مِنْكُمْ يَتْلُو عَلَيْكُمْ آيَاتِنَا وَيُزَكِّيكُمْ وَيُعَلِّمُكُمْ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُعَلِّمُكُمْ مَا لَمْ تَكُونُوا تَعْلَمُونَ (151)

  1. Сизларга Каъбани қибла қилиш билан марҳамат этганимиз каби, орангизда ўзингиздан бўлган, сизларга ҳақни ботилдан ажратиб берувчи оятларимизни ўқиб берадиган, сизларни ширк ва бузуқ ахлоқлар кирлигидан поклайдиган, сизларга Китоб, Суннат ва шариат аҳкомларини ўргатадиган, олдинги пайғамбарларнинг хабарларидан ва ўтмиш халқларнинг ҳикояларидан билмайдиган нарсаларингизни билдирадиган бир пайғамбарни юбордик.

فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلا تَكْفُرُونِ (152)

  1. Мени зикр қилинглар, Мен ҳам сизларни зикр қиламан.

Аллоҳ таоло мўминларни Ўзини зикр этишга буюрди ва бунинг учун энг афзал мукофотни ваъда қилди, бу мукофот – Ўзини зикр қилганларни Олий Даргоҳда, фаришталар ҳузурида мақташидир.

Ва сўзу амалда Менга шукр қилинглар ва сизларга берган неъматларимни инкор қилманглар.

Изоҳ қолдиринг