Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (12)

0

70 – Тобутни елка узра кўтариш суннатдир

Тобутни уйдан бошлаб ғассол ҳузуригача, жаноза ўқиладиган жойгача ва охири қабрга қўйилгунича елка оша кўтариш шариатдандир. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Маййит тобутга қўйилиб, эркаклар елкаларига ортишганда, агар маййит солиҳ банда бўлса: “Мени тезроқ олиб боринглар, тезроқ олиб боринглар”, дейди. Борди-ю, солиҳ бўлмаса, “Ҳолимга вой бўлсин! Қаерга олиб кетяпсизлар?!” дейди. Унинг товушини инсондан бошқа барча нарса эшитади. Агар инсон эшитганда, ҳушидан кетган бўларди»[1].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Маййитни дафн этишга шошилинглар. Агар у солиҳ бўлса, уни яхшиликка элтасизлар. Агар ундай бўлмаса, елкаларингдан ёмонликни тушурасизлар”»[2].

Сарахсий айтади: «(Тобутни елка оша кўтариш) уни оғир юк кўтариш ҳолатига ўхшаб қолишидан узоқ тутади. Дарҳақиқат, шундай кўтаришга буюрилдик. Шунинг учун тобутни бел ёки улов узра кўтариш макруҳ кўрилди»[3].

Косоний деди: «Ёш боланинг тобутига келсак, уни ҳам эркаклар кўтариши афзал, улов устига қўйиш макруҳдир. Чунки ёш бола ҳам вояга етган инсон каби мукаррам ва ҳурматли саналади. Шунинг учун худди катталарга жаноза намози ўқилганидек унга ҳам ўқилади. Эҳтиром кўрсатишнинг моҳияти қўлларда кўтариш билан бўлади, улов узра кўтариш эса маййитга нисбатан менсимаслик саналади. Чунки бу ҳолат юкларни ортишга ўхшайди. Мукаррам инсонни хорлаш макруҳдир.  Уловга минган шахс тобутни кўтариб олса зарари йўқ. Зеро, бунда ҳам ҳурматлаш маъноси ҳосил бўлаверади»[4].

Жувайний айтади: «Тобутни кўтарувчилар маййитни йиқитиб юбормайдиган даражадаги кишилар бўлиши, улар тобутни хунук ва ҳақоратомуз шаклда кўтармасликлари бу борада риоя қилиниши керак бўлган ишлардандир»[5].

Миср диёри собиқ муфтийси шайх Абдураҳмон Қурроъа айтади: «Саодат асридан то бугунгача мусулмонлар орасида одат бўлганидек, тобутни эркаклар елкаларига кўтариши суннатдир. Уни уловга ёки бошқа бирор юк ташиш ускуналари устида кўтариш макруҳдир. Чунки бундай қилинса, маййит гўёки ортиладиган бирор юкка ўхшатилган, ҳурматига зид иш қилинган бўлади.

Жанозага қатнашаётган кишиларга оғирлиги тушмасин дея мазкур макруҳга қадам босиш тўғри эмас. Агар қабристонгача масофа узоқ бўлиб, тобутни кўтариш катта машаққат туғдирса, бошқа гап… Бу ҳолатда ана шу узрга биноан маййитни юк ортиладиган бирор ускунага ортишга рухсат берилади»[6].

Миср диёри муфтийси шайх Муҳаммад Бахит ал-Мутийъий ал-Ҳанафий айтади: «Тобутни эркаклар елкасидан бошқа нарсага ортиш бидъат ишлардан бўлиб, уламолардан бирортаси бунга рухсат бермаган»[7].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим маййитни қандай кўтариш шариатга мувофиқ экани тўғрисида бундай дейди: «Елкалар узра кўтариш машруъдир. Ҳозирда одамлар бу борада кенгчилик қилишга ўтиб, фақат машиналарга ортадиган, тағин иккаласи ҳам фазилатда тенг деб ўйлайдиган бўлиб кетишди. Агар тобут елкаларга ҳаддан ташқари оғирлик қилса, майли, (машинага ортса бўлаверади)»[8].

Шайх Муҳаммад ал-Усаймин айтади: «Тобутни машиналарга ортиш тўғри эмас. Фақат зарурат пайдо бўлса, бундан мустасно. Масалан, масофа узоқлиги, ҳаво ҳарорати юқорилиги ё пастлиги, қор-ёмғир ёғиши ёки тобут эркаклар учун оғирлик қилиши каби ҳолатлар рўй берса, машинага ортишнинг зарари йўқ. Акс ҳолда, тобут елкалар узра кўтарилиши афзалдир. Чунки шундай қилинса, одамлар кўпроқ ибрат ва панд-насиҳат олади, бу ҳолатни кўрган кишилар тарафидан маййит ҳаққига кўпроқ дуо етади. Қолаверса, маййит тўғрисида кенгроқ эълон ёйилишига сабаб бўлади. Зеро, маййитнинг кимлиги танилиши ортидан талай фойдалар келиб чиқади. Жумладан, меросхўрлар ҳамда маййит билан олди-бердиси бор кишилар маълум бўлади, ва ҳоказо»[9].

Албоний айтишича, «тобутни машинага ортиш, уни елка узра кўтаришдан кўзланган мақсадга – охиратни эсга олиш ғоясига путур етказади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари таъкидлаганидек: «Жанозаларга эргашинглар, сизларга охиратни эслатади»[10].

Албоний айтади: «Тобутни ана шундай (машинага ортилган) суратда олиб бориш мазкур шарафли ғоядан одамларни мутлақ ёки қисман маҳрум қилади. Ҳеч кимга сир эмаски, одамлар маййитни елкада кўтаришлари, уни бошлари устида кетаётганини кўриб туришлари панд-насиҳат олиш ва таъсирланишда нариги суратдан кўра кучлироқ бўлади.

Агар бундай десам асло муболаға қилмаган бўламан: Европаликларни тобутни машинага ортишга ундаган нарса ўлимдан ва уни эслатадиган барча нарсадан қўрқишларидир, холос. Сабаби, моддийлик ва охиратга ишончсизлик уларга ғолиб келган»[11].

[1] Ҳадис тахрижи 66-масалада берилди.

[2] Ҳадис тахрижи 12-масалада ўтди.

[3] Имом Шамсуддин ас-Сарахсий ал-Ҳанафий. «Ал-мабсут», 2/56. «Дор ал-маърифа» нашриёти, 1414-ҳ.й..

[4] «Бадоиъ ас-саноиъ», 2/333.

[5] Абул-маолий ал-Жувайний аш-Шофеий. «Ниҳоят ал-матлаб фи дироят ал-мазҳаб», 3/60, 1729-рақам. Муҳаққиқ: Абдулазим ад-Дийб. «Дор ал-минҳож» нашриёти, биринчи нашр, 1428-ҳ.й..

[6] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 4/1393, 664-фатво.

[7] Шайх Муҳаммад Бахит ал-Мутийъий ал-Ҳанафий. «Аҳсан ал-калом фи мо ятаъаллақу бис-суннати вал-бидъати мин ал-аҳком», 38-бет. «Курдистон ал-илмийя» босмахонаси, 1329-ҳ.й..

[8] «Мажмуъ ал-фатово», 3/194, 899-фатво.

[9] «Шарҳ саҳиҳ ал-Бухорий», 3/373.

[10] Имом Аҳмад «Муснад»да (18/32, 11445-ҳадис) ривоят қилган.

[11] «Аҳком ал-жаноиз», 99-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг