Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Раҳмон ва Раҳим исмларининг маъноси

0

Аллоҳ таолонинг Раҳмон исми Қуръони Каримда эллик етти марта (57), Раҳим исми эса бир юз ўн тўрт (114) марта зикр қилинган.

Аллоҳ таолонинг Раҳмон ва Раҳим исмлари “раҳмат” сўзидан олинган бўлиб, Раҳмон меҳрибонлик сифатига эга, Раҳим эса раҳматини ҳеч кимдан дариғ тутмайдиган, меҳрибонлиги учун бандаларига раҳм қиладиган зот маъносини ифодалайди.

 Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Аллоҳ таолонинг исмлари икки турли: инсонларга қўйилиши мумкин бўлмаган, фақат Аллоҳ таолога хос исмлар ва инсонларга қўйилиши мумкин бўлган исмлардир. Инсонлар раҳим деб номланиши мумкин, лекин раҳмон деб номланиши мумкин эмас.

Аллоҳ таоло меҳрибон зот, Унинг меҳрибонлик сифатини ҳеч ким инкор қила олмайди. У зот меҳрибонлиги учун инсонларга пайғамбарлар юборди, илоҳий китоблар нозил қилиб, уларга ҳидоят йўлларини ёритиб берди. Шунинг учун Нуҳ алайҳиссалом қавмига: “Эй қавмим,  хабар берингиз-чи,  агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот менга Ўз даргоҳидан раҳмат — пайғамбарликни ато этган бўлса-ю,  аммо бу сизларга махфий бўлса,  биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда (иймон келтиришга) мажбур қиламизми?! (Йўқ,  ундай қилмаймиз,  чунки фақат ўз ихтиёрларингиз билан келтирган иймонларингизгина мақбулдир)” (Ҳуд: 28) – дея, Аллоҳ таоло ато этган пайғамбарлик неъматини раҳмат деб атади.  Шунингдек, Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга: “Биз сизга Қуръонни ҳамма нарсани баён қилувчи, ҳидоят ва раҳмат қилиб нозил қилдик” (Наҳл: 89) – дер экан, Қуръонни раҳмат дея сифатланади.

У зот меҳрибонлиги учун бизга ўзини танитди, бизга ўзининг гўзал исмлари ва сифатларини баён қилиб берди.

У зот меҳрибонлиги учун инсондек кичик бир мавжудот учун Қуёш, Ой ва юлдузларни яратиб, улар дам олишлари учун кеча ва кундузни пайдо қилди. Бир ўйлаб кўринг, агар Қуёш бўлмаса ва биз бир умр қоронғуликда ҳаёт кечирсак ёки Қуёш ботмаса-ю, бир умр ёруғда яшасак ёки юлдузлар бўлмаса-ю, кечаси юрганимизда йўлимизни топа олмасак, ҳолимиз не кечар эди?!

У зот меҳрибонлиги учун осмондан ёмғирлар ёғдирди, инсонларга озуқа бўлсин дея ердан турли хил мева ва ўсимликлар чиқарди.

У зот меҳрибонлиги учун от, туя каби ҳайвонларни бизга бўйсундириб қўйди. Акс ҳолда, биз от ва туяларни мина олмас, қўю молларни соғиб, сутини ича олмас эдик.

У зот меҳрибонлиги учун бандаларини, ҳатто ҳайвонларни ҳам меҳрибон қилиб яратди. Агар инсонлар бир-бирларига раҳм-шафқат қилишмаса, яшагандан кўра ўлган афзал бўлиб қолар эди.

У зот меҳрибонлиги учун бандаларини бир-бирига муҳтож қилиб, бирини бой, бирини камбағал, бирини ҳунарманд, бошқасини тижоратчи қилиб қўйди. Агар ҳаммани бир хил қилиб қўйганида одамлар бир-бирлари билан мутлақо алоқа қилмай қўйишар эди.

Аллоҳ таолонинг раҳмати жуда ҳам кенг. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим эса барча нарсани қамраб олган” (Аъроф: 156) ва “(Эй Муҳаммад), ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта (агар бандаси тавба қилса) Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта У Кечиримли ва Раҳмлидир” (Зумар: 53) – дейди. Шунинг учун аршни кўтариб турган фаришталар: “Раббимиз, Сенинг раҳматинг ва илминг ҳамма нарсани қамраб олган” – (Ғофир: 7) дейишган. Аллоҳ таоло мўмину кофир, солиҳу фосиқ барчага раҳм қилган бўлсада, У зотнинг мўминларга хос алоҳида раҳмати бор. Бу меҳрибончиликдан фақат мўмин бандалар фойдалана оладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Мен раҳматимни тақво қилган, закотни берган ва бизнинг оятларимизга иймон келтирганларга бераман” (Аъроф: 156).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг раҳмати қанчалик кенг эканини баён қилиб шундай деганлар: “Агар мўминлар Аллоҳнинг ҳузуридаги азобни билганларида ҳамма жаннатга киришдан умидини узган бўларди. Агар кофирлар Аллоҳнинг раҳматини билишганида  ҳамма жаннатга киришга умидвор бўларди” (Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Лекин Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. У зот инсонларга ўз оналаридан ҳам меҳрибон. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига асирлар олиб келинди. Уларнинг ичида бир аёл йўқолган боласини излар эди. Ваниҳоят, аёл боласини топиб, бағрига босди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Нима деб ўйлайсизлар, шу аёл ўз фарзандини ўтга ташлайдими?” – дедилар. Саҳобалар: “Йўқ, Аллоҳга қасам, боласи ўтга тушмаслиги учун бор имкониятини ишга солади” – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бандаларига бу аёл ўз фарзандига меҳрибонлигидан ҳам меҳрибонроқ” – дедилар.

Меҳрибонлик бандаларда ҳам мақтовга сазовор сифат ҳисобланади. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ҳам “раҳмат пайғамбари” дейилганлар. Шунингдек, у зот Абу Бакр розияллоҳу анҳуни мақтаб: “Бу умматга умматимдаги энг меҳрибон киши – Абу Бакр”, – деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари меҳрибонлик қанчалик яхши сифат эканини бизга янада таъкидлайди: “Аллоҳ таоло меҳрибон бандаларигагина раҳм қилади” (саҳиҳ), “Бандаларга раҳм қилмаган кишига Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилмайди”(саҳиҳ).

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, агар Аллоҳ таоло раҳм қилмаса ҳеч ким жаннатга кира олмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч ким Аллоҳнинг раҳматисиз, қилган амали билан жаннатга кира олмайди” – деганлар. Албатта бу ҳадисда юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳнинг мўминларга хос раҳмати назарда тутилган. Ўз-ўзидан Аллоҳ таолонинг бу раҳматига қандай эришилади, деган савол туғилади. Аллоҳ таоло бу саволга Қуръонда бир неча ўринларда жавоб берган:

  • Аллоҳ ва Расулига итоат қилинглар, шояд, сизлар Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз” (Оли Имрон: 132);

  • Мана бу – биз нозил қилган муборак китоб. Унга эргашинглар ва тақво қилинглар, шояд раҳматга эришсангизлар” (Анъом: 155);

  • Намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва Расулуллоҳга итоат қилинглар, шояд раҳматга эришсангизлар” (Нур: 56);

  • Албатта Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф: 56).

Аллоҳ таоло барчамизга ўзи раҳм қилсин, охиратда мўминларга хос раҳматидан ўзи баҳраманд қилсин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг