Эй иймон келтирганлар (25): Ҳар бир ишни аниқ далил-ҳужжат билан қилиш ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ йўлида жиҳод учун чиқсангиз, қиладиган ишларингизни аниқ далил-ҳужжат асосида қилинг. Дунё матосини қўлга киритиш илинжида, мусулмонлик белгиси кўриниб турган ва сизга қарши урушмаётган кишидан иймонни рад қилиб: “сен мўмин эмассан” деманг. Аллоҳ таолонинг ҳузурида сизларни беҳожат қиладиган фазлу марҳаматлар бор. Илгари ўзингиз ҳам иймонингизни яшириб юрган эдингиз. Аллоҳ марҳамат кўрсатиб, сизларни иймон ва куч-қудрат ила азиз қилди. Бас, ишларингизни ҳужжат ва билим асосида қилинг. Шубҳасиз, Аллоҳ барча ишлариниздан хабардор Зотдир” (Нисо, 94).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилар экан, уларни икки дунёда саодатга эриштирадиган амалларга буюриб, бахтсиз бўлиб қолишларига сабаб бўладиган ишлардан қайтаради. Бунинг сабаби уларнинг иймонларидир. Аллоҳга, қиёмат куни Унга йўлиқишга ва У иймон келтиришга буюрган барча нарсаларга иймон келтиришгани ҳамда буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан четланиш билан тақво қилишгани боис Аллоҳ уларни дўст тутди. Зеро шу ишларни бажариш билангина нафслар покланади. Аллоҳ тавба билан Унга қайтувчи ва ўзини пок тутувчи бандаларини яхши кўради.

Бандалар Аллоҳ қонун қилган шариатни чин дилдан рози бўлиб қабул қилишлари учун У уларнинг нафсларини поклайдиган ибодатларни жорий қилди. Аксинча, бандалар шариатни ёмон кўриб қолмаслиги учун уларнинг қалбини нопок бўлишидан сақлаш мақсадида айрим нарсаларни ҳаром қилди. Бу ҳаром нарсалар ақидага оид бўладими, ёки сўз ва амал бўладими, баб-баробар ҳаром қилиб, ундан қайтарди. Аллоҳнинг розилигига эриша олмаган нафсга жаннатга киришига ва Аллоҳнинг жамолига боқишига изн бермади. Бу ҳақиқатни англаб етиш учун ушбу оятларни ўқиб тааммул қилинг: “Нафсини иймон ва тақво билан поклаган киши нажот топди. Нафсини гуноҳу маъсиятларга кўмиб қўйган кимса эса зиёнкор бўлди” (Шамс, 9-10).

Шак-шубҳасиз, яхшилар, яъни мўминлар жаннат неъматларидадир ва фисқ-фужур қилувчи фожир кимсалар дўзахдадир” (Инфитор, 13-14).

Яхшилар – Аллоҳ ва Расулига итоат этган кишилар, булар жаннати инсонлардир. Жаннатда бўлишларининг сабаби яхши эканлари. Яхшилик дегани итоат демакдир.

Фожирларга эса фисқ-фужурлари, яъни қалблари нопок бўлгани сабаб Аллоҳ ва Расулига қилган маъсиятлари учун дўзах ҳозирлаб қўйилган. Нопок, бузуқ қалбни Аллоҳ ёмон кўради, ғазаб қилади. Кимни Аллоҳ ёмон кўрса, унга яхшилар диёри жаннатга киришни ҳаром қилади ва уни азоб ва ҳалокат макони бўлмиш дўзахга киритади, Аллоҳ сақласин.

Буни яхши англаб етган кишига Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини англаш қийин бўлмайди: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ йўлида жиҳод учун чиқсангиз”, яъни кофир душман билан жанг қилиш талабида сафарга чиқсангиз: “қиладиган ишларингизни аниқ далил-ҳужжат асосида қилинг”, аниқлаб, билиб иш қилинг, шошилманг: “мусулмонлик белгиси кўриниб турган ва сизга қарши урушмаётган кишидан иймонни рад қилиб” яъни сизга салом берган ёки шаҳодат калимасини айтиб Исломга кирган кишига: “Дунё матосини қўлга киритиш илинжида, “сен мўмин эмассан” деманг”, шундай деб ундаги мол-дунё, қўй-эчкиларни ўлжа қилиб олиш умидида уни ўлдирасиз, бундай қилманг, гарчи ғаниматга бўлган истагингиз нечоғли кучли бўлса-да қайта бундай қилманг: “Аллоҳ таолонинг ҳузурида сизларни беҳожат қиладиган фазлу марҳаматлар бор”, бир ғаниматгина эмас, Аллоҳнинг ҳузурида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматлар бор. Аллоҳни ғазаби эвазига эмас, балки Уни рози қилиб, бу неъматларни қўлга киритинг. Исломдан олдинги ҳолатингизни бир эсланг. Ўзингиз ҳам мана шу сиз ўлдирган киши каби эдингиз, шаҳодат калимасидан бошқа ҳеч нарсага эга эмасдингиз: “Илгари ўзингиз ҳам иймонингизни яшириб юрган эдингиз. Аллоҳ марҳамат кўрсатиб, сизларни иймон ва куч-қудрат ила азиз қилди” яъни Исломга ҳидоят қилиш, унинг қонун-қоидалари ва шариат аҳкомларини билиш неъматини сизга ато этди. Шундай экан: “аниқ далил-ҳужжат билан иш қилинг”, шундай ўринга тушиб қолсангиз, сўзингизу ишингизда Аллоҳдан қўрқиб иш қилинг, ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг тоатидан чиқманг: “Шубҳасиз, Аллоҳ барча ишлариниздан хабардор Зотдир”.

Бу оят муайян бир ҳодиса сабабли нозил қилинган бўлиб, қуйида бу қиссани сиз ўқувчиларга баён қиламиз. Ўтганлар ибрат олганидек, сиз ҳам бундан ибрат олинг, хулоса чиқаринг. Ҳар бир эшитган ва кўрган хабарингизни аниқланг, бирдан ҳукм қилиб юборманг, шунда ҳалокат ёқасига олиб келувчи хатолардан холи бўласиз.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан имом Бухорий мухтасар қилиб, имом Баззор узун ҳадис келтиришган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам орасида Миқдод ибн Асвад бўлган кичик бир қўшинни душманга қарши юбордилар. Улар душман бўлган ерга етиб боришганида, душман тарқалиб кетган, фақат кўпгина мол-дунёси бўлган бир киши кетмай қолган эди. У саҳобаларни кўрганида: “Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ”, деб гувоҳлик бераман, деди. Шунда Миқдод ибн Асвад бир ҳамла қилиб уни ўлдирди. Саҳобалардан бири: “Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ”, деб гувоҳлик берган кишини ўлдирасанми? Аллоҳ қасамки, буни албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтаман”, деди. Улар Расулуллоҳ ҳузурларига қайтишгач: “Эй Расулуллоҳ, бир киши “Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ”, деб гувоҳлик берса ҳам Миқдод уни ўлдирди”, деб айтдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Миқдодни менга чақиринг”, дедилар. Миқдодни чақиртириб келдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Миқдод, “Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ”, деган кишини ҳам ўлдирасанми? Эрта қиёматда қандай қиласан?!” дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ йўлида жиҳод учун чиқсангиз, қиладиган ишларингизни аниқ далил-ҳужжат асосида қилинг”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Миқдодга: “Бу киши мусулмон эди. Кофир қавм ичида иймонини яшириб юрарди. Иймонини ошкор қилганида сен уни ўлдирдинг. Ўзинг ҳам илгари Маккада иймонингни яшириб юрар эдинг-ку!” дедилар.

Сўзимнинг охирида шуни айтаман: Бу оят кишиларни тўғри йўлга бошлашда катта аҳамиятга эга. Негаки, у мўминлар сўзлаётган ёки эшитаётган ҳар қандай сўзни ва қилмоқчи бўлган ёки шоҳиди бўлаётган ҳар қандай ишни аниқлаб билиб, далил-ҳужжат билан қилишни фарз қилган. Токи ноҳақ сўзни айтмасин, нотўғри хабарни тарқатмасин, яхши бўлмаган ишга қўл урмасин ва кўрган-билган нарсасининг аниқ-ростлигига амин бўлмай туриб гувоҳлик бермасин. Акс ҳолда, ноҳақ қон тўкиш, ор-номусни поймол қилувчи миш-миш тарқатиш каби дўзахга тушишига сабаб бўладиган, жуда бўлмаганда солиҳлар изидан қолиб кетишига олиб борадиган хатога йўл қўйиш хавфи бор.

Эй мўминлар, аниқланг, аниқланг!

Ҳақ-ҳуқуқларни сақлаган кишини Аллоҳ асрайди, динига ёрдам берган бандасига Аллоҳ ёрдам беради.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг