Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ироқ ўлкалари фатҳи

0

Ироқ ерларини фатҳ этиш режаси

Муртадликка қарши урушлар тугаб, ушбу урушлар ўчоғи бўлган Арабистон яриморолида ишлар ўз ўзанига тушгач, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг режаларида бўлган фатҳ ҳаракатларини амалга оширишга киришди. Дастлаб, у Ироқ ўлкалари фатҳи учун иккита қўшинни сафарбар этди.

Биринчи қўшин Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги қўшин бўлиб, Холид ҳали Ямомада эди. Абу Бакр Сиддиқ унга мактуб йўллаб, Ироққа йўл олишни ва унга жанубий ғарбий томонидан кириб боришни буюрди. Мактубда шундай сўзлар бор эди: “Ироққа юриш бошла, унга Убулла томондан кириб бор”. Уни Ироқнинг юқори томонидан кириб келишга, энг аввал одамлар кўнглини топишга ва уларни тинч йўл билан Аллоҳга даъват қилишга буюрди, агар қабул қилсалар хўп, қабул қилмасалар жизя тўлаб, Ислом ҳукми остида ўз динларида яшаб қолаверадилар, унга ҳам, бунга ҳам кўнмасалар, уларга қарши уруш олиб борилади, деди. У Холидга бирон кишини мажбуран қўшини сафига олмасликни, Исломдан қайтиб (муртад бўлиб), кейин яна Исломга қайтган кимсалар ёрдамидан фойдаланмасликни, йўлидаги шаҳар-қишлоқлар аҳлидан фақат кўнгиллиларни қўшинига олишни буюрди. Сўнг Абу Бакр Холид ибн Валид қўшинига ёрдамга борадиган мадад кучларини ҳозирлашга киришди.

Иккинчи қўшин Иёз ибн Ғанм бошчилигидаги қўшин бўлиб, у Набож[1] ва Ҳижоз оралиғида эди. Унга мактуб йўллаб, Ироққа шимолий шарқий томондан кириб боришини амр этди, “Юришни Масихдан[2] бошла, сўнг Ироқнинг юқори томонига йўл олиб, Холид ибн Валидга бориб қўшил, ҳар иккингиз ортга қайтишни истаганларга изн беринглар, ҳеч кимни урушга мажбурламанглар, истаган қолсин, истамаган қайтиб кетаверсин”, деди.

Сиддиқ разияллоҳу анҳу Холидга ҳам, Иёзга ҳам мактуб йўллаб, улардан қай бири Ҳийрага биринчи етиб келса, ўша амир бўлишини билдирди. Уларга, Ҳийрада бирлашганингиздан сўнг форсларга қарши урушасизлар ва мусулмонларга ўша томондан келадиган хавф-хатарни бартараф этасизлар, кейин бирингиз Ҳийрада қолиб, иккинчингиз Форс давлатининг пойтахти ва иззат-шарафи маркази бўлган Мадоинга йўл оласиз, деб кўрсатма берди[3].

Илгарироқ Мусанно ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига келиб, ўзини қавмига бош қилиб форсларга қарши урушга юборишини сўраган, Сиддиқ унинг сўровини қабул қилиб, Ироқ томонга юборган эди. Шундан сўнг Мусанно ҳам Ироқ фатҳига қўшилди, сўнг укаси Масъуд ибн Ҳорисани Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳузурига йўллаб, ундан ўзига мадад кучлари юборишини сўради. Абу Бакр унга Холид ибн Валид бошчилигида Ироққа қўшин йўллаганини хабар бериб, уни ҳам Холид қўшинига бориб қўшилишга буюрди. Холидга итоат қилишга ва унинг амридан четга чиқмасликка буюриб шундай деди: “Холид Аллоҳ таоло Қуръонда улар ҳақида мана бу сўзларни айтган кишилардан: “Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир. У билан бирга бўлган кишилар кофирларга қаттиққўл, ўзаро раҳмдил кишилардир. Уларни руку ва сужуд қилган ҳолда кўрасиз” (Фатҳ сураси, 29). Модомики бир жойда турар экансизлар, у сенга амирдир, агар бошқа ерга йўл олса, сен аввалги ўрнингда қолаверасан”[4].

Мусаннонинг қавмида Мазъур ибн Адий деган киши бор эди. У Мусанно билан келишмай қолди ва Абу Бакр Сиддиққа мактуб йўллаб, арзи ҳол қилди: “Мен чавандозлар ва ботир жангчилар эли бўлмиш Бани Ижл уруғидан бўламан. Қўлимда ҳар бири юз кишига бас келадиган йигитларим бор. Мен бу ўлкаларни яхши биламан, уруш борасида етарли тажрибага эгаман, мени қўшинга бош қилинг, нимага қодирлигимни кўрасиз, иншооллоҳ”[5].

Мусанно ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу ҳам Мазъур ибн Адий ҳақида Сиддиқ разияллоҳу анҳуга мактуб йўллаб, қуйидагиларни баён қилди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифасига маълум қиламанки, қавмимдаги Бани Ижл уруғидан бўлган Мазъур ибн Адий кам сонли кишилари билан бирга мен билан низолашмоқда ва менга хилоф қилмоқда. У ҳақда сизнинг фикрингизни билай, деб маълумот йўлламоқдаман”[6].

Сиддиқ разияллоҳу анҳу Мазъур ибн Адийга жавоб йўллади: “Аммо баъд. Мактубингни ўқидим ва сени тушундим. Сен ҳам, қўлингдаги йигитларинг ҳам нақадар баҳодир жангчилар эканингизга ишонаман. Менинг фикрим шуки, сен йигитларингни олиб, Холид ибн Валидга бориб қўшил, доим унинг ёнида бўл, Ироқдан кетса, у билан бирга кетинглар”[7].

Мусанно ибн Ҳорисага эса қуйидаги жавобини йўллади: “Ижллик биродаринг менга мактуб йўллаб, баъзи нарсаларни сўради. Мен ҳозирча уни йигитлари билан бирга Холиднинг ёнида бўлишга буюрдим. Сени эса то Холид ибн Валид кетмагунича Ироқда қолишга буюраман, Холид кетганидан сўнг аввал турган жойингга қайтасан. Сен бундан ҳам яхшироқ мақомга лойиқ, ҳар қандай фазилатга муносиб кишисан”[8].

 

[1] Набож – Макка ва Басра оралиғидаги қишлоқ номи
[2] Масих – Ироқ чегараси яқинидаги Шомга қарашли қишлоқ номи
[3] “Тарих ат-Табарий”, 4/163.
[4] Ҳамидуллоҳ, “Ал-васоиқ ас-сиёсия”, 371-бет.
[5] Аввалги манба, 372-бет.
[6] Аввалги манба, 372-бет.
[7] Аввалги манба, 372-бет.
[8] Аввалги манба, 372-бет.

Изоҳ қолдиринг