Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 153–163 оятлар

0

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ ٣٥١

  1. Эй мўминлар, барча ишларингизда мусибатларга сабр қилиш билан, гуноҳ-маъсиятларни тарк қилишда ва тоат-ибодатлар қилишда сабр-тоқатли бўлиш билан, қалб хотиржамлигига сабаб бўлувчи ва фаҳшу мункардан қайтарувчи намоз билан Аллоҳдан мадад истанглар. Шубҳасиз, Аллоҳ Ўз ёрдами, тавфиқи ва тўғриликка йўллаши билан собирлар билан биргадир.

Оятда Аллоҳнинг мўминлар билан, юқорида зикри ўтган ишларни тақозо этувчи хос биргалигининг исботи бор. Аммо Унинг барча нарсани билиб, хабардор бўлиб туришини тақозо этувчи умумий равишдаги биргалиги барча халқларга омдир.

وَلا تَقُولُوا لِمَنْ يُقْتَلُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتٌ بَلْ أَحْيَاءٌ وَلَكِنْ لا تَشْعُرُونَ ٤٥١

  1. Эй мўминлар, Аллоҳ йўлида мужоҳид бўлиб ўлдирилган кишилар ҳақида «Улар ўликлар» деб айтманглар. Йўқ, улар қабрларида ўзларига хос, қандайлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган ҳаёт билан тирикдирлар, лекин сизлар буни сезмайсиз.

Бу оятда қабр неъматларига далил бордир.

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنْ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنْ الأَمْوَالِ وَالأَنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرْ الصَّابِرِينَ ٥٥١

  1. Биз сизларни бироз хавф-хатар ва очлик билан, молларнинг – топиш қийинлашиши ёки қўлдан кетиши сабабли – камайиши, жонларнинг – ўлиш ёки Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиш билан – озайиши, мевалар ва дон-дунларнинг – камҳосиллик ёки бузилиш сабабли – тақчиллашиши билан имтиҳон қиламиз. Эй Пайғамбар, шу каби синовларга сабр қилувчиларга дунё ва охиратда уларни хурсанд қилувчи ва дилларига сурур бахш этувчи гўзал оқибат хушхабарини беринг.

الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ ٦٥١

  1. У собирларнинг белгилари шундайки, агар уларга бирор мусибат етса: «Биз Аллоҳнинг қуллари ва бандаларимиз, Унинг бошқаруви ва тасарруфи остидамиз. У бизга Ўзи истаган ишини қилади. Биз ўлиш, сўнгра ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот учун қайта тирилиш билан Унинг ҳузурига қайтувчимиз», дейдилар.

أُوْلَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُوْلَئِكَ هُمْ الْمُهْتَدُونَ ٧٥١

  1. Ўша собирлар учун Парвардигорлари томонидан мақтов ва улуғ раҳмат бор ва ўшалар тўғриликка йўлланувчилардир.

إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوْ اعْتَمَرَ فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَنْ يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ ٨٥١

  1. Сафо ва Марва – Каъбанинг кунчиқиш томонидаги икки кичик тоғ – Аллоҳнинг динидаги зоҳир белгилардан бўлиб, Аллоҳ бандаларига шу икки тоғ ўртасида саъй қилишни (етти марта бориб-келишни) ибодат ўлароқ жорий этди. Энди ким ҳаж ё умра қилиш мақсадида Каъбага келса, бу икки тоғ ўртасида саъй қилишида у учун ҳеч қандай гуноҳ йўқ, аксинча, сайъ қилиш унга вожиб бўлади. Ким тоат-ибодатларни ўз ихтиёри билан, Аллоҳга ихлос билан адо этса, албатта, Аллоҳ таоло оз амалга кўп ажр-савоб берувчи Шокирдир. У бандаларининг амалларини яхши билувчи зотдир, улардан ҳеч бирини зое қилмайди, ҳеч кимнинг ҳаққини заррача ҳам камайтирмайди.

إِنَّ الَّذِينَ يَكْتُمُونَ مَا أَنزَلْنَا مِنْ الْبَيِّنَاتِ وَالْهُدَى مِنْ بَعْدِ مَا بَيَّنَّاهُ لِلنَّاسِ فِي الْكِتَابِ أُوْلَئِكَ يَلْعَنُهُمْ اللَّهُ وَيَلْعَنُهُمْ اللاَّعِنُونَ ٩٥١

  1. Биз олдин туширган – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига ва у олиб келган диннинг ҳақлигига далил бўлувчи – очиқ оят-аломатларни Таврот ва Инжилда одамларга кўрсатиб қўйганимиздан сўнг уларни яширадиган кимсалар – яҳуд руҳонийлари, насоро олимлари ва улардан бошқа Аллоҳ нозил қилган нарсаларни яширадиган кимсалар – ана ўшаларни Аллоҳ Ўз раҳматидан қувади ва барча махлуқотлар уларга лаънат ўқийди.

إِلاَّ الَّذِينَ تَابُوا وَأَصْلَحُوا وَبَيَّنُوا فَأُوْلَئِكَ أَتُوبُ عَلَيْهِمْ وَأَنَا التَّوَّابُ الرَّحِيمُ ٠٦١

  1. Фақат Аллоҳга тавба қилиб, гуноҳларидан қайтган, ўзлари бузган нарсани тузатган ва ўзлари яширган нарсаларни баён қилган кишилар бундан мустасно, Мен уларнинг тавбаларини қабул қиламан ва уларни мағфират билан мукофотлайман. Мен тавба қилган бандаларимнинг тавбаларини қабул қилувчи ва уларга раҳмли зотман. Зеро уларни тавбага муваффақ қилдим ва тавбаларини қабул қилдим.

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَمَاتُوا وَهُمْ كُفَّارٌ أُوْلَئِكَ عَلَيْهِمْ لَعْنَةُ اللَّهِ وَالْمَلائِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ ١٦١

  1. Кофир бўлиб, ҳақни яширган ва то ўлгунча шу ҳолда давом этиб, кофир ҳолда ўлган кимсаларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлгай.

خَالِدِينَ فِيهَا لا يُخَفَّفُ عَنْهُمْ الْعَذَابُ وَلا هُمْ يُنظَرُونَ ٢٦١

  1. Улар лаънат ва дўзах ичра мангу қоладилар, улардан азоб енгиллатилмайди ва уларга узр баён қилиш учун муҳлат берилмайди.

وَإِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ لا إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ ٣٦١

  1. Эй одамлар, сизларнинг илоҳингиз зотида, исмларида, сифатларида, феълларида ва махлуқоти Унга қуллик қилишида танҳо бўлган ёлғиз Илоҳдир. Ундан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир. У ўз зотида ва феълларида барча махлуқотга раҳм қилиш сифати билан сифатланган Раҳмон ва мўминларни хос раҳмат қилувчи Раҳимдир.

Изоҳ қолдиринг