Тавҳид ақидаси: Саҳобалар ўртасида содир бўлган фитна ва жанглар хусусида аҳли сунна ва жамоанинг тутган йўли

0

Фитна сабаби:

Яҳудлар Исломга ва мусулмонларга қарши тил бириктиришди. Яманлик яҳудийлардан Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли маккор ва ифлос бир кимса ўзини мусулмон кўрсатиб, мусулмонлар ичида хулафои рошидинларнинг учинчиси Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳуга қарши кин-адоват заҳрини сочди, у ҳақида турли туҳматлар тарқатди. Унинг сўзларига алданган фикри тор, иймони заиф, фитнани яхши кўрадиган кимсалар унинг атрофида тўпландилар. Бу тил бириктирув рошид халифа Усмон разияллоҳу анҳунинг мазлум бўлиб ўлдирилишига олиб келди. Унинг ортидан мусулмонлар орасида ихтилоф келиб чиқди. Мазкур яҳудий ва унинг тобелари ташаббуси билан фитна авж олди ва охир-оқибат саҳобалар орасида уруш келиб чиқди.

Таҳовия шориҳи айтади: “Олимларнинг айтишларича, рофизийликни асл мақсади Ислом динини йўқ қилиш ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантириш бўлган зиндиқ мунофиқ келтириб чиқарган. Абдуллоҳ ибн Сабаъ ўзини мусулмон кўрсатиб, ўз макри ва ифлослиги билан худди Булис (Павел) насроний динини ўзгартириб юборгани каби Ислом динига путур етказишни истади. У ўзини ўта художўй қилиб кўрсатди, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш билан танилди. Охири бориб Усмон разияллоҳу анҳуга қарши фитна уюштириш ва уни ўлдириш ишига бош-қош бўлди. Кейин Кўфага келди ва ўзининг ғаразли мақсадларига эришиш учун Али разияллоҳу анҳу шахсини салкам илоҳийлаштириш ва унга мадад бериш даъвосини кўтариб чиқди. Унинг бу гап-сўзлари ва ҳаракатларидан хабар топган Али разияллоҳу анҳу уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Шунда у Қирқийсга қочиб кетди. Бу хабар тарихда машҳур[1]”.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Усмон разияллоҳу анҳу ўлдирилгач, қалблар тарқоқлиги юзага келди, қайғу-алам кучайди, ёмонлар ғолиб бўлиб, яхшилар хор бўлди. Фитна чиқаролмай юрганлар ҳаракатга тушди. Яхшилик ва ислоҳни яхши кўрадиган кишилар уни рўёбга чиқаришдан ожиз бўлиб қолдилар. Сўнг амирул мўъминин Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳуга байъат бердилар. Дарҳақиқат, у ўша пайтда халифаликка энг лойиқ ва тириклар ичида энг афзали эди.  Аммо қалблар тарқоқ, фитна олови ёқилган эди, сўзлар бир-бирига тўғри келмас, жамият издан чиққан, халифа ва яхши инсонлар ўзлари мақсад қилаётган барча яхшиликларга имкон топа олмас эди. Кўпчилик бўлиниш ва фитнага аралашиб кетди ва бўлар иш бўлди».[2]

Али ва Муовия разияллоҳу анҳумо ўртасидаги урушга аралашган саҳобаларнинг узрларини баён қилиб, яна шундай дейди: “Муовия Алига қарши урушга кирган пайтида халифалик даъво қилмаган ва унга халифа сифатида байъат берилмаган эди. У ўзини халифаман деб ё халифаликка ҳақлиман деб уришмаган эди. Ҳамма Алининг халифалигига иқрор эди, Муовиянинг ўзи ҳам бу ҳақда сўраганларга шундай жавоб берарди. Дастлаб Муовия ҳам, тарафдорлари ҳам Али ва унинг асҳоблари билан урушамиз деб ўйламаганлар. Бироқ Али разияллоҳу анҳу ва унинг асҳоблари бутун ислом уммати Алига итоат қилиши ва байъат бериши лозим, чунки мусулмонлар учун фақат битта халифа бўлиши керак, деган фикрда эдилар. Улар Муовия ва унинг тарафдорларини Али разияллоҳу анҳунинг итоатидан ташқарида ҳисоблаб, уларни ягона халифага итоат қилдириш ва жамоатни сақлаб қолишни ўз бурчлари деб билдилар, бу вазифани адо этиш мақсадида уларга қарши жанг қилиш фикрида якдил бўлдилар. Муовия ва унинг тарафдорлари эса, Алига итоат қилиш бизга вожиб эмас, агар бизга қарши уруш очилса, биз мазлум бўлиб урушга кирамиз, чунки Усмон мутлақо мазлум бўлиб ўлдирилди, унинг қотиллари Алининг қўшини ичида, улар шавкат ва қудрат соҳиби, агар биз тийилсак улар бизга ҳам зулм ва тажовуз қилишади, Али эса худди Усмонни ҳимоя қила олмаганидек бизни ҳам улардан ҳимоя қила олмайди, биз бизнинг ҳақимизда инсоф қилишга қодир бўлган халифага байъат қилишимиз лозим, дейишарди”[3].

 

[1] Ибн Абил Из, «Шарҳ ат-Таҳовия», Аҳмад Муҳаммад Шокир таҳқиқи, 502-бет.
[2] Мажмуъ ал-фатово, 25/304-305.
[3] Мажмуъ ал-фатово, 35/72.

Изоҳ қолдиринг