Эй иймон келтирганлар (26): Адолат билан гувоҳлик бериш вожиблиги ва адолатдан тўсувчи ҳавойи нафсга эргашиш ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, ўзингиз ё ота-онангиз ё қариндош-уруғингиз зиёнига бўлса ҳам Аллоҳ учун гувоҳликни адо этиб, адолат билан турингиз! Гувоҳлик берилувчи бой бўладими, камбағалми, Аллоҳ таоло ҳар иккисига сизлардан кўра яқинроқдир. Шундай экан, ҳавойи нафс сизларни адолатни тарк қилишга олиб бормасин! Агар тилларингизни буриб, нотўғри гувоҳлик берсангиз ёки гувоҳликдан юз ўгирсангиз, албатта Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчи Зотдир” (Нисо, 135).

Шарҳ:

Қадрли ўқувчи, ушбу илоҳий нидо буюк аҳамиятга эгадир. Сабаби, у ҳукм чиқариш, гувоҳлик бериш, сўз, амал ва эътиқодда адолатли бўлишни вожиб қилган.

Икки киши ўртасида ажрим қилаётган қози адолат қилсин. Гувоҳлик бераётган одам адолат билан гувоҳлик берсин. Хабар етказувчи адолат билан хабар етказсин. Бирон ишга буюраётган киши адолат билан буюрсин. Зеро осмонлару ер адолат устига қурилган.

Бу оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилар экан: “Эй иймон келтирганлар, гувоҳликда адолат билан турингиз”, деб амр этди. Яъни одамлар орасида ҳукм қилаётганингизда адолат қилинг. “Аллоҳ учун гувоҳликни адо этиб”, гувоҳликни Аллоҳ учун бажаринг, чунки бандага гувоҳлик бериш Аллоҳга гувоҳлик бериш кабидир. Шундай бўлгач, адолатсизлик ва жавр қилмай одилона ҳукм қилинг, гарчи ўз зарарингизга бўлса ҳам, чунки сиз Аллоҳнинг қулисиз, бандасисиз. Ўзингизга зулм қилманг. Раббингиз сиз учун зулм бўлишига асло рози бўлмайди. Гувоҳликда адолат қилмай, жавр қилиб, гуноҳга қўл уриш ўзига зулм қилишдир. Гарчи гувоҳлик ўзингизга қарши, ота-онангиз, қариндош-уруғингиз зиёнига бўлса ҳам адолат қилинг. Бир ишни қилган бўлсангиз қилдим деб, қилмаган бўлсангиз қилмадим деб, ўз зиёнингизга бўлса-да, ёки ота-онам ё қариндошим шуни қилди, ё деди, ё олди, ё олмади деб, уларнинг зарарига бўлса-да, одилона гувоҳлик беринг. Ота-онага итоат этиш ва қариндошларга яхшилик қилиш вожиблиги уларнинг зиёнига бўлган гувоҳликни яширишга ёки адолат қилмай жавр қилган ҳолда уни ўзгартиришга олиб бормасин.

Гувоҳликни адо этаётганингизда камбағал ё бойнинг риоясини қилманг. Шунингдек, бегона ё таниш-билишни ҳам риоя қилманг. Бойдан бойлигини олиш ва камбағалга яхшилик қилиш хусусида Аллоҳ ҳар иккисига яқинроқдир. Шунинг учун сиз камбағалга камбағаллиги учунгина раҳм қилиб ён босманг ва бойнинг пулидан умидвор бўлиб, у томонга оғиб кетманг. Буни Аллоҳга қўйиб беринг, Аллоҳ бунга ҳақлироқдир.

Ҳукм қилиш ва гувоҳлик беришда адолат қилишга буюрганидан сўнг Аллоҳ таоло  мўминларни нафс-ҳавога эргашишдан қайтарди: “Нафс-ҳавога эргашиб кетманг”. Нафс-ҳаво дегани шайтон чиройли қилиб кўрсатган ҳою ҳавасларга эргашиб, шунинг кетидан юриб кетиш, шунга интилиб, хоҳлаб қолишдир, масалан: қилган ишларини одамлар эшитишини хоҳлаш, мол-дунё, обрў-эътибор ва турли лаззатларни исташ каби. Аллоҳ таоло мўмин бандалари ҳукм қилиш ва гувоҳлик беришда жавр қилмасликлари учун уларни нафс-ҳавога эргашишдан қайтарди.  Сўнг гувоҳликда тилни буриб, адолатсизлик қилишдан ва гувоҳликни яшириб, уни тўлиқ адо этмасликдан ёки ҳақиқатни юзага чиқариш ва ботилни фош этишга ёрдам берувчи айрим гувоҳликлардан юз ўгиришдан ҳам қайтарди. Аллоҳ таоло деди: “Агар тилларингизни буриб, нотўғри гувоҳлик берсангиз ёки гувоҳликдан юз ўгирсангиз, албатта Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчи Зотдир”. Яъни Аллоҳга сизнинг қилаётган ишларингиз яширин эмас. У энг махфий ишларингизгача билувчидир. Адолат қиласизми, жавр-ситам қиласизми, гувоҳликни тўлиқ адо этасизми ё айримидан юз ўгирасизми, ҳаммасидан хабардор. Шундай экан, ҳазир бўлинг, Аллоҳ сизнинг қилаётган амалингизни кузатиб турганини унутманг. Адолат қилсангиз Аллоҳ яхши мукофотлар беради, адолатсизлик қилсангиз азоблайди.

Оятни ушбу тариқада, яъни: “Албатта Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчи Зотдир”, деб тугатилиши нақадар гўзал бўлдики, сиз доим буни ёдда тутинг, асло унутманг. Бу эса Аллоҳнинг буйруқларини бажариш ва қайтарганидан қайтиш билан тақво ҳосил қилишда сизга ёрдам беради. Тақво билан камолотга ва саодатга эришасиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло ҳукмда адолатли бўлишга бундан бошқа оятларда ҳам амр этган: “Аллоҳ таоло сизни омонатларни ўз эгаларига адо қилишга ва одамлар ўртасида ҳукм қилган пайтингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради” (Нисо, 58).

Эй Пайғамбар, сиз яҳудлар орасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг хоҳиш ҳаволарига эргашманг” (Моида, 49).

Бундан ташқари, Аллоҳ гувоҳликни яширишдан ҳам қайтарган: “Гувоҳликни яширманг. Ким гувоҳликни яширса, у хиёнаткор ва бузуқ қалб эгасидир” (Бақара, 283).

Ҳукм қилиш ва гувоҳлик беришда жавр-зулмнинг ҳаромлигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари ҳам таъкидлайди. У зот: “Гуноҳларнинг энг катталари ҳақида сизларга хабар берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, хабар беринг эй Расулуллоҳ”, дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар-да, ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олиб: “Огоҳ бўлинг, ёлғон гувоҳлик бериш! Огоҳ бўлинг, ёлғон гувоҳлик бериш”, деб бир неча бор такрорладилар. Ҳатто ўша ерда бўлган саҳобалар: “Қанийди тўхтасалар”, деб қолишди (Бухорий, 5/261, Муслим, 2/81 ривояти). Яъни, тинмай такрорлашлари сабабли тоқатлари етмайдиган бирон амр нозил бўлишидан қўрқиб, тўхташларини хоҳлаб қолдилар.

Умматлари саодатли, баркамол бўлишини истовчи Расулимиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида умматга хабар ва таълим бериб: “Энг яхши гувоҳ гувоҳлик сўралмай туриб гувоҳликка ўтган кишидир”, дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра, энг ёмон гувоҳ гувоҳликни яширган ва бу билан мўмин биродарининг ҳаққи зое бўлишига сабаб бўлган киши экани келиб чиқади. Аллоҳ сақласин.

Ҳурматли ўқувчи, сўзимнинг охирида шуни эслатиб ўтмоқчиманки, бу нидо ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукм ва гувоҳликда адолат билан туриш шартлигини баён қилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа разияллоҳу анҳуни Хайбар яҳудийларидан закот учун олинадиган хурмолари ва ҳосилларини чамалаш учун юбордилар. Яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳага пора беришга ва шу билан уни ўзларига мойил ва хайрихоҳ қилишга уриндилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа разияллоҳу анҳу уларга: “Аллоҳга қасамки, мен сизнинг олдингизга мен учун энг суюкли бўлган киши ҳузуридан келдим. Сизларни эса маймун ва тўнғизлардан ҳам ёмон кўраман. Аммо Расулуллоҳни яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўлмайди”, деди. Яҳудийлар: “Осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам ўзи шу”, дедилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси Абдуллоҳ ибн Равоҳа разияллоҳу анҳунинг шу ҳолатга бўлган муносабатини бир фикрлаб кўринг. Ҳар бир мўмин бундай ҳолатда худди шундай бўлиши керак. Сизни дунё ҳаёти алдаб қўймасин. Бойликка учманг ё камбағалликдан қўрқманг, ҳар қандай ҳолатда ҳам пора олманг, ўзингизга ҳам бошқаларга ҳам жавр қилманг. Адолат билан ҳукм қилинг, гувоҳликда адолат билан туринг!

Парвардигор, бизларни Исломда яшатиб, мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин. Зеро, Сен оламлар Рабби ва тақводорлар дўстисан.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг