Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Сиддиқ давридаги фатҳлар

0

 

Дунёда мусулмон уммати мавжуд бўлишидан асосий мақсад ҳаётда Аллоҳнинг тавҳидини ва У зотга кенг маънодаги ибодатни рўёбга чиқаришдир. Аллоҳ таоло: “Мен инсу жинни фақат Ўзимга ибодат этишлари учун яратдим”, деган (Ваз-зориёт сураси, 56). Одамзот ва жинларнинг яратилишидан мақсад ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилиш бўлар экан, демак, мусулмон уммати ушбу мақсадни амалга ошириш ва бу омонатни одамларга етказиш юкини ўз зиммасига олиш учун ҳаракат қилиши, бунинг учун эса Аллоҳга даъват қилиш, одамларга таълим бериш ва уларни Аллоҳнинг йўлида тарбиялашга, бу дин омонатини одамларга етказишга тўғоноқ бўладиган ҳар қандай тўсиқни бартараф этишга жидди жаҳд кўрсатиши зарур бўлади. Ислом ҳукми бутун инсониятга ҳоким бўлиши, барча Аллоҳ таолонинг мутлақ ва умумий ҳокимиятига ва Унинг шариатига тўла бўйсуниши шу билан рўёбга чиқади. Шу мақсад йўлида Аллоҳ таоло одамларнинг фитратида бўлган дин улар ҳаётига етиб боришига тўсқинлик қиладиган тўсиқларни олиб ташлаш учун жиҳодни жорий қилди. Ибн Таймия айтади: “Агар шаръан жоиз урушнинг негизи – дин тўлалигича Аллоҳ учун бўлиши ва Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун қилинадиган жиҳод экан, демак, ким унга тўсқинлик қилса, мусулмонлар иттифоқига кўра, унга қарши урушилади” [1].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз зиммаларидаги Аллоҳга даъват вазифасини тўкис адо этдилар, подшоҳлар, ҳукмдорлар ва пешволарга мактублар йўлладилар. Исломни эшитиш ва тушуниш йўлига тўғоноқ бўладиган инсоний тўсқинликлар, жоҳилона урф-одатлар, руҳий-маънавий ва моддий тўсиқларни бартараф этиш учун қўшинлар юбордилар. Айрим жанговор ҳаракатларга шахсан ўзлари бош бўлиб чиқдилар, уларнинг охиргиси 9 ҳижрийда бўлган Табук ғазоти эди. Ушбу жанглар олдидан одамларга уч нарсадан бирини танлаш ихтиёри берилар эди: ё Исломни қабул қилиб, мусулмонларнинг биродарларига айланишади; ё куфрларида қолиб, жизя тўлаб туришади; ёхуд уни ҳам, буни ҳам рад этишади ва ўртага қилич аралашади.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ҳам бу борада айни шу йўлни тутди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қанча ўлкалар ва мамлакатлар фатҳ этилиши ҳақидаги башоратларини рўёбга чиқариш учун атрофга қўшинлар йўллади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Адий ибн Ҳотимга шундай деган эдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасам, шак-шубҳасиз, Аллоҳ бу ишни охирига етказади, ҳатто аёл киши Ҳийрадан ёлғиз ўзи, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган ҳолда, бировнинг ҳимоясисиз йўл босиб келиб, Каъбани тавоф қилади ва албатта, Кисро ибн Ҳурмузнинг хазиналари фатҳ этилади»[2].

Шу каби башоратлар умматнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди, уни руҳий-маънавий жиҳатдан ҳам, моддий-аскарий жиҳатдан ҳам кучланишига сабаб бўлди.

Шарқшунослар ва уларнинг қуйруқлари ҳамда ислом душманлари исломий фатҳлар ҳақиқатини булғатишга, уларни ҳақиқий сабабларидан ва улардан кўзда тутилган раббоний мақсадлардан айри қилиб кўрсатишга зўр бериб уринишди, фатҳ ҳаракатлари борасида далил-ҳужжатга суянмаган пуч ва ботил туҳматларни қилишди.

Сиддиқ разияллоҳу анҳу раҳбарлиги остида олиб борилган фатҳ ҳаракатларидан кўзда тутилган олий ғоя Аллоҳнинг динини одамлар орасида ёйиш ва одамлар елкасини эзиб ётган тоғутларни улоқтириб ташлаш эди. Абу Бакр Сиддиқ ва унга эргашган мусулмонлар Аллоҳ ва расулининг ғалаба ва муваффақият ҳақидаги хушхабарларига аниқ ишонар эдилар, зотан ана шундай ишонч ғалабага эришувчи авлоднинг айрилмас сифатидир. Улар Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларига аниқ ишонар эдилар:

«У Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Саф сураси, 9);

Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган кишиларга дунё ҳаётида ҳам, гувоҳлар ҳозир бўлиб турадиган кунда – қиёматда ҳам ёрдам берамиз” (Ғофир сураси, 51).

Энди фатҳ ҳаракатларида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларга бевосита мурожаат қилайлик, улар бизга аслида нималар бўлгани ҳақида хабар берсин ва умматнинг чин ўғлонларига йўлни ёритиб берсин.

[1] Ибн Таймия, “Ас-сиёсат аш-шаръия”, 18-бет.
[2] “Саҳиҳ ас-сийра ан-набавия”, 580-бет.

 

олдинги                 кейинги

Изоҳ қолдиринг