Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (8)

0

66 – Аёлларнинг жанозага қатнашиши мустаҳаб эмас

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва салафи солиҳларнинг амаллари шуни кўрсатадики, тобутни уйдан олиб чиқиш, маййитга жаноза ўқиш, сўнг уни дафн этиш учун тобутга эргашиб қабристонга бориш, шунингдек, тобутни кўтариш ва жасадни дафн этишга оид ишларнинг бари эркакларга хос бўлиб, аёлларга тааллуқли жойи йўқ.

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Маййит тобутга қўйилиб, эркаклар уни елкаларига ортишганда, агар маййит солиҳ банда бўлса: “Мени тезроқ олиб боринглар, тезроқ олиб боринглар”, дейди[1]. Борди-ю, солиҳ бўлмаса, “Ҳолимга вой бўлсин! Қаерга олиб кетяпсизлар?!” дейди. Унинг товушини инсондан бошқа барча мавжудот эшитади[2]. Агар инсон эшитганда, ҳушидан кетган бўларди».

Ҳадисни Бухорий ривоят қилган ва уни: «Тобутни аёллар эмас, эркаклар кўтариши ҳақидаги боб»да келтирган[3].

Нававий айтади: «Шофеий «ал-Ум» китобида ва мазҳабнинг бошқа имомлари айтишди: “Маййит эркак бўлса ҳам, аёл бўлса ҳам тобутни фақат эркаклар кўтаради”. Бунда ҳеч қандай ихтилоф йўқ»[4].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким иймон билан ва савоб умидида мусулмоннинг жанозасига намоз ўқилиб, дафн қилингунга қадар қатнашса, икки қийрот савоб билан қайтади…”, дедилар»[5].

Умму Атийя разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Биз тобутга эргашишдан қайтарилар эдик»[6].

Шу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида эса бундай дейилади: «Тобутга эргашишдан қайтарилдик. Бу (қайтариқ) бизларга қатъий қилинмади»[7].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Умму Атийя разияллоҳу анҳонинг  «Қатъий қилинмади» деган сўзи тўғрисида бундай деди: «Буни Умму Атийя разияллоҳу анҳо ҳаромни тақозо этадиган қайтариқ деб ўйламаган бўлиши мумкин. Бироқ Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ҳужжат бўлади, у кишидан бошқанинг гумони эмас»[8].

Ибн Қаййим айтади: «Саҳобия «Бизларга қатъий қилинмади», деган сўзи билан қайтариқнинг сифатини – қатъий таъкидланган қайтариқни рад этди. Бироқ ҳаромни тақозо қилиши учун таъкидли қайтариқ бўлиши шарт эмас, оддий қайтариқнинг ўзи етарли. Саҳобияларга қайтариқ келган онда улар Аллоҳ ва Расулига бўйсуниб, дарҳол бундан тийилдилар, қатъий қайтариқни кутишга эҳтиёж туймадилар. Зеро, Умму Атийя ушбу қайтариқни қатъий деб билмаган эди. Аслида, қабристонни зиёрат қилувчи аёллар лаънатлангани ҳақидаги ҳадислар ана шу қатъийликни тасдиқлайди. Бинобарин, ўша ҳадисларни бунисидан олдинга қўйиш вожиб бўлади. Тавфиқ Аллоҳдандир»[9].

Нававий деди: «Юқорида аёлларнинг жанозага қатнашиши макруҳ эканини айтдик. Бу фикр биз шофеийларнинг ва жумҳур уламоларнинг мазҳабидир. Ибн Мунзир мазкур фикрни Ибн Масъуд, Ибн Умар, Абу Умома, Ойша, Масруқ, Ҳасан, Нахаий, Авзоий, Аҳмад ва Исҳоқдан (разияллоҳу анҳум) нақл қилган, Саврий ҳам шу гапни айтган»[10].

Ибн Аттор айтади: «Аёлларнинг тобут ортидан эргашиши макруҳ деган фикрга кўра ҳам, саҳобалар мезонида тақиқни «бу ҳаромдан узоқлаштириш учун айтилган енгил қайтариқ, буниси ҳаромга далолат қиладиган қайтариқ» дея фарқлаш фақат илмий-назарий жиҳатдан фарқлаш бўлган, амалда эса, бу икки тур қайтариқ ўртасини ажратишмаган. Улар макруҳнинг ҳар қандай туридан, хоҳ енгил, хоҳ оғир бўлсин, четланганлар. Фақат эътиқодни баён қилиш зарурати туғилганда ёки ҳаромга тушиб қолиш хавфи юзага келганда ўша ҳаромдан халос бўлиш ва узоқлашиш учун макруҳ танзиҳийга қўл урар эдилар.

Саҳобаларнинг ишларини, сўзларини ҳамда шариат қонунларини синчиклаб ўрганган киши ҳолат айнан мен айтгандек эканига гувоҳ бўлади, валлоҳу аълам»[11].

(Давоми бор)

[1] Ибн Усаймин айтади: «Зоҳиридан, бу гапни руҳ айтади» («Шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий», 3/374. «Мактаба ат-Табарий» нашри, биринчи нашр, 1429-ҳ.й.).

Шайх Ибн Боз эса қуйидагича фикр билдиради: «Бунинг моҳияти Аллоҳга аён. Йўлда маййитнинг руҳи жасадига қайтарилиши мумкин. Ёки қиёмат кунида инсоннинг териси, қулоғи, кўзи ва бошқа аъзолари гапирганидек, Аллоҳ жасадни руҳсиз ҳолатида ҳам гапиртириб қўйишга қодир. Аллоҳ таоло айтади: «Бугун Биз (мушрикларнинг) оғизларини муҳрлаб қўямиз. (Улар сўзлай олмайдилар.) Қўллари (қилган жиноятлари) ҳақида сўзлайди. Оёқлари (дунёда елиб-югурган ишлари ва) қилган (гуноҳ)ларига гувоҳлик беради» (Ёсин, 65)… Мазкур оят Аллоҳ маййитни каломнинг Ўзи хоҳлаган турида гапиртира олишига далолат қилади. Бу худди Аллоҳ уни қабрда, фаришталарнинг саволларига жавоб бериши учун руҳини жасадига қайтариб сўзлатганига ўхшайди» («Ал-фавоид ал-илмийя», 5/412).

[2] Шайх Муҳаммад ал-Усаймин айтади: «Яъни, ён-атрофдаги, одатда инсон овози эшитиладиган масофадаги мавжудотлар назарда тутилган, еру осмондаги барча мавжудотлар эмас» («Шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий», 3/374).

[3] «Саҳиҳ ал-Бухорий», 210-бет, 1313-ҳадис.

[4] «Ал-мажмуъ», 5/166.

[5] Ҳадис тахрижи 65-масалада ўтди.

[6] Бухорий ривояти, 313-ҳадис.

[7] Бухорий (1278) ва Муслим (938) ривояти.

[8] «Мажмуъ ал-фатово», 24/355.

[9] «Таҳзиб ас-сунан», 3/1556.

[10] «Ал-мажмуъ», 5/171.

[11] Ибн Аттор. «Ал-удда фи шарҳ ал-умда фи аҳодис ал-аҳком», 2/777.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг