Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (10)

0

66 – Аёлларнинг жанозага қатнашиши мустаҳаб эмас

(Давоми)

Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аёлга бундай деганлари бизга ривоят қилинди: “Уйингда ўқиган намозинг ҳужрангда ўқиган намозингдан, ҳужрангда ўқиган намозинг ҳовлингда ўқиган намозингдан, ҳовлингда ўқиган намозинг қавминг масжидида ўқиган намозингдан яхшироқдир”[1].

Ўзларини бегоналар кўзидан тўсишга буюрилган аёлларга намоз борасидаги тавсия шундай бўлар экан, жанозага чиқмай уйда ўтиришлари улар учун муносиброқ ва тўсувчироқдир. Валлоҳу аълам»[2].

Абу Бакр Тартуший раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар жамоаси наздида ёмон бидъатлардан бири аёлларнинг тобут ортидан эргашиб (ташқарига) чиқишларидир»[3].

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Абдураҳмон Қарроъа: «Аёлларнинг жанозага қатнашиши ва тобут ортидан эргашиши ҳаром даражасидаги макруҳдир», деди[4].

Юқорида келтирилган хабарлардан қуйидагилар маълум бўлади:

Аёл киши жаноза намозини ўқиш мақсадида масжидга бориши ҳаром бўлмаган тақдирда ҳам энг камида макруҳдир. Чунки бу иш жанозага эргашишнинг қайтарилган турига киради. Бу ҳукм фитна эҳтимоли йўқ бўлган пайтга тегишлидир.

Билишимча, саҳобия аёллар жаноза намозини ўқиш учун масжид ёки намозгоҳга боришгани ҳеч қаерда айтилмаган. Бироқ аёл масжидга намоз ўқиш учун борса-ю, тасодифан жаноза намозига тўғри келиб қолса, жаноза намозини адо этишининг зарари йўқ. Ёки жаноза аёлнинг уйида ўқилса, у ҳам намозга қатнашса бўлаверади.

Бунга Имом Муслим ривоят қилган ушбу ҳадис далил бўлади: «Абдуллоҳ ибн Зубайр Ойша разияллоҳу анҳодан ҳикоя қилади: Саъд ибн Абу Ваққос вафот этганда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари одам юбориб, улар ҳам жаноза намозини адо этишлари учун тобутни масжиддан олиб ўтишларини сўрашди. Одамлар шундай қилдилар, маййитни ҳужралар қаршисига келтирдилар. Мўминлар оналари жаноза ўқишди… Сўнг уларга одамлар бу ишни маломат қилишгани, “(Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида) тобутлар масжидга олиб кирилмас эди” дейишгани хабари етиб келди. Ойша разияллоҳу анҳо бундан хабар топгач, шундай деди: “Одамлар ўзлари билмаган нарса билан бировларни айблашга бунчалик ошиқмасалар! Тобут масжид ичидан олиб ўтилганига бизни айблашибди. Ахир, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Суҳайл ибн Байзонинг жанозасини масжид ичида ўқиган эдилар-ку!”»[5][6].

Шунингдек, маййит дафн учун ўз уйида ҳозирланса, аёл ҳам шу уйда бўлса, жаноза намозини ўқишининг зарари йўқ, валлоҳу аълам.

Эътироз: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким иймон билан, савоб умидида мусулмоннинг жанозасига унга намоз ўқилиб, дафн қилингунга қадар қатнашса, икки қийрот савоб билан қайтади. Ҳар бир қийротнинг миқдори Уҳуд тоғичадир. Жаноза намозини ўқиб, дафндан аввал қайтса, унинг савоби бир қийротга тенгдир”[7], деганлар. Ахир, аёллар ҳам эркаклар билан бир хил-ку?!».

Жавоб: «Саҳиҳ ҳадислардан маълум бўлишича, мазкур умумийлик аёлларни ўз ичига олмайди. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни жанозага эргашишдан қайтардилар. Бу қайтариқ ҳаромга далолат қиладими, ёки макруҳгами, фарқи йўқ»[8].

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: «Зайн ибн Мунаййир деди: “Муаллиф (яъни Бухорий) бу сарлавҳа (яъни «Аёлларнинг жанозага эргашиши ҳақидаги боб») билан «Жанозага эргашиш фазилати тўғрисидаги боб» ўртасини бошқа  бир қанча сарлавҳалар билан ажратди. Унинг бундай иш тутиши бу борада эркаклар билан аёллар ўртасида фарқ борлигини, ҳадисларда айтилган жанозага эргашиш фазилати фақат эркакларга хос эканини билдиради. Чунки қайтариқ ҳаром ёки макруҳга, фазилат эса мустаҳабга далолат қилади. Иккаласи асло бир ўринда жамланмайди. Бухорий ушбу бобда турлича талқин қилиш эҳтимоли бўлгани учун (аёлларнинг жанозага эргашишига оид) аниқ ҳукмни айтмади. Шунинг учун уламолар бу борада ихтилоф қилишди. Сир эмаски, мазкур ихтилоф (аёлларнинг жанозага эргашиши ортидан) бирон зарар келиб чиқмаган ҳолатга тегишлидир”»[9].

[1] Имом Аҳмад «Муснад»да (45/37, 27090) ривоят қилган.

[2] «Ал-авсат», 5/388-389.

[3] Абу Бакр Муҳаммад ат-Тартуший раҳимаҳуллоҳ. «Китоб ал-ҳаводис вал-бидаъ», 336-бет. Муҳаққиқ: Абдулмажид Туркий. «Дор ал-ғарб» нашриёти, биринчи нашр, 1410-ҳ.й.

Шайх Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мағриб (Марокаш)лик шайх Тартуший «Ал-ҳаводис вал-бидаъ» номли қимматли китоб ёзган. Абу Шома ал-Мақдисий мазкур китобни мухтасар қилган. Дин ғамидаги киши уни ўқиб-ўрганиши мақсадга мувофиқдир» («Ад-дурар ас-санийя», 1/239).

[4] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 4/1391, 663-фатво.

[5] «Саҳиҳи Муслим», 2/668, 100 ва 973-ҳадислар.

[6] Ибн Ҳажар деди: «Ойша разияллоҳу анҳонинг ушбу инкорини одамлар тўғри қабул қилишди. Демак бу, одамлар унутган нарсани Ойша эслаб қолганига далолат қилади.

Ибн Абу Шайба ва бошқалар ривоят қилишича, Умар разияллоҳу анҳу Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг жанозасини масжид ичида ўқиган. Суҳайб разияллоҳу анҳу ҳам Умар разияллоҳу анҳунинг жанозасини масжидда ўқиган. Яна бир ривоятда: “Тобут масжид ичида минбар тарафга қаратиб қўйилди”, деган қўшимча ҳам бор.

Бу эса масжид ичида жаноза ўқиш жоизлигига ижмо борлигини тақозо қилади» («Фатҳ ал-Борий», 3/199).

[7] Ҳадис тахрижи 65-масалада ўтди.

[8] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 24/346.

[9] «Фатҳ ал-Борий», 3/145.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг