Маййитга атаб маросим қилиш ва унда қатнашиш ҳукми

0

Савол:

Биз томонларда жаноза куни, шунингдек, маййит вафотидан уч кун ўтиб худойи – эҳсон қилинади. Ундан ташқари маййит учун етти, йигирма, қирқ ва йил каби маъракалар қилинади. Шундай маъракалар қилиш, уларга бориш ва шу муносабат билан тайёрланган таомларни ейиш ҳукми нима?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Биринчидан:

Қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва ёру биродарлар маййит чиққан хонадонга таом пишириб чиқаришлари суннатдир. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадислар келган. У зотга амакиларининг ўғли Жаъфар ибн Абу Толибнинг Мўъта ғазотида ўлганлиги хабари етганда: «Жаъфар оиласига таом пишириб чиқаринглар. Чунки улар мусибат билан овора бўлиб овқат пиширадиган ҳолатда эмаслар», дедилар (Термизий (998), Абу Довуд (3132), Ибн Можа (1610) ривояти. Термизий, Ибн Касир ва Албоний ҳасан дейишган).

Имом Шофеий айтади: «Маййит ўлган кун ва кечаси хонадон аҳлига қўни-қўшнилар овқат чиқаришларини маъқул кўраман. Чунки бу суннат ва олийжаноб хислат бўлиб, бизлардан аввалги ва кейинги фозил кишиларнинг амалларидандир» («Ал-умм», 1/317).

Ибн Қудома айтади: «Маййит чиққан хонадонга ёрдам бериш, кўнгилларини кўтариш учун таом пишириб киритиш мустаҳабдир. Чунки улар бошларига тушган мусибат ва таъзияга келган кишилар билан овора бўлиб овқат қилишга имконлари бўлмайди» («Ал-муғний, 3/496).

Иккинчидан:

Аксар уламолар маййит аҳли таъзияга келган одамларга таом беришларини макруҳ санаганлар. Хоҳ жаноза куни, хоҳ тўртинчи кун, хоҳ еттинчи кун, хоҳ йигирманчи кун, хоҳ қирқинчи кун, хоҳ йилида бўладими, қайси кунда бўлмасин, маййит хонадони одамларга таом  тақдим этиши асоссиз амалдир.

Ҳанафий мазҳаби олими Ибн ал-Ҳумом айтади: «Маййит аҳли келганлар учун зиёфат бериши макруҳдир. Чунки зиёфат хурсандчилик муносабати билан берилади, хафачилик учун эмас. Бу хунук бидъатдир» («Фатҳул-қадир», 2/142).

Моликий мазҳаби олими ал-Ҳаттоб айтади: «Маййит аҳли таом таёрлаб, одамларни чақиришларини кўпчилик уламолар макруҳ билиб, бидъатлар қаторига қўшганлар. Чунки бу ҳақда шариатда ҳеч қандай ҳужжат келмаган. Бу тўй-базм ўрни ҳам эмас» («Мавоҳиб ал-жалил фи шарҳи мухтасари Халил», 2/228).

Шофеий мазҳаби олими Имом Нававий айтади: «Маййит  аҳли таом пишириб одамларни чақиришлари ҳақида бирон далил келмаган. Бу бидъат амалдир» («Равзат ат-толибин», 2/145).

Ҳанбалий мазҳаби олими Ибн Қудома айтади: «Маййит аҳлининг одамларга таом бериши макруҳ амал. Чунки бу мусибат устига мусибат, ғам устига ғам ва жоҳилият аҳлига ўзни ўхшатиш демакдир» («Ал-муғний», 3/497).

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Маййит аҳли таом пишириб одамларни чақиришлари шариат рухсат бермаган ножоиз амал, бидъатдир. Дарҳақиқат, Жарир ибн Абдуллоҳ бундай деган: «Маййит чиққан хонадонга йиғилишни ва хонадон аҳли келганларга таом беришини (ҳадисларда қайтарилган) ўликка овоз чиқариб йиғлаш ҳукмида кўрар эдик. Аслида маййит аҳлига таом пишириб чиқариш мустаҳаб саналади» («Мажмуъ ал-фатово», 24/316).

«Доимий фатво қўмитаси» фатвосида (9/145) бундай дейилган: «Маййит аҳли одамларга таом таёрлашлари ва бунинг одат тусига кириб кетиши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан  ҳам, хулофои рошидинлардан ҳам билинмаган ва эшитилмаган ҳолатдир. Балки бу бидъат бўлиб, уни тарк этмоқ керак. Чунки бу иш маййит аҳлига ташвишни кўпайтириш, жоҳилият аҳлига ўзни ўхшатиш ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидан, хулофои рошидинлар тутган йўлдан юз ўгириш сирасига кириб қолади…

Ҳозирги даврда азадор хонадонлар қилаётган худойи ёки қирқ каби маъракалар шариатда йўқ ишлардир. Агар маййит номидан одамларга эҳсон қилишни истасалар, ҳозирда одат тусига кирганидек, муайян кунларни тайинламасдан қилсинлар. Шунингдек, таом ўрнига камбағалларга пул тарқатсалар янада яхшироқ бўлади. Чунки шундай қилишлари риёдан узоқ, фақирлар учун манфаатлироқ ва ғайридинларга ўзни ўхшатишдан йироқроқ бўлади» («Доимий фатво қўмитаси» фатволари, 9/149).

Бу амалнинг макруҳ эканига тўрт мазҳаб уламолари иттифоқ қилганлар. Юқорида ҳар бир мазҳабнинг сўзини келтириб ўтдик. Баъзи уламолар бу амални ҳаром деб билганлар.

Жумладан, Ибн Муфлиҳ айтади: «Баъзи олимларнинг айтишича, бу иш ҳаромдир. Имом Аҳмад бу амални макруҳ билиб, «Бу иш менга ёқмайди», деган. Жаъфар нақл қилишича, Имом Аҳмад бу ишга рухсат бермаган. Маррузий нақл қилишича, бу иш жоҳилият ишларидан бўлиб, Имом Аҳмад уни жуда қаттиқ инкор этган экан» (Ал-фуруъ», 3/408).

Бундай эҳсонларга сарфланган мол етим-есирларнинг ҳаққидан кетган бўлса, уни ҳаром дейиш тўғрироқ бўлади.

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх бундай дейди: «Фуқаҳолар очиқча айтишларича, маййит аҳли одамларга таом тайёрлаши макруҳ бўлиб, бу иш тақиқланган мотам таоми саналади. Агар таом маййитдан қолган молдан тайёрланган, меросхўрлар ичида етимлар ёки узоқ ўлкада экани сабабли розилигини олиш имконсиз кишилар ёки бу молдан эҳсон қилинишига норози кишилар бўлса, у ҳолда бу ишни қилиш ҳаром бўлиб қолади. Чунки бу бировнинг молини рухсатисиз сарфлаш деганидир» («Шайх Муҳаммад ибн Иброҳимга оид фатво ва рисолалар», 3/232).

 Шайх Муҳаммад Мухтор Шинқитий айтади: «Маййит аҳлини таъзия учун келганларга таом тайёрлашга ундаш суннатга хилофдир. Балки бу иш бидъатга яқинроқдир. Баъзи нодонлар қилганидек, таомга етим-есирлар ва вояга етмаганларнинг молларидан сарфланадиган бўлса, у ҳолда ҳаромга айланади. Бундайлар маййитдан қолган мерос молидан биринчи навбатда шу ишни қиладилар. Ҳолбуки, меросхўрлар ичида етимлар ва бевалар мавжуд бўлади. Мерос молидан келганларга жой ва таом ҳозирлаш учун катта-катта маблағларни ишлатиб юборадилар. Четдан қараган киши тўйга тайёргарлик бўляпти деб ўйлайди.  Бу билан маййит аҳлига зарар келтирадилар. Бу тарзда одамларга эҳсон қилиш етимлар молини ноҳақ йўл билан ейиш бўлиб қолади. Аллоҳ таоло бундай кимсаларни қуйидагича таърифлайди:

«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар қоринларини оловга тўлдирган бўлурлар ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо,10). Аллоҳнинг ўзи бундай ишлардан саломат қилсин!» («Зодул-мустақнеъ» шарҳи, 15/86).

Яна шайх бундай дейди: «Хонадон аҳли маййит номидан садақа деб одамларга таом бериш каби бугунги кунда баъзи одамлар мубтало бўлган ишларга келсак, уламолар бундай амалларни ношаръий деганлар. Агар бу таом етимларнинг молидан тайёрланган бўлса, ҳаромлиги янада ошади. Молни шу ишга сарфлаган етимнинг валийси молга кафил бўлади. Чунки етимлар бу таомга жавобгар эмаслар. Уларнинг молини шариатда жоиз бўлмаган бундай ишларга сарфлаш жоиз эмас. Шунинг учун молни сарфлаган одам молни жойига қайтариши вожиб бўлади» («Зодул-мустақнеъ» шарҳи, 17/86).

Учинчидан:

Бу амалнинг макруҳлигидан баъзи ҳолатлар мустасно бўлади. Масалан, маййит хонадонига меҳмон келиб қолса, аза учун эмас, балки меҳмонга ҳурмат-икром кўрсатиш мақсадида таом берсалар жоиздир.

Ибн Қудома айтади: «Агар таом пиширишга эҳтиёж туғилса жоиз. Чунки жанозага узоқ шаҳар ва қишлоқлардан одамлар келиши мумкин. Гоҳида улар маййит аҳлининг уйларида тунаб қолишларига ҳам тўғри келади. Шунинг учун уларни меҳмон қилсалар зарари йўқ» («Ал-муғний», 3/497).

Шайх Ибн Боз бундай дейди: «Агар маййит аҳлининг хонадонига аза вақтида меҳмон келиб қолгудай бўлса, меҳмонга ҳурмат кўрсатиш юзасидан уларга таом таёрласалар бўлади. Шунингдек, маййит аҳлига берилган таомга қўни-қўшниларни чақириб бирга баҳам кўришлари ҳам дуруст ва бунинг ҳеч қандай маҳруҳлик жойи йўқ». («Шайх Абдулазиз ибн Боз фатволари», 9/325).

«Доимий фатво қўмитаси»нинг фатволарида бундай дейилади: «Маййит аҳли одамларга таом беришлари суннатга хилоф бўлган хунук амалдир. Узоқдан келган меҳмонлар учун таом ҳозирлаш мустасно бўлиб, бунинг зарари йўқдир».

Шайх Муҳаммад Мухтор Шинқитий бундай дейди: «Шу ўринда кўп учрайдиган бир масала бор. Маййит аҳлининг хонадонига меҳмон келиб қолгудай бўлса, унга иззат-икром кўрсатилиб, таом берилаверади. Айниқса, меҳмон қариндошлардан бўлса, амакиваччалар ёки жиянлар ва ҳоказо қариндошлар олис ерлардан келган бўлсалар, уларни меҳмон қилиш вожиб бўлади. Шу сабабдан жаноза учун ёки маййит номидан садақа қилиш мақсадида эмас, балки меҳмонлар учун қўй сўйиб зиёфат берса, жоиздир. Чунки бу ишнинг азага алоқаси йўқ, азага оид ишлардан саналмайди. Балки бу иш меҳмонни икром қилиш бобидандир. Аллоҳ таоло ва Расули меҳмонни ҳурмат қилишга чақирганлар. Шу жиҳатдан аза ҳолатида ҳам меҳмон келиб қолса, унга ҳурмат-икром кўрсатилаверади» («Зодул-мустақнеъ» шарҳи, 15/86).

Тўртинчидан:

Маййит аҳли таъзия учун келганларга таом беришлари макруҳ бўлганидек, одамлар аза учун таёрланган таомдан ейишлари ҳам макруҳдир. Агар таом етим-есирларнинг молидан тайёрланган бўлса, у ҳолда ундан ейишлари ҳаром бўлиб қолади.

Баҳутий айтади: «Ундай таомдан ейиш макруҳ ҳисобланади. Агар маййит қолдириб кетган молдан таёрланган бўлса, меросхўрлар ичида маҳжур (вояга етмаганлиги ёки ақли заифлиги ёки бошқа сабабларга кўра молини тасарруф этишдан ман этилган) ёки бу молдан харажат қилишга изн бермаган киши бўлса, у ҳолда бу молдан таомга сарфлаш ҳам, таомдан ейиш ҳам ҳаром бўлади. Чунки бу маҳжурнинг молини ёки бировнинг молини рухсатисиз ишлатишга киради» («Кашшоф ал-қинаъ», 2/149).

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий бундай дейди: «Маййит аҳлининг таом тайёрлаб, унга одамларни чақириш одати, шунингдек, одамларнинг бу таомга келишлари макруҳ ва бидъатдир («Туҳфатул-муҳтож», 3/207).

«Ал-фавокиҳ ад-давоний»да (1/285) бундай дейилади: «Бундай таомдан биров ейиши мумкин эмас. Таомга харажат қилган меросхўрнинг балоғат ёшига етган ақли расо бўлиши бундан мустасно бўлиб, у тайёрлаган таомни ейиш жоиздир».

«Ал-Мавсуъа-ал-фиқҳийя»да (16/44) бундай дейилади: «Фуқаҳолар маййит аҳли зиёфат бериши макруҳ эканига иттифоқ қилганлар. Чунки зиёфат хурсандчилик учун уюштирилади, хафачилик учун эмас. Ҳанбалийлар маййит аҳли берган таомдан ейишни очиқдан-очиқ макруҳ санаганлар. Агар таом маййит қолдириб кетган молдан тайёрланиб, меросхўрлар ичида маҳжур бўлса, у ҳолда бу таомни тайёрлаш ҳам, ундан ейиш ҳам ҳаром бўлиб қолади. Ҳанбалий ва шофеий мазҳаби уламолари гўяндалар учун таом ҳозирлашни ҳаром дейдилар. Чунки бу иш гуноҳга ёрдам бериш қабилидандир. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса маълум кунларда, масалан, биринчи ёки учинчи ёки еттинчи куни таом беришга одатланишни макруҳ дейдилар».

Хулоса шуки, маййит аҳли таъзия учун келганларга таом беришлари макруҳдир. Шунингдек, келганлар ҳам бу таомдан ейишлари макруҳ саналади. Борди-ю, таом етим-есирлар ёки вояга етмаган меросхўрлар молидан таёрланган бўлса, у ҳолда ундан ейиш ҳаромга айланади.

Юқорида маййит аҳли тайёрлаган таомдан ейиш макруҳ ёки ҳаром дегани бу таом худди ўлимтик каби ҳаромдир, уни асло ейиш жоиз эмас, дегани эмас. Модомики шундай таом тайёрланган бўлса, ундан тановул қилиш ёки муҳтожларга садақа қилиб юбориш жоиздир. Чунки таомнинг ўзида ҳеч гап йўқ. Балки бидъат амал учун тайёрлангани сабабли макруҳ дейилган, холос. Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг