Умарга хотини гап қайтаргани ҳақидаги қисса тўғрими?

0

Савол:

Сўнгги даврларда интернетда тарқалган бир қисса ҳақида бизга маълумот берсангиз, Аллоҳ хайрингизни берсин!

Қиссада айтилишича, бир киши хотинидан норози бўлади. Сабаби, хотини унга овозини баланд кўтарар экан. Шу сабабдан у хотинидан шикоят қилиш учун Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳузурига боради. Етиб бориб, энди эшикни тақиллатмоқчи бўлиб турса ичкаридан Умарнинг хотини унга овозини баланд кўтараётганини эшитиб қолади. Сўнг ноумид бўлганича орқасига қайтади. Шу қисса саҳиҳми? Агар ҳақиқатан ҳам шу воқеа содир бўлган бўлса, бундан хотин киши эрига овозини баланд кўтариши жоизлиги келиб чиқадими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Биринчидан, мазкур қисса саҳиҳ эмас. Қиссада келишича, бир киши хотинидан шикоят қилиб Умарнинг уйига боради. Унинг уйига етиб келиб, эшик олдида кутиб турганда ичкаридан Умарнинг хотини унга овозини баланд кўтараётганини эшитади. Умар жим турар, хотинига ҳеч нарса демас эди. Шунда ҳалиги киши: «Агар Умарнинг ҳоли шу бўлса, менинг ҳолим нима бўларди?!» деб ортига қайтишга чоғланади. Уйидан чиққан Умар унинг қайтиб кетаётганини кўриб: «Менда нима ҳожатингиз бор эди?» дейди. Шунда у: «Эй амирул-мўъминин, мен ҳузурингизга хотинимнинг ёмон хулқидан шикоят қилиб келган эдим. Қарасам, сизнинг хотинингиз ҳам худди шундай экан. Шунинг учун, «Агар амирул-мўъмининнинг ҳоли шу бўлса, менинг ҳолим нима ҳам бўларди», деб орқага қайтиб кетаётган эдим», дейди. Умар айтади: «Хотинимнинг менинг устимда бир қанча ҳақлари борлиги сабабидан жим турдим. У менга овқат пишириб беради, нон ёпади, кийимларимни ювади, болаларимни эмизади. Ҳолбуки, бу ишлар унга вожиб эмас. Қолаверса, хотиним сабабли нафсим ҳаромдан тийилиб туради. Мана шу сабаблар учун унинг гапларига сабар қиламан». Шунда ҳалиги киши айтади: «Эй амирул-мўъминин, менинг ҳам хотиним шундай». «Ундай бўлса, сен ҳам сабр қил, хотиннинг аччиғи узоққа бормайди», дейди Умар.

Бу қиссани асли йўқ. Бу ҳақда гапирган бирон муҳаддис олимни билмаймиз. Мазкур қиссани шофеий фуқаҳоларидан Шайх Сулаймон ибн Муҳаммад ал-Бужайрамий «Шарҳи манҳаж»нинг ҳошиясида (3/441-442) келтирган. Шунингдек, ҳанафий фуқаҳолардан Абу Лайс ас-Самарқандий «Танбиҳул-ғофилин» (517) китобида, Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий «Аз-завожир» китобида келтирган. Лекин улар қиссанинг санадини айтмасдан, унинг заифлигига ишора қиладиган «айтилишича», «ривоят қилишларича» ва ҳоказо иборалар билан келтирганлар. Бу каби иборалар қиссанинг саҳиҳ эмаслигини англатади. Шунингдек, қуйидагилар ҳам унинг заифлигини кўрсатади:

Қисса Умар разияллоҳу анҳу одамлар ичида ҳайбатли инсон бўлганига зиддир. Одамлар у зотдан шунчалар ҳайбатлансалар-у, хотинлари ундан ҳайбатланмасликлари қизиқ. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: «Роппа-роса бир йил Умар разияллоҳу анҳудан бир оят ҳақида сўролмай юрдим. У кишидан ҳайбатланиб сўролмас эдим» (Бухорий, 4913; Муслим, 1479).

Амр ибн Маймун айтади: «Мен Умар разияллоҳу анҳу пичоқланган куни ўша ерда ҳозир бўлганман. Унинг ҳайбатидан биринчи сафда турмаган эдим. Жуда ҳам ҳайбатли инсон эди» («Ҳилят ал-авлиё», 4/151).

Умарнинг хотини унга овозини кўтариши, овози ҳатто кўчага эшитилиши, Умар эса жим туриши ақлга тўғри келмайдиган ишдир. Амирул-мўъмининдан шайтон ҳам қўрқар эди. Агар у бир йўлдан юрса, шайтон бошқа йўлга қараб кетар эди. Аёллар эрларига овозларини кўтаришлари салафлар даврида кузатилмаган ишдир.

Ундан ташқари, қиссадаги Умар разияллоҳу анҳуга нисбатан айтилган «У менга овқат пишириб беради, нон ёпади, кийимларимни ювади, болаларимни эмизади. Ҳолбуки, бу ишлар унга вожиб эмас» деган сўз нотўғридир. Чунки хотин кишининг эрига хизмат қилиши вожибдир. Айниқса, модомики хотин эрининг никоҳида экан, боласини эмизиши вожибдир.

Хулоса шуки, бу қиссанинг таги йўқ. Қиссанинг маъноси ҳам унинг мункар эканига ва саҳиҳ эмаслигига далолат қилиб турибди. Шунга биноан, бу қиссани аёллар эрларига овозларини кўтаришлари жоизлигига далил қилиб бўлмайди. Зеро, хотин киши эрига овозини кўтариши одобсизлик ва қўполликдир. Бу жоиз эмас.

Шайх Ибн Усайминдан хотин киши оилавий ишларда эрига овозини кўтаришининг ҳукми ҳақида сўралганда бундай жавоб қилган:

«Биз бундай хотинга овозингни эрингга кўтаришинг одобсизликдир деймиз. Чунки эр киши хотини устидан бошлиқ ва раҳбардир. Хотин раҳбарини ҳурмат қилмоғи ва унга одоб билан муомала қилмоғи лозим. Чунки гўзал муомала эр-хотин ўртасида меҳр-муҳаббатни пайдо қилиб, оиланинг узоқ давом этишига сабаб бўлади. Шунингдек, эр ҳам хотинига чиройли муомалада бўлмоғи керак. Чиройли муомала икки тарафдан ҳам талаб қилинган. Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингиз билан тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангиз ҳам (сабр қилиб яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни тақдир қилган бўлиши мумкин» (Нисо, 19). Бундай хотинларга насиҳатим Аллоҳдан қўрқсинлар. Овозларини эрларига баланд кўтармасинлар. Хусусан, эрлари уларга паст овозда хитоб қилиб, уларни ҳурмат-иззат қилар экан, улар ҳам шундай муомалада бўлсинлар» («Нурун алад-дарб» («Ал-мактаба аш-шомила» тартиби ила, 2/19) эшиттиришидан олинди). Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг