Аслида сув покдир. Унинг ўзи тоза ва бошқа нарсаларни тозалаш хусусиятга эга. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Осмондан пок сув ёғдирдик” [Фурқон: 48]. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилингиз” [Моида: 6].
Биринчи оят сувнинг пок эканини ифода этса, кейингиси эса унинг таҳоратсизликдан покланишдаги асл восита экани, борди-ю, у топилмаса кейин покиза тупроқ билан покланиш лозимлигини ифода этмоқда.
Шунга кўра, ҳар бир сув деган ном унга тўғри келадиган, “фалон нарсанинг суви”, дея бирон нарсага нисбат берилмаган ва уни сувлик хусусиятини ўзгартирадиган бирон нарса қўшилмаган сув билан покланиш дуруст бўлади.
Демак, осмондан ёғадиган ёмғир, қор ва дўл сувлари билан таҳорат олиш жоиз. Бунга далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам такбири таҳрима айтиб намозга кирсалар, қироатни бошлашдан олдин озгина муддат жим қолар эдилар. Мен дедим: “Эй Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, айтингчи, такбири таҳрима билан қироат ўртасида жим қолган пайтингизда нималарни айтасиз?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, мен билан хатоларимни орасини машриқ билан мағриб орасини йироқ қилганингчалик йироқ қилгин. Эй Аллоҳ, худди оппоқ кийим кирлардан поклангани каби мени гуноҳларимдан поклагин. Эй Аллоҳ, мени хатоларимни қор, сув ва дўл суви билан ювгин”, деб айтаман” – дедилар”[1].
Шунингдек, денгиз, дарё, қудуқ сувлари ва ер остидан чиққан барча сувлар билан таҳорат олиш ҳам жоиздир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: “Эй Расулуллоҳ, биз денгизга чиқамиз ва ўзимиз билан озроқ сув оламиз. Агар бу сувга таҳорат қилсак, (сувсиз қолиб) чанқаймиз. Денгиз суви билан таҳорат олсак бўладими?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “У (денгиз)нинг суви тоза, ўлимтиги ҳалолдир”[2].
Сувга бирон нарса қўшилиб, унинг сифатларидан бири: таъми, ранги ёки ҳидини ўзгартирган, атиргул, заъфарон ва шу каби нарсаларнинг суви сингари унга сув исмини айтиб бўлмайдиган даражага келиб қолса, у билан таҳорат олиш жоиз бўлмайди.
[1] Бухорий (744), Муслим (598), Абу Довуд (781), Насоий (1\ 50-51), Ибн Можа (805) ва Аҳмад (2\ 231, 494) ривоят қилган. Ҳадис матни Муслимга оид.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (83), Термизий (69), Насоий (1\ 50), Ибн Можа (386), Молик (1\ 22) ва Аҳмад (2\ 237, 394) ривоят қилган. Термизий ҳадис тўғрисида “ҳасан саҳиҳ” деган.