“Эй иймон келтирганлар, сабр қилинг ва сабрда душмандан устун бўлинг! Жиҳодда маҳкам туринг! Аллоҳдан қўрқинг, шояд нажот топгайсиз” (Оли Имрон, 200).
Шарҳ:
Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ мўмин бандаларига нидо қилар экан, уларга иймон сифати ила нидо қилмоқда. Чунки мўминлар Аллоҳни Раб, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва Исломни дин деб иймон келтиришлари билан тирикдирлар. Тирик одам чақирилса эшитади, буюрилса итоат этади, қайтарилса тийилади, неъматга шукр, бало ва мусибатга сабр қилади. Кофир эса Аллоҳга, Пайғамбарга ва динга кофир бўлгани учун, буларнинг биронтасидан насибаси йўқдир.
Бу нидода Аллоҳ таоло мўминларни сабр қилиш, сабрда устун бўлиш, риботда туриш ва тақво қилишга буюрмоқда. Қуйида буларни алоҳида шарҳлаб ўтамиз:
Сабр:
Ёқтирмаган нарса, ёмон кўрган иш бошига тушганда нафсни жиловлашга сабр дейилади. Сабрнинг уч ўрни бор:
Биринчиси: Аллоҳ ва Расулига ҳамда мусулмонлар халифасига итоат этишдаги сабр.
Иккинчиси: Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган сўз, амал ва сифатларни тарк этишдаги сабр.
Учинчиси: Гуноҳга каффорат ё даражанинг юқори бўлиши учун Аллоҳ юборган бало-мусибатларга сабр. Мусибатга сабр деганда Аллоҳнинг иродасига рози ва таслим бўлиш англанади. Бунинг аломати жазавага тушмай, ғазабланмай, Аллоҳга кўп ҳамд айтишда кўринади.
Сабрда устун бўлиш:
Қуръонда “мусобара” лафзи билан келган калимани сабр қилувчи кофир қаршисида ундан ҳам сабрли бўлиш, сабрда кофирдан устун бўлиш деб таржима қилдик. Бундан кўринадики, мусобара сабрдан кўра қийинроқ. Чунки у душман қаршисида, душман бўлганда ҳам сабрли душман қаршисида сабр билан туриш, демакдир. Бу икки тарафнинг қай бири сабрда собит тура олмаса енгилади, ҳалокатга юз тутади. Ғалаба ва ютуқ сабри кўпроқ бўлганига насиб этади. Вафр ибн Ҳориснинг мағлубият учун узр тилаб келтирган шеърий мисралари сўзимизни қувватлайди: “Душманга бир қадаҳ узатдик, улар ҳам бир қадаҳ қайтарди бизга. Лекин душман биздан кўра ўлимга сабрли экан”.
Риботда туриш:
Рибот “Робата Юробиту Риботан ва Муробататан” феълининг ўзаги бўлиб, шариат истилоҳида жонни, уловни ва ҳарбий техникани мусулмон давлат чегара зоналарига ўрнатиш ва чегарани қўриқлаш маъносидадир. Душман билдирмай мусулмонлар юртига кириб олиши хавфи бўлган ерлар чегара зонаси ҳисобланади. Асосан бундай ерлар денгиз бўйлари, аҳоли яшамайдиган ерлар ва душман ҳудудига туташ ерлардир.
Риботда туриш фарзи кифоядир. Мусулмон давлат ҳудудларининг омонлигини сақлаб, душманни қўрқитиб турадиган бир гуруҳ кишилар бу ишни амалга оширса, бошқалардан соқит бўлади. Риботда туриш жиҳод кабидир. Риботда турувчи кишиларни мусулмонлар амири тайинлайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда “Анфол” сурасида бундай деган: “Эй мусулмонлар, душманларингиз билан тўқнашиш учун имкон қадар қурол-яроғ билан жанг ҳозирлигини кўрингизки, бу билан сизларга қарши пайт пойлаб турган Аллоҳнинг душманлари ва ўз душманларингиз қалбига қўрқув соласиз” (Анфол, 60).
Риботда туриш ўта фазилатли, ажр-савоби кўп амалдир. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир кун Аллоҳ йўлида риботда туриш дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир” (Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда бундай деганлар: “Бир кеча ва кундуз риботда туриш бир ой кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиб чиқишдан яхшидир” (Муслим ривояти).
Риботда турган пайтда вафот этган кишининг қилиб юрган амали юраверади, унга ризқи келиб туради ва қабр фитнасидан омонда бўлади.
Бугунги кундаги исломий қўшинлар ўз қароргоҳида намозларини ўқисалар, буюрилган амрларни бажариш ва қайтарилган ишлардан узоқ бўлиш билан Аллоҳдан тақво қилсалар-да, сўнг Аллоҳ йўлида мусулмонлар диёрини ҳимоя қилишни ният этсалар, риботда турувчилар жумласидан бўладилар. Риботда туриш ва риботда турувчилар фазли ҳақида келган барча сўзлар уларга ҳам жорий бўлади.
Тақво: