Ҳомилани олдиришнинг ҳукми

0

Савол:

3 та фарзандимиз бор. Болаларим кичкина. Энг кичиги бир яримга кирган. Аёлим яна ҳомиладор бўлиб қолибди. Ҳомила бир ҳафталик бўлган. Дўхтирларни айтишича, аёлимнинг соғлиги яхшимаслиги учун туғмай тургани яхши экан. Шунинг учун биз ҳомилани дори билан тушириб юбормоқчимиз. Шундай қилишимиз жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Ҳомилани аборт қилдиришга оид ҳукмларни қуйидаги бандларда хулоса қилиш мумкин:

  1. Ҳомила қандай босқичда бўлишидан қатъий назар, фақат бирон шаръий сабабга кўра ва ўта тор доирадагина уни аборт қилдириш жоиздир.

  2. Агар ҳомила дастлабки босқич, яъни биринчи қирқ кун муддатида бўлса уни аборт қилдиришда бирон шаръий манфаат ёки бирон зарарни олдини олиш бўлсагина уни аборт қилдириш жоиздир. Бироқ бу муддатда бола тарбиясидаги машаққатдан ёки уларни боқиш ва ўқитиш харажатларини таъминлай олмасликдан чўчиб ёхуд эр-хотин мавжуд фарзандлари билан кифояланиб бошқа фарзанд кўришни хоҳламаганлиги боис ҳомилани аборт қилдириш жоиз эмас.

  3. Ҳомиланинг “лахта қон” ёки “бир парча гўшт”лик (яъни иккинчи ва учинчи қирқ кунлик) муддатида токи ишончли тиббий комиссия ҳомиланинг она қорнида давом этиши унинг соғлигига хавф туғдириши, охир-оқибат ҳаётдан кўз юмиш эҳтимоли бор эканини қарор қилмагунича ва бу хавф-хатарни олдини олиш учун барча имкониятлар тўла ишга солинмагунича уни аборт қилдириш жоиз эмас.

  4. Учинчи босқичдан ўтиб ҳомила тўрт ойга тўлгач, токи бир гуруҳ ишончли мутахассис табиблар ҳомиланинг она қорнида давом этиши онанинг вафот этишига сабаб бўлиши мумкинлигини қарор қилмагунча ва онасининг ҳаётига хавф туғдирмайдиган тарзда ҳомиланинг ҳаётини сақлаб қолиш йўлида барча куч ва имкониятлар ишга солинмагунча уни аборт қилдириш жоиз эмас. Бу шартлар асосида ҳомилани аборт қилдиришга рухсат берилганининг боиси, иккита зарарни таққослаб, улар иккисидан каттароғини кеткизиш ва икки манфаатни солиштириб улар иккисидан кўпроқ манфаатни сақлаб қолишдир.

Хулоса қилиб айтганда, иккинчи бандда келтирилган ҳукмларга кўра, сизларнинг ҳолатингизда ҳомилани олдириш жоиздир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг