Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (11)

0

67 – Раҳбарларнинг халқ жанозасига қатнашиши шариатдан экани

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларининг жанозаларига қатнашганлари ҳадисларда собит бўлган.

Табарий айтади: «Саҳобаларнинг жанозаларига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари ташриф буюрар эдилар. Бу ҳақдаги ҳадисларнинг саҳиҳлиги шуни очиқ кўрсатадики, мусулмонлар раҳбарлари, бошлиқлари ва ҳокимлари қўл остларидаги халқнинг жанозаларига қатнашиши, касалларини бориб кўриши, ҳақ-ҳуқуқларини ўташи лозимдир. Шунингдек, раҳбарларнинг халқ ишига масъул бўлиши, улар устидан назорат ва сиёсат юритиши уларни мусулмонлар бир-бирларига нисбатан адо этиши фарз қилинган мажбуриятлардан озод қилмайди»[1].

Байҳақий Абу Умома ибн Саҳлдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бири шундай хабар берган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам камбағал ва заиф мусулмонларнинг беморларини зиёрат қилар, тобутлари ортидан эргашар, жанозаларига у кишидан бошқаси имом бўлмас эди. Қашшоқлардан бўлган бир бечора аёлнинг касаллиги чўзилиб кетганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қўшниларидан у ҳақда сўраб турар эдилар. Агар аёл вафот этса (у зотга хабар бермай) уни кўмиб юбормасликка буюрдилар, жанозасини ўзлари ўқишларини айтдилар…»[2].

68 – Тобутни олиб бориш ва дафн ишида эркак маййит аёлдан олдинга қўйиладими?

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Тобут ортидан юришда эркак ва аёл маййит ўртасида тартиб йўқ. Фақат жаноза намозини адо этиш асносида эркак маййит аёл маййитдан олдинга қўйилади»[3].

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ: «Бу ишлар (эркак ва аёл ўртасидаги) тартибга риоя қиладиган ўрин эмас», деди.

69 – Тобут қандай кўтарилади?

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: «Бирортангиз тобут ортидан эргашса, тобутнинг тўрт тарафидан ушласин. Сўнг кўнгилли равишда (охиригача кўтарсин) ёки (елкасидан) қўйсин. Шундай қилиш суннатдандир»[4].

Шавконий деди: «Ушбу ҳадис маййитни кўтариш шариатдан, тобутнинг барча тарафидан кўтариш суннатдан эканига далолат қилади»[5].

Ибн Мавдуд ал-Мавсилий ал-Ҳанафий айтади: «Шундай кўтаришда маййитга ҳурмат кўрсатиш, уни (тобутдан) тушиб кетишдан сақлаш, кўтарувчилар оғирини енгиллатиш бор»[6].

Абу Дардо разияллоҳу анҳу деди: «Тобутга маййит чиққан хонадондан бошлаб ҳамроҳлик қилиш, тобутнинг тўрттала бурчагидан (елкалар узра) кўтариш ва қабрига тупроқ тўкиш билан жанозанинг ажри мукаммал бўлади»[7].

Аздийдан ривоят қилинади: «Ибн Умар жанозада тобутнинг тўрттала тарафидан кўтарганини кўрдим. Аввал ўнг тарафидан бошлади, сўнг ўзини тобутдан четга олди. У киши билан тобут орасида ит ҳайдаладиганчалик масофа қолди»[8].

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийдан: «Тобут қандай кўтарилади ва қабристонга қандай олиб борилади?» деб сўралди. У киши: «Тўрт томонидан кўтарилади», деб жавоб берди[9].

Абу Довуд айтади: «Имом Аҳмаддан: “Тобутни кўтариш асносида ўрин алмашиладими?” деб сўрадим. “Агар хоҳласа”, деб жавоб берди. Мен яна: “Сизга маъқули қайси?” дедим. У киши: “Аввал маййитнинг (боши тарафдан) ўнг томонини ўзининг ўнг елкасига қўяди, сўнг оёғини (қўяди), сўнг бошини чап тарафидан кўтаради, сўнг оёқ (тарафга ўтади)”, деди.

Аҳмад ибн Ҳанбал Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Зиёд ал-Варконийнинг тобутини ана шундай кўтарганини кўрдим.

Бундан ташқари Аҳмад сон-саноқсиз жанозалар кетидан юрганини, бироқ тобут кўтармаганини ҳам кўрганман»[10].

[1] Имом ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ. «Таҳзиб ал-осор: муснади Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу», 2/529. Муҳаққиқ: Маҳмуд Шокир раҳимаҳуллоҳ. «Мактабат ал-хонжий» нашри, нашр сони ва йили кўрсатилмаган.

[2] «Ас-сунан ал-кубро», 4/79, 7019-ҳадис. Албоний раҳимаҳуллоҳ «Аҳком ал-жаноиз»да (115-бет) ҳадисни саҳиҳ деган.

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/327, 16953-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[4] Абу Довуд ат-Таёлисий (1/260, 330-ҳадис. Муҳаққиқ: Муҳаммад ат-Туркий. «Дор ҳажр» нашриёти, биринчи нашр, 1419-ҳ.й.), Абдураззоқ (3/512, 625-ҳадис) ва бошқалар ривояти. Ҳадис лафзи Абу Довудга тегишли.

[5] «Найл ал-автор», 4/85. Муҳаққиқ: Исом ас-Сабобитий. «Дор ал-ҳадис» нашриёти, биринчи нашр, 1413-ҳ.й..

[6] «Ал-ихтиёр ли-таълил ал-мухтор», 1/136. Изоҳлар муаллифи: Ҳайсам Туаймий. «Ал-мактабат ал-асрийя» нашри, биринчи нашр, 1423-ҳ.й..

[7] Ибн Абу Шайба (7/224, 11399) ривоят қилган, Ибн Туркмоний «Ал-жавҳар ан-нақий ала Сунан ал-Байҳақий» китобида (4/20, «Дор ал-форуқ ал-ҳадийса» нашриёти, нашр йили кўрсатилмаган) ҳадисни саҳиҳ санаган, Ибн Мулаққин «Ал-бадр ал-мунир»да (5/224) ҳадис санадига «жаййид» (яхши) деб ҳукм қилган.

[8] Абдураззоқ «Мусаннаф»да (3/513, 6520-ҳадис) ривоят қилган, Ибн Ҳазм «Ал-муҳалло»да (5/168, 609-рақам) саҳиҳ деган.

[9] Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ. «Китоб ал-асл» («Ал-мабсут» номи билан танилган), 1/370. Муҳаққиқ: Абул-вафо ал-Афғоний. «Дор олам ал-кутуб» нашриёти, биринчи нашр, 1410-ҳ.й..

[10] «Масоил ал-имом Аҳмад» (Абу Довуд ривояти), 215-216-бетлар, 1012-масала.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг