Биринчи асос: улуҳият тавҳиди

0

2. Улуҳият тавҳиди:

Улуҳият тавҳиди барча ибодат турларини ёлғиз Аллоҳ таолога қаратиш демакдир. Зеро, улуҳият сўзи ибодат маъносини, илоҳ сўзи эса ибодат қилинувчи, сиғинилувчи маъносини англатади. Шу боис тавҳиднинг бу тури ибодат тавҳиди деб ҳам аталади.

Ибодат сўзи луғавий жиҳатдан хорлик маъносини англатади. Араблар бирон бир йўл қадамлар билан босилаверганидан текис бўлиб кетган бўлса, бундай йўлни “ибодатли (хорланган) йўл” деб аташади.

Ибодатнинг шариатдаги маъноси хусусида уламолар иттифоқ қилган бўлсаларда, бироқ бу маънони турлича таъбир қилишганлар. Бир тоифа уламоларнинг айтишича, ибодат “давомли урф-одат ёки ақл тақозосидан келиб чиқмаган ҳолда шаръан буюрилган амаллар”дир. Бошқа бир уламоларнинг фикрича, ибодат “комил муҳаббат ила тўла бўйсуниш” дан иборат. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ибодатни шундай таъриф қилади: “Ибодат – Аллоҳ яхши кўрган ҳамда Унга манзур бўлган ҳар қандай ботиний ва зоҳирий сўз ва хатти-ҳаракатларни қамраб олувчи сўздир”. Ушбу таъриф ибодат сўзига берилган энг аниқ ва энг умумий таърифдир.

Демак, ибодат бутун динни ўз ичига қамраб олади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, айримлар ибодатни “комил муҳаббат ила тўла бўйсуниш”, дея таърифладилар. Негаки, комил муҳаббат ила тўла бўйсуниш, кишининг ўз маҳбубига итоат қилиб, унга бўйсунишини тақозо қилади. Банда дегани маҳбубига бўлган муҳаббат ва мутелик уни батамом хокисор ва ювош қилиб қўйган инсондир. Банданинг Раббига бўлган муҳаббати ва хокисорлиги қанча бўлса, Унга шунча итоат қилади.

Биз бандалар буюрилган ибодат – хокисорлик ва яхши кўриш маъноларини ўз ичига олиши зарур. Ибодатда уч рукн: муҳаббат, умид ва хавф – қўрқиш маънолари мужассам бўлиши шарт. Шунингдек, бу уч рукн бир вақтнинг ўзида жамланиши керак. Кимда ким улардан фақат биригагина осилиб олса, у ҳолда Аллоҳга тўла-тўкис ибодат қилмаган ҳисобланади.

Аллоҳга фақат муҳаббат билан ибодат қилиш сўфийлар тариқати, фақат умид билан ибодат қилиш муржиалар йўли ва фақат қўрқиш билан ибодат қилиш эса хаворижларга хос услубдир.

Бўйсунишсиз ёлғиз яхши кўриш – муҳаббатнинг ўзи ибодат ҳисобланмайди. Кимда ким худди фарзанди ёки ўртоғини яхши кўрганидек, бировни яхши кўриб, унга бўйсунмаса унга ибодат қилган саналмайди. Шунингдек, муҳаббатдан холи бўлган бўйсуниш ҳам ибодат эмас. Баъзан, инсон яхши кўрмасада, зиёндан сақланиш мақсадида бирон подшоҳ ёки золим ҳукмдорга бўйсунишга мажбур бўлади. Демак, Аллоҳ таолога қилган ибодатларимиз ибодат саналиши учун фақат муҳаббат ёки бўйсунишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларнинг ҳар иккиси бўлиши, Аллоҳ таоло бандага ҳар қандай нарсадан суюкли, буюк ва маҳобатли бўлиши зарур экан.

Ибодат бу Аллоҳ суйган ва рози бўладиган ғоя бўлиб, бутун борлиқ онгли мавжудотни шу ғоя сабабли яратди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен жин ва инсонларни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим” [Зориёт: 56]. Шунингдек, Аллоҳ барча пайғамбарларни мазкур ғояни инсонларга еткизиш учун юборди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан бошқа барча ибодат қилинадиган нарсалардан йироқ бўлинглар”, (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз” [Наҳл: 36].

Изоҳ қолдиринг