Таҳорат: Нифос

0

Учинчидан: нифос

Нифос нима?

Аёл киши туғиши асносида, туққандан кейин ёки туғишидан икки-уч кун олдин тўлғоқ аралаш бачадонидан чиқадиган қонга нифос қони дейилади[1].

Шофеий мазҳабига кўра, туғиш билан бирга ёки туққандан кейин келган қонгагина нифос қони дейилади. Туғишдан олдин келган қон, гарчи тўлғоқ аралаш келса-да, нифос қони дейилмайди. Валлоҳу аълам. Абу Умар Дибён ибн Муҳаммад Дибён ўзининг «Ҳайз ва нифос» китобида келтирганидек, тиббиёт фанида устивор деб билинган фикрга кўра ҳам бола туғилишидан олдин келган қон нифос қони бўлмайди.

Нифос муддати

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида нифос кўрган аёллар қирқ кун (поклик талаб этилган ишлардан тийилиб) ўтиришар эди»[2].

Термизий айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва улардан кейингилардан иборат уламолар ижмо қилишича, нифос кўрган аёл қирқ кун намоз ўқимайди. Қирқ кундан олдин покланиши бундан мустасно бўлиб, бу ҳолатда ғусл қилиб, намоз ўқий бошлайди»[3].

Албатта, бу ҳукм нифоснинг энг узоқ муддатини баён қилиш учун айтилган ҳукмдир. Чунки аёл киши кўпи билан қирқ кун нифос кўради. Бироқ баъзи уламоларнинг фикрича, нифос муддати қирқ кундан оз бўлиши мумкин бўлганидек, баъзи нодир ҳолатларда бу муддатдан ошиши ҳам мумкин.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Нифоснинг энг оз ёки энг кўп муддатининг чеки йўқ. Агар (туққан) аёлдан қирқ кун, олтмиш кун ёки етмиш кун қон келиб, сўнг тўхтаса, бу қон нифос қони бўлади. Аммо қон тўхтовсиз келаверса, у ҳолда бу қон бирон касаллик сабабидан келаётган бўлади ва шундан қирқ куни нифос ҳисобланади. Чунки қирқ кун, асарларда келганидек, аёл киши одатда энг узоқ муддат кўриши мумкин бўлган нифосдир»[4].

Нифоснинг муддати борасида келган асарларга таяниб, унинг энг узоқ муддатини қирқ кун деб белгилаш афзалдир. Қолаверса, тиббиёт ҳам шу фикрни ёқлайди ва исботлайди. Тиббиёт хулосасига кўра, нифос қони қирқ кундан ошиши мумкин эмас.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Нифос қони қирқ кундан ошиб, аёлнинг одатда ҳайз кўрадиган кунларига тўғри келиб қолса, у ҳолда (қирқ кундан ошгани) ҳайз қони ҳисобланади. Агар ҳайз одатига тўғри келмаса, унда истиҳоза қони бўлади»[5].

Нифоснинг энг оз муддати

Тўғри фикрга кўра, нифоснинг энг оз муддатининг чеки йўқ. Нифос кўрган аёл қондан покланса, намоз ўқишни бошлайди. Асосийси, қоннинг бор-йўқлигидир. Шунга биноан қуйидагиларни хуолоса қилиш мумкин:

(1) Агар қон келиши қирқ кундан ошса ва нифоси қирқ кундан ўтиб тўхтайдиган одати бўлса ёки тўхташи яқин қолганини кўрсатадиган белгилар пайдо бўлса, у ҳолда то тўхтагунча кутиб туради.

(2) Агар нифоснинг тугашига яқин қолиши ҳайз кўриш вақтига тўғри келиб қолса, то ҳайз муддати тугагунча кутади.

(3) Агар қон тўхтовсиз давом этаверса, у ҳолда қирқ кундан ошиғи истиҳоза қони ҳисобланади. Мазкур ҳолатда истиҳозага оид ҳукмларга амал қилинади.

(4) Агар қон қирқ кундан олдин тўхтаса, у ҳолда ғусл қилади ва намоз ўқиши, рўза тутиши ва эри унга жинсий яқинлик қилиши ҳалол бўлиб қолади. Имом Аҳмаднинг фикрича, то қирқ кун тўлмагунча эри унга жинсий яқинлик қилмаслиги мустаҳаб бўлади. Шу каби фикр Усмон разияллоҳу анҳудан ҳам собит бўлган[6].

(5) Агар бола туққач қон келмаса, у ҳолда таҳорат олиб, намоз ўқийверади, ғусл қилиши шарт эмас. Бироқ бу жуда нодир ҳолатдир.

(6) Агар қирқ кундан олдин покланса, сўнг қирқ кун тўлмасидан бурун қайтадан қон кела бошласа, «Ал-муғний» китобида мазкур ҳолатга тегишли иккита ривоят келтирилган:

Биринчисига кўра, келган қон нифос қони ҳисобланади ва шунинг учун намоз ва рўзани тарк қилади.

Иккинчисига кўра, келган қон нифос қони эканида шак бўлгани боис, рўза ва намозни адо этаверади. Бироқ эҳтиёт юзасидан рўзанинг қазосини тутади ва эри унга жинсий яқинлик қилмайди.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ тўғрироқ деб билган фикрга кўра, бу борада ҳолат ва белгиларга қараб иш тутади. Агар белгилар унинг нифос қони эканини кўрсатса, нифос қони деб ҳисоблайди. Агар белгилар унинг нифос қони эмаслигига далолат қилса, у ҳолда аёл нифосдан покланган ҳукмида бўлади, валлоҳу аълам[7].

Нифос нима билан собит бўлади?

Аёл киши инсон хилқати зоҳир бўлган ҳомилани туғиши билан нифос қони собит бўлади. Шунга кўра, айрим уламоларнинг фикрича, инсон хилқати шаклланмаган ҳомила туққан аёлдан келган қон нифос қони ҳисобланмайди. Улар бу борада қуйидагиларни хулоса қилганлар:

а) Агар ҳомила илк қирқ кунликдан олдин тушган бўлса, у ҳолда келган қон нифос қони эмас, балки бирон касаллик туфайли келган қон ҳисобланади. Бинобарин, аёл ғусл қилиб, намоз ва рўза каби ибодатларни адо этавериши мумкин бўлади.

б) Агар ҳомила саксон кундан кейин тушган бўлса, у ҳолда келган қон нифос қони ҳисобланади.

в) Агар ҳомила қирқ кунлик билан саксон кунлик ўртасида бўлса, у ҳолда ҳомилага қаралади: агар унда инсон хилқати шакллана бошлаган бўлса, нифос қони саналади, акс ҳолда нифос қони бўлмайди.

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳнинг фикрича, ҳомила қайси босқичда бўлишидан қатъи назар, унинг ортидан келган қон нифос қони саналади[8]. Менимча ҳам шу фикр тўғрироқдир. Чунки бу борада ҳомиланинг қирқ кунликдан олдин тушгани билан қирқ кунликдан кейин тушгани ўртасини ажратадиган бирон далил мавжуд эмас. Бироқ тушган нарса чиндан ҳам ҳомила экани, шунчаки йиғилиб қолган лахта қон эмаслиги аниқланиши лозим. Бунинг учун тиббий воситалардан фойдаланиш мумкин, валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: Ибн Усаймин. «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо» (Аёллардан келадиган табиий қонлар), 38-бет.
[2] Ҳасан саҳиҳ. Абу Довуд (311), Термизий (139), Ибн Можа (648) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (201) ҳасан деган.
[3] Термизийнинг «Сунан Термизий» китоби, 32-ҳадисга айтган изоҳига қаранг.
[4] Қаранг: Абу Умар Дибён. «Аҳком ал-ҳайз ван-нифос».
[5] «Ал-муғний», 1/392.
[6] Доримий (1/229), Байҳақий (1/341) ривояти.
[7] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 1/450.
[8] Ҳусайн ибн Авда ал-Авойиша. «Ал-мавсуат ал-фиқҳийя ал-муяссара фи фиқҳ ал-Китаб вас-суннат ал-мутаҳҳара», 298-бет.

Изоҳ қолдиринг