Дард ва даво (69): Гуноҳнинг касофати (28) Гуноҳ – банда душманига мадад бўлади

0

Бўлим 

46. Банда гуноҳ қилиши билан ўзига қарши душманига мадад беради
Гуноҳ ва маъсиятлар туфайли инсон ўз душмани шайтонга мадад кучи тақдим этади ва уни ўрталаридаги жангда устунлигини таъминлайдиган ёрдамчи қўшин билан таъминлайди.

Сабаби, Аллоҳ таоло инсонни ундан бир лаҳза ҳам ажрамайдиган душман билан имтиҳон қилди. У шундай душманки, инсон ухлайди, у эса ухламайди, инсон унга бепарво бўлиши мумкин, лекин у ҳечам инсонга бепарво бўлмайди, у ва унинг ёрдамчилари инсон кўрмайдиган томондан ҳамиша уни кўриб туришади. Ҳар қандай ҳолатда инсонга душманлик қилиш учун бор кучини сарфлайди, унга қарши қўлидан келган барча макр-ҳийласини ишга солади. Отаси иблиснинг фарзандлари бўлмиш жин шайтонларни, шунингдек, инсонлардан бўлган шайтонларни инсонга қарши ишга солади. Атрофига тузоқлар ва тўрлар қўяди, қопқонлар ўрнатади ва ўзининг ёрдамчиларига бундай дейди: “Сизларнинг ва оталарингизнинг душмани анави инсон, уни қўлдан чиқарманглар. Сизларнинг улушингиз жаҳаннам, унинг улуши жаннат, сизларнинг насибангиз лаънат, унинг насибаси раҳмат бўлиб қолмасин! Биласизларки, менинг ва сизларнинг бошимизга тушган хорлик, лаънат ва Аллоҳнинг раҳматидан қувилиш, буларнинг барчаси шу сабабли бўлган. Бошимизга тушган бу балода улар ҳам бизга шерик бўлиши учун бор кучингизни сарфлангиз. Ҳолбуки, биз уларнинг солиҳлари билан жаннатда бирга бўлишни қўлдан бой бердик!”

Душманимизнинг барча ҳийла-найрангини Аллоҳ таоло бизга билдириб қўйди ва унга қарши ҳозирлик кўришимизга буюрди.

Аллоҳ таоло Одам ва унинг фарзандлари ушбу душман билан синалишини, (айрим ҳолатларда душманлари шайтон) улар устидан ҳукмрон бўлишини билиб, Одам ва унинг фарзандига бу жангда уларга ёрдам берадиган қўшин ва аскарлар билан мадад берди. Шунингдек, душманига ҳам қўшин ва аскарлар билан мадад берди. Бу дунёда – охират умрига солиштирганда бор-йўғи бир нафасга ҳам тўғри келмайдиган умр муддатида жиҳод эълон қилди.

Аллоҳ таоло мўминлардан жонлари ва молларини абадий жаннат эвазига сотиб олди. Аллоҳ йўлида жиҳод қиладилар, ўлдирадилар ва ўлдириладилар. Аллоҳ таоло бу савдо Ўзининг энг шарафли китоблари Таврот, Инжил ва Қуръондаги қатъий ваъдаси экани ҳақида хабар бериб, берган ваъдасига Ундан кўра вафодорроқ кимса йўқлигини айтди. Сўнг мўминларни ушбу савдолари билан шодланишликка буюрди. Ким бу савдонинг қадрини билмоқчи бўлса, сотиб олувчи Зотнинг кимлигига, жонлари эвазига берилаётган баҳога, бу савдога ким кафил бўлиб, кимнинг қўлида битилаётганига бир назар солсин!

Бундан ҳам буюк ютуқ борми! Бундан ҳам фойдалироқ тижорат бўладими!

Сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги сўзи билан бу битимни уларга янада таъкидлаб деди: “Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми? (Ўша «тижорат» мана будир) — Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирурсизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қилурсизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир. (Агар шундай қилсангизлар, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга ва абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур. Бу эса улуғ бахтдир. Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй берувчи Макка) фатҳидир. (Эй Муҳаммад), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!” (Саф, 10-13).

Жиҳод Аллоҳ таолога энг суюкли амал, мужоҳидлар Унинг ҳузуридаги энг мартабали ва Унга энг яқин бандалар бўлмаганида бу душманни (яъни шайтонни) мавжудотлар ичида Ўзига энг севимли бўлган мўмин бандасининг устидан ҳукмрон қилиб қўймас эди. Аллоҳ  таоло махлуқотлари ичидаги энг сараси учун мазкур жангни уюштирди. Махлуқотларнинг сараси Аллоҳни таниш, Уни яхши кўриш, Унга ибодат қилиш, Унга таваккал этиш, амални холис Унинг учун бажариш, Унинг йўлига қайтиш каби туйғу ва амаллар ўрни бўлган қалбдир. Бу жангни унинг қўлига топширди ва уни фаришталар қўшини билан қўлладики, улар ундан ҳеч ажралмайдилар, унинг ортидан ҳам, олдидан ҳам ҳимоя қилиб турадилар. Ҳимоячи фаришталардан бир гуруҳи кетса, уларнинг ўрнига бошқа бир гуруҳ келади. Ушбу фаришталар уни ҳақда собитқадам қилади, яхшиликка буюриб, унга рағбатлантиради. Шунингдек, Аллоҳнинг кароматини унга ваъда қилади, сабрга чақириб бундай дейди: “(Бу дунё қийинчиликлари) бир лаҳзалик сабрга муҳтож, холос. Озгина сабр қилсанг абадий роҳатга эришасан”.

Аллоҳ таоло ваҳйи ва каломидан иборат бошқа қўшин билан ҳам унга ёрдам берди. Яъни, унга пайғамбар юборди, китоб нозил қилди. Натижада, унинг қувватига қувват, мададига мадад, ҳозирлигига ҳозирлик қўшилди.

Шу билан бир қаторда унга маслаҳатчи ва ишларини бошқарувчи ақлни, уни тўғри йўлга бошлайдиган ва насиҳатгўй илмни, уни ҳақда собитқадам этувчи ва қўллаб-қувватлаб ёрдам берувчи иймонни, ҳар бир ишнинг ҳақиқатини, асл моҳиятини очиб берадиган мустаҳкам ишончни ёрдамчи қўшин қилиб юборди. Шулар ёрдамида қалб Аллоҳ Ўз авлиёлари ва мўмин бандалари учун душманга қарши жанг қилишлари эвазига ваъда қилган нарсани очиқчасига кўриб тургандек бўлади. Демак, ақл қўшинни бошқаради, Аллоҳни таниш жанг тактикаси ва сабабларини муносиб ўрнига қўяди, иймон уни шу йўлда собитқадам қилади, қўллаб-қувватлайди, йўл кўрсатади, Аллоҳга бўлган ишонч эса, душманга қарши ҳақиқий ҳамлалар қилишга ундайди.

(Давоми бор)

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг