Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (9)

0

66 – Аёлларнинг жанозага қатнашиши мустаҳаб эмас

(Давоми)

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари (Умму Кулсум)нинг дафнига ҳозир бўлдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр четида ўтирар эдилар. Қарасам, кўзлари ёшланибди. Шунда у зот: «Орангизда бу кеча аёлига яқинлик қилмаган киши борми?» деб сўрадилар. Абу Талҳа: «Мен», деди. У зот: «Қизимнинг қабрига туш», дедилар. Шунда у қабрга тушди ва маййитни дафн этди»[1].

Нававий деди: «Маълумки, у ерда маййитнинг синглиси Фотима, бошқа аёл маҳрамлари ва умуман бошқа аёллар ҳам бўлган. Бинобарин, мазкур ҳадис маййитни қабрга киритиш ва дафн этиш ишларига аёлларнинг дахли йўқ эканига далолат қилади»[2].

Ибн Қудома айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни жанозага эргашишдан қайтарган эканлар, қандай қилиб уларнинг дафн ишларига қатнашишларига рухсат берилсин?! Агар бу ишга шариат рухсат берган бўлганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки тўрт халифа замонларида унга амал қилинган, кейин уламолар буни бизга етказган бўлар эди. Зеро, жанозага эркаклар жамоаси йиғилади. Аёлларнинг дафн этиш, маййитни кўтариш, уни у ёқ бу ёққа ағдариш каби ишларда заифа эканини билатуриб, уларнинг эркаклар кўз ўнгида қабрга тушиши ўша ожизаларга нисбатан хўрлаш ва шармандаликдан бошқа нарса эмас»[3].

Шаъбий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Аёлларнинг жаноза учун чиқишлари бидъатдир»[4].

Иброҳим Нахаийдан бундай дегани ривоят қилинади: «(Салафлар) тобутни уйдан олиб чиқишса, эшикни аёллар устидан ёпиб кетишар эди»[5].

Яна у кишидан: «То эркаклар тобутни олиб чиқиб кетгунча аёллар устидан эшикларни беркитиб туришар эди», дегани ривоят қилинади[6].

Алқама раҳимаҳуллоҳ бундай васият қилди: «Ўлар чоғим менга «ла илаҳа иллаллоҳ»ни такрорлаб туринглар. Кейин мени қабримга элтишга шошилинглар. Ўлганимни эълон қилиб жар солманглар. Зеро, ўлим хабарини эълон қилиш жоҳилият одатидан бўлиб қолишидан қўрқаман. Эркаклар тобутимни олиб чиқиб кетгач, эшикларни беркитинглар. Чунки менинг аёлларга эҳтиёжим йўқ»[7].

Абдуллоҳ ибн Мурра Масруқ раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилиб айтади: «Мен у кишини жанозада аёллар юзига тупроқ сепиб: «Ортга қайтинглар», деганини кўрганман. Агар аёллар қайтиб кетишса, тобут ортидан юришда давом этар, қайтишмаса тобутни ташлаб, ўзи ортга қайтиб кетар эди»[8].

Муҳаммад ибн Мунташир айтади: «Жанозага бирон аёл киши чиққан бўлса, Масруқ унга жаноза ўқимас эди»[9].

Авзоий раҳимаҳуллоҳ аёлларни жанозадан қайтаришни тўғри деб билар эди[10].

Ибн Журайж айтади: «Аёлларнинг жанозага чиқиши ҳақида Атодан сўраган эдим, “Фитнага сабаб бўлади”, деб жавоб берди»[11].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ деди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам эркакларга изн берилишини бу иш ўлимни ёдга солиши, қалбни юмшатиши ва кўзни ёшлатиши билан изоҳладилар. Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида шундай ривоят қилинган. Маълумки, агар аёл кишига бу эшик очиб берилса, унинг тарафидан сабрсизлик, йиғи-сиғи, дод-вой солиш каби ишлар содир бўлади. Чунки аёл заиф, ожиз ва сабрсиз қилиб яратилган.

Шунингдек, бу иш ортидан маййитга озор бериш, жисми ва овози билан эркакларни фитналантириш келиб чиқади. Зеро, бошқа бир ҳадисда: «Сизлар (эй аёллар) тирикни фитналантирасиз, ўликка озор берасиз», деб айтилган»[12][13].

Яна айтади: «Маййитга жаноза намозини ўқиш қабрларни зиёрат қилишдан кўра таъкидлироқ бўлган амалдир. Шундай бўлсада, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни тобут ортидан эргашишдан қайтарганлари саҳиҳ ҳадисларда собит бўлди. Бунда аёллар жаноза намозини ҳам адо этмасликларига тўғри келади. Модомики, жаноза намозини ва бошқа улуғ ажрларни қамраб олган тобут ортидан эргашиш амали аёллар учун яхши саналмас экан, қабрларни зиёрат қилишлари қандай яхши бўлсин?!»[14]

(Давоми бор)

[1] Бухорий ривояти, 1342-ҳадис.

[2] «Ал-мажмуъ», 5/180.

[3] «Ал-муғний», 3/433.

[4] Абдураззоқ ривояти, 6296.

[5] Ибн Абу Шайба ривояти, 11402.

[6] Абдураззоқ саҳиҳ санад билан ривоят қилган, 6293.

[7] Абдураззоқ саҳиҳ санад билан ривоят қилган, 6946.

[8] Ибн Абу Шайба ривояти, 11409.

[9] Ибн Абу Шайба ривояти, 11403.

[10] «Ал-авсат фис-сунан вал-ижмо вал-ихтилоф», 5/387.

[11] Абдураззоқ саҳиҳ санад билан ривоят қилган, 6295.

[12] Абдураззоқ «Мусаннаф»да Маъмардан бундай ривоят қилади: «Умар разияллоҳу анҳу тобут ортидан кетаётган аёлларни кўриб, уларга қарата: «Гуноҳкор бўлган, савобга эришмаган ҳолингизда ортга қайтинглар. Аллоҳга қасамки, тобутни кўтармайсиз, дафн ҳам этмайсиз, эй ўликларга озор берувчилар, тирикларни фитнага солувчилар!» деди» (6299-ҳадис).

[13] «Мажмуъ ал-фатово», 24/355-356.

Шунингдек, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-фатово ал-кубро»сига (3/56-57) қаралсин (Муҳаққиқлар: Муҳаммад Ато, Мустафо Ато. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1408-ҳ.й.).

[14] «Мажмуъ ал-фатово», 24/345.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг