Эй иймон келтирганлар (21): Мўминлар молини ноҳақ ейиш ва ноҳақ одам ўлдириш ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, бир-бирингизнинг молингизни ноҳақ еманг. Фақат ҳалол йўл билан, ўзаро розилик асосида бўлса, шундагина ейишингиз мумкин. Бир-бирингизни ўлдирманг. Албатта Аллоҳ таоло сизларга раҳмли Зотдир” (Нисо, 29).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло нима учун иймон келтирган бандаларига нидо қилгани ёдингиздами? Аллоҳ нидо қилган мўминлар Раббимиз Аллоҳ, динимиз Ислом ва пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам деб иймон келтирганлари боис зиммаларига буйруқ ва қайтариқлар юкланишига лойиқ бўлдилар. Иймонлари билан бажариш лозим бўлган ишни бажарадилар, тарк этиш шарт бўлган ишни ташлайдилар. Чунки улар иймонлари билан тирикдирлар, эшитадилар, буюрилса бажариб, қайтарилса қайтадилар.

Навбатдаги бу нидода ҳам Аллоҳ таоло уларга иймон сифатлари билан нидо қилиб: “Эй иймон келтирганлар”, деди, сўнг уларни бир-бирларининг молларини ноҳақ ейишдан қайтарди. Фақат мерос олиш, тижорат ва касб-ҳунар қилиш, садақа ёки вожиб нафақа каби ҳалол йўллар билан ейишга амр этди. Садақадан унга ҳақли бўлган фақир ва мискинлар, вожиб нафақадан эса ота-она, хотин ва фарзандлар ейиши кўзда тутилган. Аллоҳнинг: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирингизнинг молингизни ноҳақ еманг” сўзидан англанадиган маъно шудир. Кўпинча молни ишлатиш уни ейиш орқали амалга ошгани боис “ейиш” сўзи келтирилган. Йўқса, ҳар қандай ноҳақ олинган мол, у ейиш билан бўладими, ичиш биланми ё қуриш, миниш, кийиш, жиҳозлаш биланми, фарқсиз, ноҳақ йўл билан бўлса, ҳаромдир.

Фақат тижорат моли бундан мустасно: “Фақат ҳалол йўл билан, ўзаро розилик асосида тижорат орқали бўлса, шундагина мумкин”.

Тижоратчи эгасини рози қилиб ўн дирҳамга сотиб олган қўйни йигирма дирҳамга сотиши мумкин ёки юз мингга сотиб олган уйни юз эллик мингга сотиши мумкин. Бу киши биродарининг молини ноҳақ еди, деб ҳеч ким айтмайди. Чунки у қўйни ўн дирҳамга олиб, йигирма дирҳамга сотди ва ўн дирҳам фойда қилди. Аллоҳ тижоратни ҳалол қилди. Тижорат орқали топилган фойда ҳалолдир: “Фақат ҳалол йўл билан, ўзаро розилик асосида тижорат орқали бўлса, шундагина мумкин”. Агар қўйни эгасини рози қилмай олиб сотганида, ўн дирҳам эмас, озгина фойда қилса ҳам ҳалол бўлмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сотувчи ва олувчи олди-сотди қилган ердан тарқалмай турганларида ихтиёрли бўладилар” (Бухорий, 2004). Яъни молни қайтаришга ихтиёрли бўладилар, олди-сотди амалга оширилган ердан тарқалишгач савдо пишган бўлади ва молни сотиб олган муштарий уни сотиб юборишга ҳақли бўлади. Юқоридаги оятга кўра, ўн дирҳамга сотиб олган молни йигирма дирҳамга сотиш бировга зарар етказиш ё ноҳақ ейиш саналмайди, муҳими савдо алдам-қалдамсиз, ўзаро розилик билан амалга ошган бўлса бас.

Тижоратдан топилган фойдада сотувчи билан харидорнинг ўзаро розилиги шарт қилинган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Олди-сотди ўзаро розилик асосида бўлади” (Ибн Можа, 2185). Ўзаро розилик бўлмас экан, савдо ботил бўлади. Эгасининг розилигисиз топилган фойда ҳаромдир. Бундай савдо қилган киши розиликсиз олинган молни эгасига қайтариши лозим.

Мусулмонлар молини ботил йўллар билан ейиш бир неча хил бўлиб, қуйида уларни баён қиламиз:

  • Бировнинг молини ўғирлаб олиш ҳаромдир. Аллоҳ ўғриликни ҳаром қилган, ўғрининг эса қўлини кесишга ҳукм этган.

  • Судхўрлик. Биродарига қарз берган киши берган маблағидан бир дирҳам бўлса-да ортиғини олиши ҳалол бўлмайди.

  • Алдов йўли билан. Масалан: бузуқ, айниган молни билдирмай, айбини яшириб ёки қалбаки нарсани асил деб сотиш. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги бозорга кирдилар. Қопда егулик бир нарса сотаётган кишининг олдига келиб, қоп ичига қўлларини тиқиб кўриб, намликни сездилар. Қопнинг устидагиси қуруқ, таги ҳўл экан. Шунда сотувчини койиб: “Молингни сотиб олувчи билиши учун, қопнинг тагидаги ҳўлини қоп устига чиқариб қўйсанг бўлмасмиди?! Билиб қўй, ким бизни алдаса, у биздан эмас. Макр ва алдов дўзахдадир” дедилар (Муслим, 146).

  • Қимор. Қимор ўйнаб ё қимор ҳукмида бўлган ўйинлар орқали топилган мол ноҳақ олингани учун ҳаромдир.

  • Заклад. Заклад ёки закалат – харидор олмоқчи бўлган мол учун пулнинг бир қисмини олдиндан бериб қўяди ва молнинг эгасига: “Пулнинг ҳаммасини беролсам молни олиб кетаман, агар тўлай олмасам мол ҳам, заклад ҳам сизга”, деб айтади. Заклад деб олинган пулни ейиш, ноҳақ бўлгани учун, ҳаромдир.

Аллоҳ таолонинг бу нидодаги “Бир-бирингизни ўлдирманг”, деган сўзи каттами кичикми, соғломми касалми, мўмин кишини ўлдириш қатъиян ҳаром эканига далилдир. Бундан ташқари, мўмин киши қандай йўл билан бўлмасин, бутунлай емай-ичмай қўйиш биланми, заҳар ичиш, ўзини қудуққа отиш, баланд бино ё тоғдан ташлаш билан бўладими, ўзини ўзи ўлдириши ҳам ҳаромдир. Бу ва бошқа оятларда келганига кўра, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш ҳаромдир: “Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдирманглар! Магар ҳақ билан ўлдирсангиз мумкин” (Анъом, 151).

Мўминлар молини ботил йўллар билан ейиш ва уларни ноҳақ ўлдириш ҳаром эканини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни энг буюк ўринда қилган узун ва таъсирли хутбаларида эълон қилиб: “Қонингиз, молингиз ва обрўларингиз (яъни уларни тўкиш) бу кун, бу шаҳар ва бу турган ойнинг ҳаромлиги каби ҳаромдир”, дедилар, сўнг: “Аллоҳ, Ўзинг гувоҳ бўл, мен етказдим”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Эй мўминлар, унутманг, одам ўлдириш гуноҳидан ширк ва куфргина юқори бўлиб, бошқа бирон жиноят ундан юқори турмайди, ундан кейин зино қилиш гуноҳи туради, Аллоҳ сақласин.

Сўзим сўнгида шуни айтмоқчиман, кофир юртларда кенг тарқалган ўзини ўлдириш ҳолатлари, минг афсус, мусулмон диёрларида ҳам кўринмоқда. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда келган қаттиқ ваидни (таҳдидни) эслатиб ўтмоқчиман. Ота-онам у зотга фидо бўлсин, айтдилар: “Ким ўзини нима билан ўлдирса, қиёмат куни шу билан азобланади” (Бухорий (5700), Муслим (110).

“Ким ўзини тиғ билан ўлдирса, қўлидаги тиғни қорнига санчган ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, қўлида заҳари билан, уни қийналиб ичган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам ўтида шу азоб (яъни, тоғдан думалаш) билан азобланган ҳолда абадий қолади” (Бухорий (5442), Муслим (109).

Огоҳ бўлайлик, мусулмонлар молини ноҳақ ейишдан ва ўзини ўзи ўлдиришдан Аллоҳдан паноҳ тилайлик. Аллоҳ бизга меҳрибон ва раҳмлидир, ҳаром нарсаларни бизга шунинг учун ҳаром этган.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг