Эй иймон келтирганлар (24): Душмандан огоҳлик ва уруш ҳолатида ақл билан иш юритишга чақириқ

0

Эй иймон келтирганлар, душмандан эҳтиёт чорангизни кўринг. Жангга гуруҳларга бўлиниб, бирин-кетин ёки ҳаммангиз жамланиб чиқинг” (Нисо, 71).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, билингки, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига саодат ва камолот, иззат ва шараф, ғолиблик ва ҳокимлик йўлини баён қилиш учун нидо қилади. Сабаби мўминлар Аллоҳнинг дўстлари, Аллоҳ эса уларнинг дўстидир. Шунинг учун нидодан кейин ё нажотга чорлайдиган ва бахт-саодатга йўллайдиган буйруқ, ё икки дунёда бахтсиз ва зиёнкор бўлиб қолишдан қайтариқ, ё эса мўминларни яхшиликларда бардавом бўлишга ва ёмонликлардан четланишга ундайдиган қўрқитувчи ва огоҳ этувчи хабарлар келади. Бунинг ҳеч ажабланарли ери йўқ, зеро дўст дўстининг нажотини, бахт-саодатини хоҳлайди. Тақводор мўминлар Аллоҳнинг дўстлари, Аллоҳ уларнинг дўстидир. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ мўминларни дўст тутади. Уларни зулматлардан нурга чиқаради” (Бақара, 257). Яъни Аллоҳ таоло мўминларнинг диллари покланиши учун, Парвардигорлари улардан рози бўлиб, орзуларига етказиши учун уларни ширк, куфр, нифоқ, гуноҳи кабиралар, уят сўзлар ва фаҳш ишлар зулматларидан чиқаради. Аллоҳ таоло деди: “Билингларки, Аллоҳнинг дўстлари учун охиратда ҳеч қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар”. Улар кимлар? “Улар Аллоҳга иймон келтирган ва тақво қилган кишилардир”. Орзуларининг рўёбга чиқиши ҳақида: “Улар учун дунёда уларни хурсанд қиладиган нарсалар башорати бор. Охиратда эса уларга жаннат башорати бор”, деди (Юнус, 62).

Аллоҳ таоло бу нидода мўмин бандаларига нима учун нидо қилаётганини биласизми? Уларни душмандан огоҳ бўлиш, душманга қарши эҳтиёт чораларини кўришга амр этмоқда.

Мусулмонларнинг душмани ким? Инсу жиндан иборат кофирларнинг бари душмандир. Мўминларга ёмонлик тилайдиган, уларнинг ҳалокатини, зиён кўришини, хор ва ночор бўлишини истаган кимса душмандир. Кофир, золим кимсагина буни хоҳлайди.

Ўз навбатида мўминлар душман макридан шариатда кўрсатилган йўллар билан сақланмоғи лозим. Шайтонбачча душмандан сақланишнинг шаръий йўлларидан бири Аллоҳ таолодан шайтон шарридан паноҳ тилашдир. Аллоҳ деди: “Агар шайтон сизнинг нафсингизга васваса солса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир” (Фуссилат, 36). Бу биринчидан.

Иккинчидан: Шайтони лаин сизни чақирган ва сизга безаб кўрсатган ёмонликка жавоб берманг, ундан юз ўгиринг.

Учинчидан: Имкон борича таҳоратли юринг.

Тўртинчидан: Уйингизда Қуръон тиловат қилинг, нафл намозлар ўқинг.

Бешинчидан: Уйингизни суратлардан ва хоссатан кофир ва бузуқ кимсалар расмларидан ҳамда куй ва қўшиқлардан тозаланг.

Шулар билан шайтон ва унинг гумашталаридан сақланилади.

Энди, инсонлардан бўлган душмандан сақланиш сабабларини баён қиламиз:

  • Кофир душманга ҳеч қачон ва асло яхши гумонда бўлмаслик.

  • Имкон қадар ҳарбий тайёргарлик кўриш. Аллоҳ деди: “Душманларингиз билан тўқнашиш учун имкон қадар қурол-яроғ билан жанг ҳозирлигини кўринг” (Анфол, 60).

  • Ҳарбий қўмондонликни ҳам баданий, ҳам ҳарбий билим ва иймон қувватига эга кишиларга топшириш.

  • Тўлиқ ҳарбий маҳоратга эга ва ақл билан иш қиладиган, ишончли, ҳикматли ва илмли кишиларнинг бўлиши.

  • Тинчлик вақтида бўладими, уруш ҳолатидами, баб-баробар, жангга ҳозирлик кўриш: “Душманларингиз билан тўқнашиш учун имкон қадар қурол-яроғ билан жанг ҳозирлигини кўринг” (Анфол, 60). Буни қуролли тинчлик дейилади.

  • Бирлик, ҳамжиҳатлик, сафлар бирлигини сақлаш. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига кўра ихтилоф ҳаромдир: “Ихтилоф қилманглар, акс ҳолда сўзларингиз бир-бирига тўғри келмайдиган, қалбларингиз фарқли бўлиб қолади” (Анфол, 46).

  • Аллоҳга ва Расулига умумий суратда итоат қилиш. Тинчлик пайтида ҳам, уруш ҳолатида ҳам буйруқларни бажариб, қайтарган ишлардан четланиш. Чунки гуноҳлар Аллоҳнинг азоби келишига сабаб бўлади. Гуноҳ туфайли душманга мағлуб бўлиб қолиш мумкин, Аллоҳ сақласин.

  • Душман ҳужум қилганда қуйидаги ишларни қилиш лозим:

Биринчи: Собит туриш ва чекинмаслик.

Иккинчи: Қалб ва тил билан Аллоҳни зикр қилиш. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, кофир жамоага тўқнашган пайтингизда сабот билан туринг ва улардан чекинманг. Аллоҳни кўп зикр қилинг! Шояд нажот ва зафарга эришсангиз. Барча ҳолатингизда Аллоҳ ва Расулига итоатни лозим тутинг! Ихтилоф қилманг, акс ҳолда сўзларингиз бир-бирига тўғри келмайдиган, қалбларингиз фарқли бўлиб қолади. Ўзингиз заифлашиб, куч-қувватингиз ва ғалабангиз қўлингиздан кетиб қолади. Душман билан тўқнашган пайтда сабр-матонатли бўлинглар! Аллоҳ таоло сабр қилувчилар билан биргадир” (Анфол, 45-46).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг