Эй иймон келтирганлар (27): Иймонда мустаҳкам туриш ва куфрдан ҳазир бўлиш вожиблиги

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга, пайғамбарига ва У пайғамбарига нозил қилган Қуръонга ҳамда илгари нозил қилган барча китобларга бўлган иймонингизда маҳкам бўлинг! Ким Аллоҳга, малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса, ҳақ йўлдан жуда ҳам узоқ адашиб кетибди” (Нисо, 136).

Шарҳ:

Хурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо раббим Аллоҳ, диним Ислом ва пайғамбарим Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам деб иймон келтирган ҳақиқий мўминларга тегишлидир. Аллоҳ уларнинг сифати бўлмиш иймон номи билан нидо қилди. Нидо қилганда ҳам мўминлар иймоннинг энг олий даражаси бўлган қатъий ишончга эга бўлишлари учун уларни иймонларида собит туришга, уни зиёда қилиш ва кучайтиришга буюрди.

Шунингдек, бу нидо тилида мусулмон, дилида кофир бўлган мунофиқларга ҳам тегишли. Нисо сураси нозил бўлган ўша пайтлар Мадинада мунофиқлар жуда кўп бўлган. Аллоҳ уларни ҳаққи-рост иймон келтиришга амр этди. Аллоҳга, Унинг пайғамбарига, Аллоҳга йўлиқишга, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга, охират кунига ва тақдирга иймон келтиришга буюрди. Чунки ботинда бўлмаган зоҳирдаги иймон куфр ва нифоқдир, яъни дилда эмас, фақат тилда бўлган иймон кофирлик ва мунофиқликдир.

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибонлигидан уларга иймон номи билан нидо қилди ва уларни иймонларида бардавом бўлишга амр этди. Зеро мўминлар иймонларида собит турсалар, икки дунёда ҳам нажот топиб, саодатга эришадилар.

Яна бу нидо айрим пайғамбарларга иймон келтириб, айримларига иймон келтирмаган яҳудийларга ҳам тегишлидир. Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Салом, Каъбнинг ўғиллари Асад ва Усайд, Саълаба ибн Қайс, Абдуллоҳ ибн Саломнинг жиянлари Салом ва Салама ҳамда Ёмин ибн Ёмин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, биз сизга ва Қуръонга, Мусога ва Тавротга иймон келтирамиз, лекин бундан бошқа китоблар ва пайғамбарларга иймон келтирмаймиз”, дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Йўқ, балки Аллоҳга, Унинг пайғамбари Муҳаммадга, Аллоҳнинг китоби Қуръонга ва илгари нозил қилинган барча китобларга иймон келтиринг!” деган эдилар, улар: “Йўқ, бундай қилмаймиз”, дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди ва кейин барчалари иймон келтирдилар. Уларга ва улар каби ҳақ даъватни қабул қилган барчага иймонлари муборак бўлсин.

Шундай қилиб, бу илоҳий нидо уч тоифа кишиларга тегишли экани маълум бўлди:

Биринчи тоифа: Ҳақиқий мусулмонлар. Булар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматидан бўлган иймон, ислом ва эҳсон аҳлидир.

Иккинчи тоифа: Зоҳирда мусулмонликни даъво қилган, ичи кофир бўлган кимсалар. Улар мунофиқлардир. Мунофиқлар инқирозга юз тутдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида Мадинада деярли мунофиқ қолмаган эди. Кўплари иймон келтириб, Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлди ва яна қанчалари мунофиқ ҳолида ўлиб, жаҳаннам оташига равона бўлди.

Учинчи тоифа: Мадинада бўлган айрим яҳудийлар. Улар ҳақида оят нозил қилингани, улар кимлар ва нима сабабдан оят нозил бўлгани ҳақида сўз юқорида ўтди.

Қуръоннинг мўжизалиги ва балоғатига қаранг, “иймон келтирдилар” ибораси уч тоифага тегишли бўлди. Шунинг учун ҳам, Қуръон бир неча талқинни қабул қилувчи, деб айтилган.

Аллоҳ таолонинг: “У пайғамбарига нозил қилган китобга”, деган сўзларига келсак, китобдан мурод Қуръон, пайғамбар эса Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Энди “нозил қилган” калимасига бир оз тўхталайлик. Қуръонда бу маънони ифода этувчи сўз баъзан “анзала” ва баъзан “наззала” феъли билан келтирилган. Бир мартада ҳаммасини тўлиғича туширган бўлса “анзала” феъли билан, бўлиб-бўлиб индирган бўлса “наззала” феъли билан келган. Бу оятда “нозил қилган”, деб таржима қилганимиз калима араб тилидаги “наззала” феълидир. “З” ҳарфини ташдидли (иккита) қилинган “наззала” феъли билан келтирилиш сири, Қуръон яхлит китоб шаклида нозил қилинмаган, балки йигирма уч йил мобайнида бўлиб-бўлиб, ҳолат тақозосига кўра нозил қилинган. Аммо, “илгари нозил қилган барча китобларга” сўзида “анзала” феъли билан келтирилган. Бунинг сири, Қуръондан олдин нозил қилинган илоҳий китоблар бўлмиш Таврот, Забур ва Инжил бўлиб-бўлиб эмас, балки бир бутун, яхлит ҳолда туширилган. Қуръон эса, воқеа ва ҳодисалар ҳамда даъват эҳтиёжига қараб, йигирма уч йил атрофида нозил бўлган.

Китоб сўзининг “ал” артикл билан “ал-китоб” шаклида келтирилгани кўпликка далолат қилади, худди “ал-инсон” калимаси саноғини Аллоҳгина биладиган инсон зотига далолат қилганига ўхшаш.

Бу нидодаги Аллоҳ таолонинг: “Ким Аллоҳга, малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса” деган сўзи Бақара сурасидаги оятда келган олти иймон арконларини ўз ичига олган бўлиб, фақат Қамар сурасида келган қазои-қадар, яъни тақдирга иймон келтириш рукни бу оятда зикри келмаган.

Билишимиз зарурки, ушбу олти иймон арконларидан бирига ва ҳатто бир рукннинг қайсидир қисмига иймон келтирмаслик кофир бўлишга олиб боради. Масалан, пайғамбарларга иймон келтирса, фақат биттасига иймон келтирмаса ҳам кофир бўлади. Китоблар ҳақида ҳам шундай, нозил қилинган барча китобларга иймон келтириб, битта китобга, битта китобни қўйинг, бир дона оятга иймон келтирмаса ҳам кофир бўлади.

Аллоҳ таолонинг: “ҳақ йўлдан жуда ҳам узоқ адашиб кетибди” сўзи маъноси шуки, дунё ва охират саодатига элтувчи ҳидоят йўлидан адашиб кетибди, адашганда ҳам жуда узоқ адашибди.

Бу нидодаги мана шу жумлада ҳидоятдан узоқ адашиб кетганларга қаттиқ таҳдид бор. Чунки адашиши узоқ бўлмаган кишидан фарқли ўлароқ, жуда узоқ адашган кимсанинг ҳидоятга қайтиши амри маҳолдир. Озроқ адашган кишининг ҳидоятга қайтишини ва нажот топиб, жаннатга киришини умид қилса бўлади. Узоқ адашишнинг сабаби иймондан сўнг кофир бўлишдир, бунинг иши оғир. Аммо аввалдан иймони бўлмаган ва  ота-онасидан тортиб кофир бўлиб келаётган кишининг адашиши узоқ бўлмаган адашиш бўлиб, бундай кофир даъват ва иршод етиши билан иймонга келиши, мусулмон бўлиб нажот топиши мумкин. Буни доим ёдда тутинг ва тааммул қилинг. Аллоҳ ҳаққа муваффақ этсин.

Изоҳ қолдиринг