Таҳорат: Ҳайз ва нифосга оид ҳукмлар (2)

0
  1. талоқ

Эр аёлини ҳайз кўрган ҳолатида талоқ қилиши ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Пайғамбар, аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар» (Талоқ, 1). Бу борада нифос ҳайздан фарқ қилади. Аёлни нифос кўрган пайтида талоқ қилиш жоиз. Чунки нифос иддадан саналмайди.

Бироқ аёлини ҳайз кўрган ҳолатида талоқ қилса, талоқ тушадими, йўқми?

Уламолар мазкур тарзда талоқ қилиш бидъат талоқ эканига иттифоқ қилишган бўлсалар-да, бундай талоқнинг инобатга олинишида ихтилоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, бундай талоқ инобатга олинади. Мазкур масалага оид тафсилотлар талоқ бобида зикр қилинади, иншааллоҳ.

Қуйидаги ҳолатларда ҳайз кўрган аёлни талоқ қилиш жоиз бўлади:

  • Ҳануз жинсий яқинлик қилмаган аёлини талоқ қилса. Чунки бу ҳолатда аёл идда сақламайди.

  • Ҳомиладор аёлини талоқ қилса. Чунки ҳомиладор аёлнинг ҳайзи инобатга олинмайди.

  • Бирон нарса эвазига талоқ қилса (бундай талоққа хулуъ дейилади).

Эслатма:

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлни никоҳлаш жоиздир. Чунки буни тақиқлайдиган бирон далил мавжуд эмас.

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Аёл киши қуйидаги шартлар асосида ҳайз келишини ман қиладиган воситаларни қўллаши жоиз:

Биринчидан, мазкур восита аёл кишининг соғлигига зарар бермаслиги лозим.

Иккинчидан, мазкур воситани эрининг рухсати билан ишлатиши лозим.

  1. Аёл киши қуйидаги шартлар асосида ҳайз келтирувчи воситаларни қўллаши жоиз:

Биринчидан, рамазонда рўза тутиш каби бирон шаръий вожибни бажаришдан қутилиш учун ҳийла қилмаслик.

Иккинчидан, мазкур воситани эрнинг рухсати билан қўллаш.

  1. Эр киши ҳайз кўрган аёли билан жинсий яқинлик қилиб қўйса, каффорат вожиб бўлади деган эдик. Бироқ аёлга ҳам каффорат вожиб бўладими, йўқми? Бу масалада уламолар ихтилоф қилишган. Тўғрироғи, валлоҳу аълам, агар аёл эрини жинсий яқинлик қилишга ундаган ва шу ишга розилик билдирган бўлса, у ҳолда унга ҳам каффорат вожиб бўлади.

  2. Эр ҳайз кўрган аёлининг жинсий аъзосидан бошқа жойига яқинлик қилган бўлса, ғусл вожиб бўлиши учун шаҳватини чиқарган бўлиши керак. Агар мазкур ҳолатда аёл ҳам шаҳватини чиқарган бўлса ёки эҳтилом бўлса, гарчи ҳайздан поклангандан кейин бир йўла ғусл қилиши жоиз бўлса-да, ҳайз асносида бўлса ҳам жанобатдан ғусл қилиб қўйиши мустаҳаб бўлади.

  3. Аёл киши ҳайзи тўхтагач ғусл қилмаган бўлса, ҳайзлик даврида ҳаром бўлган ишлардан фақат рўза тутиши ва эри уни талоқ қилиши ҳалол бўлади. Ундан бошқа ҳаром қилинган ишлар эса, ғусл қилгандан кейингина ҳалол бўлади.

  4. Аёл киши ҳайздан поклангач ғусл қилиш учун сув тополмаса ёки топса-да, бирон сабабга кўра ишлатишга қодир бўлмаса, таяммум қилади ва то ғусл қилишдан ман қилувчи сабаб кетиб, ғусл қилмагунча таяммум билан юраверади. Таяммум қилиши билан худди ғусл қилгандагидек, олдин ҳаром қилинган ишларни қилиш ҳалол бўлиб қолади.

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамд-сано бўлсинки, «Таҳорат» китоби ниҳоясига етди. Аллоҳ таолодан мазкур китобни камина учун охиратда захира қилишини, уни ўқиб илм толиблари динда фақиҳ бўлишини насиб этишини сўраб қоламан. Эй Аллоҳ, набиййимиз Муҳаммад, у зотнинг барча оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар йўллагин!

Навбатдаги китоб «Намоз» китобидир, иншааллоҳ.

Изоҳ қолдиринг