Пайғамбаримиздан қолган осорларни табаррук қилиш жоизми?

0

Савол:

Ҳозирги замонда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган осорлар мавжудми ва уларни табаррук қилиш жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Биринчидан:

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг осорларини табаррук қилиш у зот ҳаётлик даврларида амал қилинган иш бўлган. Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган таҳорат суви, таом ёки сув, у зотнинг кийимлари, сочлари ва бошқа кўп нарсаларни табаррук қилишар эди. Шунингдек, у зотнинг баданларига теккан сув, баданларидан чиққан тер ва шунга ўхшаш нарсаларни табаррук деб билиш ҳам саҳобалар ўртасида маълум ва жоиз иш саналган. Мазкур нарсаларда хайр-барака борлиги барча мусулмонлар наздида эътироф этилган иш бўлган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг у зотга тегишли мазкур нарсаларни табаррук санашларини маъқуллаганлар.

«Кувайт фиқҳ қомуси»да бундай дейилади: «Уламолар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оид осорларни табаррук санаш жоизлигига иттифоқ қилишган. Сийрат, шамоил ва ҳадис уламолари саҳобаларнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансуб турли осорларни табаррук қилишгани тўғрисидаги хабарларни нақл қилишган».

Иккинчидан:

Имом Бухорий «Саҳиҳи»да Амр ибн Ҳорис разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жон берар чоғларида ўзларидан кейин на динору дирҳам, на бирон қул ёки чўри ва на бирон бошқа нарса қолдирдилар. У зотдан бор-йўғи оқ хачирлари, силоҳлари ва садақа учун ажратилган ерларигина қолди» (2739-ҳадис).

Мазкур ҳадис Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин у зотга тегишли буюмлар жуда оз қолганига далолат қилади.

Учинчидан:

Саҳоба ва тобеинлар давридан кейин то ҳозирги кунимизга қадар айрим халифалар, уламолар ва солиҳлар томонидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг осорларини табаррук қилишга далолат қиладиган кўп хабарлар нақл қилинган. Бироқ бундай хабарларнинг айримлари ривоятлар заифлиги сабаб ўз исботини топмаган бўлса, аксар ҳолларда ўша нарсанинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансублиги ўз исботини топмаган.

«Набавий осорлар» китоби муаллифи усмонийлар халифалиги пойтахти Қустантиния (ҳозирги Истанбул)да Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёки у зотдан бошқаларга мансублиги даъво қилинган осор ва буюмларни санаб ўтар экан бундай дейди: «Албатта, мазкур осорлардан айримлари чиндан ҳам ўз эгаларига мансуб бўлиши мумкин. Лекин биз ишончли муаррихлардан биронтаси мазкур нарсаларнинг эгаларига мансублигини тасдиқлагани ёки инкор этганини кўрмаганмиз. Ҳақиқат ёлғиз Аллоҳга аён. Айни пайтда улардан айримларининг чиндан ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёки у зотдан бошқаларга мансублиги тўғрисида жиддий шак-шубҳалар борлиги ҳам махфий эмас!»[1].

Тўртинчидан:

Замонлар ўтиши билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оид бўлган осорлардан кўпининг йўқолиб кетгани ўз исботини топган. Бунга турли урушлар, фитналар ва бошқа омиллар сабаб бўлган. Жумладан:

  1. Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кумушдан узук ясатдилар. Уни қўлларига тақиб юрар эдилар. У зотдан кейин узукни Абу Бакр, сўнг Умар, сўнг Усмон тақди. Охири Усмоннинг қўлидан Арис қудуғига тушиб йўқолди. Узукка «Муҳаммад Расулуллоҳ» деб нақш солинган эди» (Бухорий, 5873; Муслим, 2091).

  2. Аббосийлар давлатининг охирги даврлари ҳижрий 656 санада мўғул-татар босқинчилари Бағдодни ишғол этганида кўплаб исломий осорлар қаторида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансуб тўн (бурда) ва қилични ҳам ёқиб юборишгани нақл қилинади.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур тўн аббосий халифалар ичида авлоддан авлодга ўтиб келди. Халифа ҳайит куни уни елкасига ташлаб олиб, бир қўлида эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансуб қилични тутганча халойиқнинг олдига чиқар экан, унинг салобатли ва виқорли кўринишидан қалблар ҳаяжонга тўлар, кўзлар лол қолар эди»[2].

  1. Ҳижрий 803 санада Амир Тимурнинг Дамашққа қилган юришида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансуб бўлган бир жуфт шиппак йўқолади.

Шунингдек, мазкур осорларга эга кишилар вафот этганларидан кейин, агар бу осорлар кийимдан иборат бўлса у билан кафанланишни ёки соч каби нарсалардан иборат бўлса уни ўзларига қўшиб дафн этилишини васият этиши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансуб осор ва буюмларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб борган[3].

Бешинчидан:

Сўнгги асрларда кўплаб мусулмон мамлакатларида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансуб туклар (мўйи шариф) борлиги даъво қилинади. Ҳатто биргина Қустантиния (Истанбул) шаҳрида ҳижрий 1327 санада 43 та ана шундай туклар борлиги, улардан 25 таси ҳадя қилингани, натижада шаҳарда 18 таси қолгани айтилган[4].

Шунинг учун «Набавий осорлар» китоби муаллифи саҳоба разияллоҳу анҳум Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларини табаррук қилганлари ҳақидаги хабарларни келтиргач, шундай дейди: «Кейинчалик одамлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган чинакам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оид бўлган сочлар саҳоба разияллоҳу анҳум ўртасида тақсимланган сочлардан етиб борганидир. Муаммо уларнинг қай бири ҳаққоний, қай бири эса қалбаки эканини аниқлашда»[5].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансублиги даъво қилинган тукларга эга кишилар уларни сақлашга алоҳида эътибор қаратишади. Уларни махсус сандиқчалар ёки шиша идишларда сақлаб, ипак матоларга ўраб қўйишади. Айрим мусулмон мамлакатларида бундай туклар йилда бир ёки бир неча бор ўзига хос тантанага кўра муайян муносабатлар билан, масалан, қадр кечасида ёки шаъбон ойининг 15-чи кечасида одамлар табаррук қилишлари учун намойиш этилади. Аввало мазкур осорларнинг ҳаққонийлиги исботга муҳтож бўлса, иккинчидан уларни бу тарзда муайян муносабатларда табаррук қилиниши учун одамларга намойиш қилиниши салафи солиҳлар амалига хилофдир. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оид тукларга эга бўлган саҳобалар бундай қилмаганлар.

Юқорида келтирилган сўзлардан маълум бўладики, айрим шахслар томонидан ёки жойларда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансублиги даъво қилинган тук, шиппак, коса ва шунга ўхшаш осор ва буюмларнинг ҳаққонийлигида жиддий шубҳалар бор. Бинобарин, мазкур нарсаларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансублигини исботлайдиган қатъий далилга эҳтиёж бор. Бироқ бундай далил қаёқдан топилсин?!

Шайх Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Биз биламизки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийим-кечак, соч-соқол ва шунга ўхшаш осорлари йўқолиб кетган. Ҳеч кимса қатъий равишда улардан бирининг ҳозирга қадар сақланиб қолганини исботлай олмайди»[6].

Дарҳақиқат, мазкур осорларнинг вужудга келганига 14 асрдан ошган ва турли мақсадларга эришиш илинжида ёлғондан уларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга мансублигини даъво қилиш эҳтимоли бор экан, ҳозирда бундай осорларнинг мавжудлиги қийин масала бўлиб қолади. Нима бўлганда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан энг олий ва энг фойдали табаррук бу – у зотнинг сўзлари ва амалий суннатларидан иборат осорларига эргашиш, зоҳиру ботинда у зотнинг йўлларидан боришдадир. Хайр-бараканинг барчаси шунда эканида ҳеч шубҳа йўқ!

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мадина аҳли Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида у зотга иймон келтиришлари ва итоат этишлари сабабли у зотнинг баракаларига ноил бўлдилар. Иймон ва итоат баракаси билан дунё ва охират бахт-саодатига эришдилар. Балки Пайғамбарга иймон келтирган ва итоат этган мўмин киши борки, у зотга иймон келтириши ва итоат этиши баракасидан сон-саноқсиз дунё ва охират яхшиликларига эришади»[7].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирда мавжуд бундай осорларнинг чиндан ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оидлигини исботлайдиган бирон далил йўқ. Катта эҳтимолга кўра улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оид осорлар эмас. Агар шундай осорлар сақланиб қолгани фараз қилинса, уларни табаррук қилиш жоиздир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, уламолар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оид осорларни табаррук қилиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу осорлар хайр-барака ҳосил бўлиши учун шунчаки сабаблар ҳисобланиб, мустақил равишда бирон фойда ёки зарар беришга қодир эмас. Воқеликка назар солсак, бундай осорларни табаррук қилишда ҳаддан ошиш, ширкка олиб борувчи амалларга ўтиш ҳолатлари кўп учрайди. Бинобарин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга оидлигида шубҳа борлиги ва табаррук қилишда ҳаддан ошиш ҳолатлари кўп учрагани боис, бу каби осорларга эътибор бермаслик мақсадга мувофиқдир, валлоҳу аълам.

[1] Аҳмад Тимурпошшо. «Ал-осор ан-набавийя», 78-бет.

[2] Ибн Касир. «Ал-бидоя ва ан-ниҳоя», 6/8.

[3] Қаранг: Заҳабий. «Сияр аълом ан-нубало», 11/337. Аҳмад Тимурпошшо. «Ал-осор ан-набавийя», 82,84,85-бетлар.

[4] Қаранг: Аҳмад Тимурпошшо. «Ал-осор ан-набавийя», 91-бет.

[5] Қаранг: Аҳмад Тимурпошшо. «Ал-осор ан-набавийя», 82-бет.

[6] Қаранг: Албоний. «Ат-тавассул: анвоъуҳу ва аҳкомуҳу», 146-бет.

[7] Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 11/113.

Изоҳ қолдиринг