Болаларга тавҳидни ўргатиш

0

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамд, пайғамбарлар саййиди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг оиласи ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.

Аммо баъд:

Ушбу рисола болаларга Қуръон таълимидан олдин ўргатиш лозим бўлган тушунчаларга бағишланган фойдали рисоладир. Болалар уларни ўрганиш билан Ислом фитратидаги комил инсон ва иймон йўлидан борувчи чинакам муваҳҳид бўлиб етишадилар.

Мен рисолани савол-жавоб шаклида туздим.

1-савол: Раббинг ким?

Жавоб: Раббим Аллоҳ.

2-савол: «Раб» сўзининг маъноси нима?

Жавоб: «Раб» сўзи подшоҳ, ибодат қилинувчи ва ёрдам сўралувчи зот маъносини англатади. Аллоҳ барча мавжудотларнинг илоҳи, мавжудотлар эса У зотнинг қули ва бандасидир.

3-савол: Раббингни нима билан танидинг?

Жавоб: Мен Раббимни борлиқдаги оятлари ва махлуқотлари билан танидим. Кеча ва кундуз, қуёш ва ой ана шундай оятлардандир.

Осмонлар, Ер ва улардаги барча нарса Раббимнинг махлуқотларидир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), Раббингиз – осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнг Аршга кўтарилган Аллоҳдир. У зот кечани (қоронғуликни) кундузга ўрайди (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юради… Барча олам Рабби Аллоҳ хайр-баракаси мўл-кўл бўлган Зотдир» (Аъроф,  54).

4-савол:  У сени нима учун яратди?

Жавоб: Ёлғиз ва шериксиз бўлган Унинг ўзига ибодат қилишим, буюрган ишларини бажариш ва қайтарган ишларидан тийилиш билан Унга бўйсунишим учун яратди.

Аллоҳ таоло айтди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Яна деди:  «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар» (Нисо, 36).

Яна деди:  «Ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади ва борар жойи дўзах бўлади» (Моида, 72).

Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш ва таяниш, Ундан бошқадан умид қилиш ва қўрқиш ёки шу каби ибодатларни Аллоҳдан ўзгага қаратишга «ширк» дейилади.

Аллоҳ яхши кўрадиган барча ботиний ёки зоҳирий сўз ва амалларга «ибодат» дейилади.

Жумладан, дуо ибоддатдир.

Аллоҳ таоло айтди:  «Албатта барча масжидлар Аллоҳникидир. Шундай экан, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирор кимсага дуо-илтижо қилманглар» (Жин, 18).

Аллоҳдан бошқага дуо қилиш куфрдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирор илоҳга дуо қилса, унинг ҳисоб-китоби Раббининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир кимсалар нажот топмаслар» (Мўъминун, 117).

Чунки дуо ибодат турларидан энг улуғидир. Аллоҳ таоло айтади: «Раббингиз деди: «Менга дуо-илтижо қилинглар, (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан такаббурлик қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир, 60).

«Сунан» китобларида Анас разияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: «Дуо ибодатнинг мағзидир».

Аллоҳ бандаларига фарз қилган дастлабки амр тоғутга куфр келтириш ва Аллоҳга иймон келтиришдир.

Аллоҳ таоло айтди: «Дарҳақиқат, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан четланинглар» (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл, 36).

Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган барча нарса, шайтон, коҳин,  мунажжим ва Аллоҳ нозил қилган шариатдан бошқаси билан ҳукм қиладиган ёки ботил иш ва ғоя йўлида итоат этилган ёки эргашилган ҳар қандай кимсага «тоғут» дейилади.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади:  «Банданинг ҳаддидан ошишига сабаб бўлган ибодат қилинувчи ҳар қандай нарса, эргашилган одам ёки итоат қилинган шахс тоғутдир».

5-савол: «Дининг нима?»

Жавоб: Диним Ислом.

Ислом Аллоҳга ширк келтирмай таслим бўлиш, тоат билан бўйин эгиш, мусулмонларни дўст тутиш ва мушрикларни душман билиш маъносини англатади.

Аллоҳ таоло айтди:

«Албатта, Аллоҳ наздида мақбул бўлган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон, 19).

«Ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг “дини” Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди» (Оли Имрон, 85).

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчиси деб гувоҳлик беришинг, намозни тўла-тўкис адо этишинг, закотни беришинг, рамазонда рўза тутишинг ва агар қодир бўлсанг ҳаж қилишингдир».

«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси

Бу калима «Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ ҳақ  маъбуд йўқ» маъносини англатади.

Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта, мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покман. Мени яратган зот бундан мустасно бўлиб, албатта У мени (ҳақ динга) ҳидоят қилажак» (Зухруф, 26-27).

Намоз ва закотнинг фарзлигига далил:

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, улар ихлос ила, ботилдан юз ўгириб ҳаққа мойил бўлган ҳолларида фақат ягона Аллоҳга ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (умматнинг) динидир» (Баййина, 5).

Юқоридаги оят тавҳид – ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва ширкдан узоқлашишга буюриш билан бошланди. Буюрилган нарсалар ичида энг улуғи тавҳид бўлса, қайтарилган ишларнинг энг каттаси ширкдир. Шунингдек, оятда намозни тўкис ўқиш ва закот беришга буюрилди.

Мазкур амаллар диннинг асоси бўлиб, шариатдаги ундан бошқа амаллар уларга тобедир.

Рўзанинг фарзлигига далил:

Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан олдинги умматларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди…»

 «(Бу саноқли кунлар) унда одамлар учун ҳидоят, очиқ далил-ҳужжатлар ва (ҳақ билан ботил ўртасини ажратгувчи) фурқон ҳолида Қуръон нозил қилинган рамазон ойидир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара, 183-185).

Ҳажнинг фарзлигига далил:

«Одамлар зиммасида Аллоҳ учун Каъбани (ҳаж қилиш мақсадида) зиёрат қилиш мажбурияти бор» (Оли Имрон, 97).

Иймон асослари

Иймоннинг асоси олтита: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ҳамда қадарнинг яхшисию ёмони Аллоҳдан эканига иймон келтиришдир.

Бунга «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади.

6-савол: Пайғамбаринг ким?

Жавоб: Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф.

Аллоҳ таоло У зотни Исмоил алайҳиссалом авлодининг энг сараси бўлмиш Қурайш қавмидан танлаб олди. Оққа ҳам, қорага ҳам пайғамбар қилиб юборди. Одамларни холис ибодат қилишга даъват қилиши учун у зотга китоб ва ҳикмат нозил қилди. Унгача одамлар бутлар, тошлар, дарахтлар, пайғамбарлар, солиҳлар, фаришталар ва шунга ўхшаш Аллоҳдан бошқа нарсаларга ибодат қилишарди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни Аллоҳга ширк келтирмасликка чақирдилар ва то ёлғиз Аллоҳга ибодат қилмагунларича уларга қарши жанг қилдилар. Аллоҳ таоло Жин сурасида айтади: «(Эй Муҳаммад, динингиздан қайтишингизни талаб қилаётган кофирларга) айтинг: «Мен фақат ёлғиз Раббимга дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман» (20-оят).

Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Мен ёлғиз Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман» (Зумар, 14).

«(Уларга) айтинг: «Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка амр этилганман. Мен фақат Ўша зотга (ибодат қилишга) даъват қилурман ва ёлғиз Унинг ўзига қайтурман». (Раъд, 36).

«(Эй Муҳаммад, у мушрикларга) айтинг: «Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрурмисизлар, эй нодонлар! Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги пайғамбарларга ҳам шундай ваҳий қилинган: «Қасамки, агар ширк келтирсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва зиён кўргувчилардан бўлиб колурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!» (Зумар, 64-66).

Қайта тирилиш, жазо ёки мукофот бериш, ҳисоб-китоб қилиш ҳамда жаннат билан дўзахнинг ҳақлигига иймон келтириш куфрдан халос этадиган иймон асосларидандир.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз сизларни ердан яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа, 55).

Яна айтади: «(Эй Муҳаммад), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда кофирларнинг: «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгидан яратиламизми?» деган гаплари ажабланарлидир. Улар Раббиларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат кунида) уларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар» (Рад, 5).

Оят қайта тирилишни инкор қилган кимса кофир бўлиши ва шу  сабабли жаҳаннамда мангу қолишига далолат қилмоқда.

Аллоҳдан куфрдан ва куфр амаллардан омонлик беришини сўраймиз.

Бу оятларда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифаси баён қилинди. У зот одамларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмасликка даъват қилиш учун пайғамбар қилиб юборилдилар ва шу йўлда уларга қарши курашдилар.

Аллоҳ таоло айтади: «То (дунёда) бирон фитна-ширк қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!» (Анфол, 39).

Аллоҳ таоло у зотни қирқ ёшларида пайғамбар қилиб юборди.

Қарийб ўн йил давомида инсонларни ихлосга ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинаётган нарсаларни тарк қилишга чақирдилар.

Сўнг осмонга кўтарилдилар. У ерда Аллоҳ билан у кишининг ўртасида бирор воситачи бўлмаган ҳолда беш маҳал намоз фарз қилинди.

Ундан кейин ҳижратга буюрилдилар ва Мадинага ҳижрат қилдилар. Жиҳодга амр этилдилар. Ўн йилдан ошиқ Аллоҳ йўлида чинакам жанг қилдилар. Оқибатда, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кира бошлашди.

Олтмиш уч ёшга етганларида (Аллоҳга ҳамд бўлсин) дин комил бўлди ва Аллоҳ таоло у зотга билдирган вафот этиш муддатига етиб келдилар.

Расулларнинг энг биринчиси Нуҳ алайҳиссалом, энг охиргиси эса Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик» (Нисо, 163).

Яна айтади: «Муҳаммад фақат бир пайғамбардир, холос» (Оли Имрон, 144).

«(Эй мўминлар), Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир» (Аҳзоб, 40).

Пайғамбарларнинг энг аълоси Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Одамлар ичида пайғамбарлардан кейинги энг афзал  инсон Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алидир. Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин!

Асрларнинг энг яхшиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асри, ундан кейин унга эргашгани, ундан кейин унга эргашганидир. Исо алайҳиссалом осмондан тушади ва Дажжолни ўлдиради.

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Таржимон: Маҳлиё Исмоил

Изоҳ қолдиринг