Эй иймон келтирганлар (23): Аллоҳ ва Расулига ҳамда мусулмон раҳбарга итоат қилиш ва келишмовчиликда ҳукмни Китобу суннатга қайтариш вожиблиги

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг ва Пайғамбарга ҳамда мусулмон раҳбарларингизга бўйсунинг! Ораларингизда келишмовчилик чиқса, агар Аллоҳга ва қиёмат кунига чин иймон келтирган бўлсангиз, китоб ва суннатга қайтаринг. Бу сизлар учун яхшироқ ҳамда оқибати гўзалроқдир” (Нисо, 59).

Шарҳ:

Эй иймон аҳли, Аллоҳ таоло шунча махлуқотлари орасида айнан сизга нидо қилаётганини доим ёдда тутинг, демак сиз шунга муносибсиз. Бу лойиқлик чиройли бўлганингиз ёки бойлигингиз учун эмас албатта, йўқса махлуқотлар ичида сиздан чиройли, сиздан бойлар тўлиб ётибди. Сизнинг бундай мақомга муносиб топилганингиз сабаби иймонингиздир. Аллоҳни Раб, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар, Исломни дин ва шариат ўлароқ тан олганингиз ва бошқа арконларга: фаришталар, китоблар, пайғамбарлар, қиёмат кунига ва тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтирганингиздир.

Бу нидода Аллоҳ таоло мўмин бандаларини дунё ва охират саодатига чамбарчас боғлиқ бўлган икки буюк ишга амр этмоқда.

Биринчиси: Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари бўлмиш амир ва уламоларга итоат этиш.

Иккинчиси: Келишмовчилик ва тортишувли ишларни Аллоҳнинг китоби Қуръонга ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига (ҳадисларига) қайтариш.

Қуйида Аллоҳ буюрган бу икки иш билан эришиладиган бахт-саодатнинг баъзи жиҳатлари ҳақида сўз юритамиз:

  • Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилиш.

Аллоҳга итоат қилиш У буюрган ишларни бажариш ва қайтарган ишлардан тийилиш билан амалга ошади. Буюрган ишлари фарз бўладими, вожибми, суннат, нафл ё иршодми, фарқ этмайди. Шунингдек, қайтарган нарсалари ҳаром бўладими, макруҳми, бунинг ҳам фарқи йўқ. Чунки Аллоҳ нимага буюрган ва нимадан қайтарган бўлса, фақат банданинг ҳар икки дунёдаги камоли ва бахт-саодати учун  буюради, бахтсизлик ва зиён-заҳматдан узоқ бўлсин деб қайтаради. Муҳтож бўлгани учун эмас, балки бандаларига тарбиятчи ва дўст бўлганидан уларни камолот ва саодатга эриштирадиган ишларга буюрган, бахтсизлик ва ҳасрат-надоматга олиб борувчи ишлардан қайтарган.

Бундан Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини ўқиб-ўрганиш энг зарур иш ва фарз экани маълум бўлади. Уларни билмаган киши Аллоҳга керак бўлганидек итоат қилолмайди. Тоат-ибодатсиз банда икки дунёда ҳам зиёнда қолиши муқаррар. Буни аввало ўзимиз яхши билиб олайлик ва бошқа мўминларни ҳам огоҳ этайлик.

  • Аллоҳнинг элчиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш.

Расулуллоҳга итоат ҳам Аллоҳга итоат каби, у зотнинг буйруқ ва қайтариқларини билиш билан рўёбга чиқади ва уларнинг вожиб ё нафл, ҳаром ё макруҳлигида фарқ этмайди. Гарчи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқ ва қайтариқлари зимнида илоҳий ваҳий турган бўлса-да, яъни пайғамбарнинг буюргани ва қайтаргани  Аллоҳнинг буйруғи ва қайтариғи саналса-да, Аллоҳ таоло расулига итоатни Ўзига итоатдан алоҳида қилиб амр этди, “Аллоҳга итоат қилинг ва Пайғамбарга итоат қилинг” деб, итоатни такрор келтирди. Сабаби, Аллоҳ таоло уммат шариат аҳкомлари ва Қуръон кўрсатмаларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баёнларисиз идрок этишдан ожиз эканини билди: “Эй Пайғамбар, Биз сизга Қуръонни одамлар учун номаълум бўлган маъно ва ҳукмларини баён қилиб беришингиз учун нозил қилдик” (Наҳл, 44). Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар: “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди” (Бухорий; (2957), Муслим; (1835).

Шунга кўра, ҳар бир мўмин ва мўмина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга у зот буюрган ва қайтарган ишларда, хоҳ вожиб, хоҳ ҳаром  қилинган ишлар бўлсин, баб-баробар итоат қилиши фарз бўлади. Шунингдек, у зот умматга буюрган ва қайтарган ишларни ўрганиш ва билиш ҳам фарздир. Буларни билмасдан туриб мусулмон киши пайғамбарга итоат этиши амри маҳолдир.

  • Мўминлар устидаги мусулмон раҳбарларга итоат қилиш.

Аллоҳ таоло ушбу нидода мусулмон раҳбарларга итоат қилишни амр этиб: “Мусулмон раҳбарларингизга бўйсунинг”, деди ва итоатни ҳамма раҳбарларга эмас, фақат мусулмон раҳбарга чеклаб қўйди. Мусулмон бўлмаган раҳбарларга итоат қилинмайди. Фақат ўлим хавфи бўлган мажбурланиш ёки чидаб бўлмас қаттиқ азобга дучор бўлиш ҳолатида бунга рухсат берилади. Бунга мана бу оят далил бўлади: “Аммо ким қалби иймонда собит бўлган ҳолда куфр сўзини айтишга мажбур қилинса ва бу сўзни ҳалокатдан қўрққани учунгина айтган бўлса, унга маломат йўқдир” (Наҳл, 106).

Мусулмон раҳбар маъноси ичига амирлар, уламолар, ота-она ва солиҳ мураббийлар ҳам дохилдир. Бироқ уларга бўлган итоат мутлақ эмас, чекланган бўлиб, шариат яхши деган ишлардагина итоат қилинади, ёмонликка ва ҳаром ишга буюрса, ким бўлишидан қатъи назар итоат этилмайди. Аллоҳ таоло Расулига хитоб қилиб деди: “Яхши ишларда сизга итоатсизлик қилмасликка…” (Мумтаҳана, 12). Яъни мўмина аёллар яхши ишларда сизга итоатсизлик қилмасинлар, балки итоат қилиш улар зиммасидаги фарздир. Аммо, буюрганингиз яхши иш бўлмаса, унда сизга итоат қилишлари вожиб эмас. Бу гап қуръоний ҳидоят бобидан айтилди, йўқса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликдан бошқа нарсага асло буюрмайдилар, Аллоҳ сақласин.

Демак, мусулмон раҳбарга итоат шариат буюрган ёки қайтарган ишлардагина вожиб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари ҳам буни таъкидлайди: “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат қилса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди” (Бухорий; (2957), Муслим; (1835).

Ота-онага итоат этиш тўғрисида Аллоҳ таоло будай деган: “(Гуноҳ бўлмайдиган ишларда) ота-онангга яхши муомалада бўлгин. Гуноҳидан тавба қилган, Менга қайтган кишиларнинг йўлини тутгин” (Луқмон, 15).

Бу айтиб ўтилганлар биринчи буйруққа: Аллоҳга, Расулига ва мусулмон раҳбарларга итоат қилишга тааллуқли гаплар эди.

Энди иккинчи буйруққа келсак, у келишила олмай қолган ишларни Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига қайтаришдир. Бундай қилиш вожибдир, ким билиб туриб бош тортса фосиқ ва золим бўлади, ўзини куфрга нишон қилган бўлади, Аллоҳ сақласин. Аллоҳ деди: “Ораларингизда келишмовчилик чиқса”, эй мўминлар, ҳоким бўласизми, маҳкумми, олим бўласизми, жоҳилми, нима масалада бўлса ҳам, ҳалол-ҳаром, вожиб, жоиз, мубоҳ ва бошқа қандай иш бўлмасин, Қуръон ва суннатга (оят ва ҳадисга) қайтаринг. Келишилмай қолган масалани текшириб, тадқиқ қила оладиган кишилар шариат олимлари, фуқаҳолар, китобу суннатни билувчи кишилардир, ҳоким бўлса-да жоҳил, илмсиз, китобу суннатни билмайдиган кишилар эмас. Аллоҳ таолонинг: “Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига чин иймон келтирган бўлсангиз” сўзида келишмовчиликларда ҳукмни китобу суннатга қайтармайдиганлар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонмайдиган кишилар бўлишига ишора бор. Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмаса, кофир бўлади.

Аллоҳ таоло нидонинг охирини: “Бу сизлар учун яхшироқ ҳамда оқибати гўзалроқдир”, деб якунлаши насиҳат ва йўл-йўриқ кўрсатишнинг энг мукаммал кўринишидир. Яъни ҳар қандай ишни китобу суннатга қайтариш дунёда ҳам, охиратда ҳам энг яхши ва гўзал ечимдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг