Таҳорат: Ҳайз ва нифосга оид ҳукмлар (1)

0

Ҳайз ва нифосга оид ҳукмлар

  1. Намоз

Ҳайз ёки нифос кўрган аёл хоҳ фарз бўлсин, хоҳ нафл бўлсин, намоз ўқиши ҳаромдир. Аёл киши ҳайз ёки нифосдан покланса, бу орада ўқиёлмаган намозларининг қазосини ўқиши вожиб эмас. Ойша разияллоҳу анҳодан «Нега ҳайз кўрган аёл намознинг қазосини ўқимайди?» дея сўралганда бундай жавоб қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳайз ёки нифос кўрар эдик, рўзанинг қазосини тутишга буюрилар, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик»[1].

  1. Қуръон ўқиш

Уламолар ҳайз кўрган аёлнинг Қуръон ўқиши масаласида ихтилоф қилишган. Баъзилар ҳаром дейишса, баъзилар жоиз дейишган. Тўғрироқ фикрга кўра, валлоҳу аълам, ҳайз кўрган аёлнинг Қуръон ўқиши жоиздир. Чунки унга Қуръон ўқишни тақиқлайдиган бирон саҳиҳ ва масалага очиқча далолат қиладиган ҳадис келмаган. Бухорий, Ибн Жарир ва Ибн Мунзир ҳайз кўрган аёл Қуръон ўқиши жоиз деган уламолар жумласидандир. Шунингдек, бу фикрни Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да Молик ва Шофеийдан (қадим фикрида) ҳам нақл қилган.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳайз кўрган аёлни Қуръон ўқишдан ман қиладиган бирон суннат йўқ, аслида. «Ҳайз кўрган аёл ҳам, жунуб бўлган киши ҳам Қуръондан бирон нарса ўқимайди» деган ҳадис соҳа мутахассисларининг итифоқига кўра заиф ҳадисдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам аёллар ҳайз кўрганлар. Агар Қуръон ўқиш худди намоз каби уларга ҳаром қилинган бўлганида бу ҳукмни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига баён қилган, мўминларнинг оналари таълим олган, одамлар ўзаро ўрталарида нақл қилган бўлар эдилар. Модомики ҳеч кимса бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон тақиқ нақл қилмаган экан, буни билатуриб сиз уни ҳаромга чиқаришингиз жоиз бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида аёллар ҳайз кўришига қарамай, уларни Қуръон ўқишдан қайтармаган эканлар, демак, бу ишнинг ҳаром эмаслиги маълум бўлади»[2].

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлнинг зикр қилиши, тасбеҳ айтиши, ҳадис ва фиқҳ китобларини ўқиши, дуо қилиши, дуога омин дейиши, Қуръонга қулоқ солишининг жоиз эканида хилоф йўқ, валлоҳу аълам.

  1. Рўза

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга рўза тутиш ҳаромдир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, бундай аёллар рамазондан кейин рўзанинг қазосини тутиб бериши вожиб бўлади. Агар ҳайз ёки нифос кўрган ҳолида рўза тутса, тутган рўзаси дуруст бўлмайди ва рўза тутгани учун гуноҳкор бўлади. Шунингдек, бу ҳолатда тутган рўзаси инобатга олинмайди, балки унинг қазосини тутиб бериши вожиб бўлади.

  1. Жинсий яқинлик

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга жинсий яқинлик қилиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Сиз: «У азият (нажосат)дир. Шундай экан, ҳайз пайтида аёллардан (ёхуд ҳайз қони келадиган жинсий аъзодан) четланингиз», деб айтинг» (Бақара, 222). Ушбу оят нозил бўлгач Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга) жинсий яқинликдан бошқа барча ишни қилаверинглар»[3], дедилар.

Инсон ҳайз ёки нифос кўрган аёлини ўпиши, жинсий аъзосидан бошқа жойидан лаззатланиши жоиздир. Агар унга жинсий яқинлик қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади ва каффорат бериши вожиб бўлади[4]. Каффорати бир ёки ярим динор тилла садақа қилишдан иборатдир. Ҳадисда бундай дейилади: «Ким ҳайз кўрган аёлига жинсий яқинлик қилиб қўйса, бир ёки ярим динор (тилла) садақа қилсин»[5].

Бир динор тақрибан 4,15 грам тиллага тенг келади.

Айрим уламолар қон кўп келиб турган пайтда яқинлик қилган бўлса бир динор, оз келиб турган пайтда яқинлик қилган бўлса ярим динор садақа қилиш лозимлигини айтишган.

Аёл киши ҳайз ёки нифосдан покланса, то ғусл қилмагунча эри унга жинсий яқинлик қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло: «Уларга то (қондан) покланмагунларича яқинлик қилмангиз» (Бақара, 222), дейди ва давомидан: «Агар поклансалар (яъни ғусл қилсалар), Аллоҳ сизларга буюрган жойдан (жинсий) яқинлик қилаверинглар», дейди.

  1. Каъбани тавоф қилиш

Ҳайз ёки нифос кўрган аёл Каъбани тавоф қилиши ҳаромдир. Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш, жамаротда тош отиш ва Арафотда туриш каби  ҳаж ёки умрага оид ундан бошқа амалларни адо этишининг зиёни йўқ. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз кўрган Ойша разияллоҳу анҳога бундай деган эдилар: «Ҳожилар қиладиган барча ибодатларни қилавер. Бироқ то (ҳайздан покланиб) ғусл қилмагунингча  Каъбани тавоф қилма»[6].

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлдан видолашув тавофи соқит бўлади. Аммо ҳаж ва умранинг рукни бўлмиш тавоф учун ҳайздан покланишини кутади ва поклангач тавоф қилади.

  1. Масжидда ўтириш

Уламолар ҳайз кўрган аёлнинг масжидда ўтириши жоизлиги хусусида ихтилоф қилганлар. Баъзи уламолар Аллоҳ таолонинг «Шунингдек, жунуб ҳолингизда то ғусл қилмагунингизча масжидга яқинлашманг. (Жунуб ҳолингизда масжидда ўтирмасдан) юриб ўтиб кетишингиз бундан мустаснодир» (Нисо, 43) деган сўзини ҳамда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Албатта, мен масжидни жунубга ҳам, ҳайз кўрган аёлга ҳам ҳалол қилмайман»[7], деган ҳадисларини далил қилишиб, ҳайз кўрган аёлнинг масжидда ўтиришини ман қилишган. Лекин мазкур ҳадис заиф ҳадисдир. Улар келтирган бу икки далилга жунубга тегишли ҳукмларда жавоб берган эдик.

Бошқа бир гуруҳ уламолар ҳайз кўрган аёлнинг масжидда ўтиришини жоиз дейишган. Шу фикр тўғрироқ фикрдир. Чунки аёл зоти ҳайздан холи бўлмаслиги ва одамларда бу ҳукмни билишга жиддий эҳтиёж бўлишига қарамай, ҳайз кўрган аёлнинг масжидда ўтиришини ман этадиган бирон саҳиҳ ва масалага очиқча далолат қиладиган далил мавжуд эмас. Агар бу ишдан ман қиладиган далил бўлганда албатта нақл қилинган бўлар эди.

Қолаверса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз кўриб турган ва эҳромда бўлган Ойша разияллоҳу анҳога: «Ҳожилар қиладиган барча ибодатларни қилавер. Бироқ то (ҳайздан покланиб) ғусл қилмагунингча  Каъбани тавоф қилма», деганлар. Уни фақат тавофдан қайтарганлар, холос.

Ундан ташқари, «Саҳиҳи Бухорий»да келишича, араблардан бўлган бир қабила қора танли бир чўри аёлни озод этишади. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келиб Исломни қабул этади ва масжидда тикилган бир чодирда яшай бошлайди. Маълумки, аёл киши одатда ҳайз кўради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ҳайз кўрмайдиган ёшга етган ёки етмаганлигини сўрамаганлар. Усулул фиқҳ қоидасига кўра, тафсилотларни суриштирмаслик ҳукмнинг умумий эканига далолат қилади. (Яъни, модомики Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлдан ҳайз кўриш ёки кўрмаслигини суриштирмадиларми, демак, ҳайз кўрган бўлишидан қатъи назар, аёл киши масжидда ўтириши жоиз экан), валлоҳу аълам[8].

[1] Бухорий (321), Муслим (335), Абу Довуд (262), Термизий (130), Ибн Можа (631) ривояти.
[2] «Мажмуъ ал-фатово», 26/191. Қаранг: Ибн Усаймин. «Ад-димо ат-табиийя ли ан-нисо» (Аёллардан келадиган табиий қонлар), 20-бет.
[3] Муслим (302), Абу Довуд (258), Термизий (2977), Ибн Можа (644) ривояти.
[4] Бу ҳукм ҳаромлигини билатуриб қасддан жинсий яқинлик қилган кишига тегишли. Агар аёлининг ҳайз кўрганини унутиб ёки билмасдан, ё бўлмасам мазкур ҳолатда яқинлик қилиш ҳаромлигини билмасдан ёки мажбурланиб жинсий яқинлик қилган бўлса, гуноҳ ҳам, каффорат ҳам йўқдир. Қаранг: Нававий. «Шарҳ саҳиҳи Муслим», 3/204.
[5] Абу Довуд (264), Термизий (136), Ибн Можа (640) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (1/218) саҳиҳ деган.
[6] Бухорий (294, 1516, 1518), Муслим (1211), Абу Довуд (1782) ривояти.
[7] Абу Довуд ривояти, 232. Ҳадис санади заифдир. Чунки ровийлар сафида Жасра бинти Дажожа бор бўлиб, у ҳақда Бухорий: «У (ҳеч ким эшитмаган) ажиб ва ғариб ҳадисларни айтиб юради», деган.
[8] Шунингдек, ҳайз кўрган аёлнинг масжидда ўтиришини ман қилган уламолар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳайз кўрган аёллар ҳайит намозидан четланиши ҳақида айтган: «Мусалло (намозгоҳ)дан четлансинлар» (Бухорий, 351; Муслим, 890) деган сўзларини далил қилишади. Бироқ ҳадисда ҳайз кўрган аёлларни масжидда ўтиришини тақиқлашга оид далил мавжуд эмас. Чунки аввало ҳадисдаги «четланиш» сўзидан, қолаверса, «мусалло» сўзидан нима назарда тутилганига қараш лозим. Ҳадисдаги «четланиш» сўзининг маъносига келсак, ундан ҳайз кўрган аёллар одамларнинг орқасида, охирги сафларда бўлиши назарда тутилган. Бухорийга оид ривоятлардан бирида келган қуйидаги сўзлар ҳам шу маънони қўллаб-қувватлайди: «Токи ҳайз кўрган аёллар ҳам чиқсинлар ва одамларнинг орқасида туриб, уларнинг такбирига эргашиб такбир айтсинлар…» (Бухорий, 971; Муслим, 890)
Энди ҳадисдаги «мусалло» сўзининг маъносига келсак, ундан намоз ўқиш назарда тутилган. Зеро, баъзи ривоятларда: «Намоздан четланадилар» (Муслим, 890), дейилган. Демак, ҳайз кўрган аёллар намозда сафларни узиб қўймаслиги учун охирги сафда, одамларнинг орқа томонида турадилар. Нима бўлганда ҳам, юқорида келтирилган эҳтимоллар мавжуд экан, ҳайз кўрган аёлларни масжидда ўтиришдан ман қилувчилар учун ҳадис далилликка ярамайди. Бинобарин, мазкур иш ман қилиш учун яроқли бирон далил бўлмагани боис жоизлигича қолаверади.

Изоҳ қолдиринг